Линклар

logo-print

Ўзбекистон - иқтисодий эркинликлар бостирилган юрт


Янги ҳисоботга кўра¸ Ўзбекистондаги иқтисодий эркинлик аҳволи ўтган йилгига нисбатан янада ëмонлашган.

Янги ҳисоботга кўра¸ Ўзбекистондаги иқтисодий эркинлик аҳволи ўтган йилгига нисбатан янада ëмонлашган.

Heritage жамғармаси ва The Wall Street Journal нашрининг жаҳондаги иқтисодий эркинликлар вазиятига доир 20 январ куни эълон қилган янги ҳисоботига кўра ана шундай баҳо олган Ўзбекистон жаҳондаги 183 давлат орасида 158-ўринга қўйилди.

16 йилдан бери дунëдаги иқтисодий эркинликлар вазиятини мунтазам кузатиб¸ таҳлил қилиб ва баҳолаб келаëтган Heritage жамғармаси ва дунëдаги энг йирик иқтисодий нашр ҳисобланмиш The Wall Street Journal нинг бу йилги янги ҳисоботига кўра¸ Ҳонг-Конг ва Сингапур яна дунëда иқтисоди энг эркин давлатлар деб топилган. Мазкур ҳисоботнинг 16 йиллик тарихида биринчи ва иккинчилик айнан Ҳонг-Конг ва Сингапурда қолмоқда.

100 баллик шкала бўйича қайсики давлат 100 га яқин баҳо олса¸ бу ундаги иқтисодий эркинликлар даражасининг баландлигини англатади. Ҳонг-Конгдаги иқтисодий эркинлик вазиятига нуфузли иқтисодий таҳлилчилар томонидан қарийб 90 балл берилган бўлса¸ Сингапурга 86¸ учинчи ва тўртинчиликка қўйилган Австралия ва Янги Зеландияга 82 баллик баҳо қўйилган. Улардан кейинги ўринларга қўйилган Ирландия¸ Швейцария ва Канададан иборат биринчи еттилик дунëда иқтисодий эркинлик энг кўп таъминланган давлатлар деб тан олинган.

- Иқтисодий эркинлик инсонларнинг ўз меҳнати ва мулкини назорат қилишга имкон берувчи фундаментал ҳақдир. Иқтисодий жиҳатдан эркин жамиятларда одамлар меҳнат қилиш¸ ишлаб чиқариш¸ истеъмол қилиш ва ўзлари хоҳлаган соҳага хоҳлаганча сармоя ëтқизиш ҳаққига эгадирлар ва бу эркинлик давлат томонидан чекланмайди¸ аксинча ҳимоя қилинади. Иқтисоий жиҳатдан эркин жамиятларда¸ ҳукуматлар меҳнат¸ капитал ва товарларнинг эркин ҳаракатланувига имкон яратади¸ бу эркинликларни на чеклайди ва на уларга зўравонлик билан аралашади¸ аксинча бу эркинликларни сақлаб қолиш ва ҳимоялашни ўз зиммасига олади¸ дейилади ҳисоботнинг нега айнан иқтисодий эркинликни ўз тадқиқоти маркази қўйиб келаëтганини изоҳловчи қисмида.

У ëки бу давлатдаги иқтисодий эркинлик вазиятини тадқиқ қилар экан ҳисобот муаллифлари 10 та мезон бўйича иш кўрадилар ва ҳар бир мезон бўйича алоҳида олинган давлатдаги аҳволга 1-100 гача бўлган оралиқда алоҳида баҳо берадилар. Бу мезонлар эса¸ бизнес эркинлиги¸ савдо эркинлиги¸ пул эркинлиги¸ ҳукумат харажатлари¸ валюта эркинлиги¸ сармоя эркинлиги¸ мулк ҳуқуқи¸ коррупциядан озод бўлиш ҳаққи ва меҳнат эркинлигидан иборатдир.

Ана шу мезонлар бўйича 100 га яқин баҳо олган давлат¸ эркинликка максимум яқин ҳисобланса¸ 1 га яқини эркинликнинг йўқлигини англатади.

Мазкур мезонлар асосида Ўзбекистондаги вазиятни тадқиқ қилган Heritage жамғармаси ва The Wall Street Journal нашри таҳлилчилари Ўзбекистонни Сиерра-Леондан кейин¸ 158-ўринга қўйишган. Умимиятла Ўзбекистондаги иқтисодий эркинликлар аҳволига 47.5 балл қўйган мутахассислар¸ вазиятнинг ўтган йилга нисбатан 3 баллга ëмонлашганини қайд этишган.

Бундай баҳо билан Ўзбекистон ҳисоботнинг эркин¸ умимиятла эркин¸ ўртача эркин¸ умимиятла эркин эмас ва эркинликлар бостирилган деб аталган категорияларининг яна сўнггисига қўшилган.

Heritage жамғармаси ва The Wall Street Journal нашрининг Ўзбекистондаги иқтисодий эркинликлар вазиятига берган баҳосига 20 январ куни Озодлик суҳбатлашган айрим ўзбекистонликлар ҳам қўшилишларини билдирдилар ва бу вазиятга оид ўз кузатишларини илова қилдилар.

Талаба Аҳмаджон: 100 баллик система белгиланадиган бўлса¸ Ўзбекистонга тахминан 10 балл берган бўлардим. 10 балл беришимга етарли сабаблар топилади. Биринчи сабаб¸ Ўзбекистонда ишлаб чиқариш кам. Ўзбекистонда ишлаб чиқаришга бўлган тўсиқлар бор. Иқтисодий эркинликни чеклайдиган тўсиқлар бор. Ҳам қонуний¸ ҳам ноқонуний тўсиқлар бор. Айни пайтда Ўзбекистонда ишлаëтган энг катта ташкилотлар ҳам ўз ҳукуматларининг ҳимоясида Ўзбекистонда фаолият юритаяпти. Ҳаттоки Зарафшон Нюмонт деган катта корхона ҳам Ўзбекистонда ўз мулкини ҳимоя қила олмасдан чиқиб кетган. Чиқариб юборишган. Бунақа ҳаракатлардан кейин Ўзбекистонга инвестиция ëтқизиш камайиб кетади.

Ўзбекистоннинг ўзининг фуқаролари ҳам кўпинча солиқ тизимининг яхши эмаслигидан¸ Ўзбекистонда коррупция ривожланганлигидан азият чекади. Ўзларининг тижоратларини ривожлантира олмайди. Ўзбекистонда ҳозир фақат олди-сотди ривожланган. Давлат ташкилотларида одамлар яхши ойлик олмагандан кейин ҳамма ўзини савдога ураяпти. Савдога ураяпти дегани Ўзбекистонда иқтисодий эркинликлар жуда ҳам яхши дегани эмас. Савдога бор маблағини хавфга қўйиб бошлаяпти. Ë ҳаëт¸ ë мамот тарзида ўзларининг ишларини давом эттираяпти.

Валюта эркинлиги кейинги пайтларда жуда ечилиши қийин бўлган муаммо бўлиб кетган. Ўзбекистонда кўп ташкилотлар ўз фирмаларини ëпиб кетаяпти. Бунинг битта сабаби конвертациянинг йўқлиги. Бунга битта мисол қилиб Procter&Gamble ни айтиш мумкин. Ўзбекистондаги филиалини улар ўтган йил май ойларида ëпган эди. Сабаби конвертациянинг йўқлиги эди. Мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи қонун бўйича кафолатланган лекин қонунни бу ëқда ким эътиборга олади¸ қачонки ҳукуматнинг ўзи қонунни бузаëтган бўлса!

Самарқандда¸ масалан¸ қанча магазин сотиб олган одамлар жабр кўрди. Бузиб ташлади. Улардан ҳеч қанақа сўраб ўтирмади. Мулкдордан “Бу сеникими? Бузсам¸ нима қиласан? Қанча зарар кўрасан? Бу зарарни давлат тўлайди” деб сўраб ўтирмайди. Бунақа гаплар йўқ. Ўзбекистонда эркин бўлган соҳанинг ўзи йўқ. Хорижий давлатларнинг ўзларининг ҳимоясида ишлаëтган ташкилотлар бўлганлиги учун иқтисодий эркинликка 10 балл бердим. Ўзи 10 балл бериш ҳам арзимайди.


Наманганлик Аҳрор: Қийин унда ҳам. Четдан юк олиб келсангиз ҳам бизда растаможкалар қийин. Хуллас¸ милициялар¸ бошқалар текшириб нима қилади. Долясини бермасангиз¸ киргизмайди ака. Ўзбекистонда бизнес эркинлиги қийинда энди!.


Самарқандлик Усмон ака: Камчилик ҳамма соҳада ҳам бор энди. Оддий кичик тадбиркорлик борку¸ бир нарсани олиб-сотиб кун кўраман дейдиган бўлса¸ қўйишмайди. Таниш-билиши бўлса¸ ўша орқали ишини сал-пал юритиши мумкин. Бошқа соҳалар бўйича ҳам худди шундай. Яна қайси соҳани оламиз? Ўтган куни мен битта соҳа бўйича мурожаат қилган эдим. Пенсияга қўшилиши керак бўлган пулларнинг ярмини қўшаяпти. Кимга мурожаат қилиб¸ кимдан билишни билмаяпмиз. Оддий фуқароларнинг пенсия таъминоти бўйича гапириб келаяптиларку. Ноябр ойини яқинда тугатди. Ҳали декабр турибди. Мана январ ўтиб бораяпти. Мана шунақа муаммоларда. Муаммо ҳамма соҳа бўйича борда. Ривожланиб янгилик бўлишнинг ўрнига кундан кунга баттар бўлиб бораяпти. Бу аниқ¸ очиқ гап.


Фарғоналик фермер: Биринчи навбатда¸ президент давлат учун сотиладиган дон маҳсулотини 50 ка 50 деб чиқарган. Ҳозир фермерлардан 50 эмас¸ 68 фоизини олиб қолишаяпти. Мажбур қилиб олишади. Эркинлик йўқ. Мен ўша тўғрисида президентга икки марта хат ëздим. Керак бўлса кўрсатаман. Менга ерни 49 йилга бериб уч йилда қайтариб олишди. Мулкка эгалик ҳуқуқини бераяпти менга. Лекин айрим шахслар¸ уюшган жиноятчилар деганманда мен¸ ҳар қандай йўл билан қайтариб олаяпти буни. Масалан¸ ўтган йил 75 тонна буғдой сотганман. Ўшанинг пулини уч ойнинг ичида тўлаши керак эди. Ҳозирги кунгача ўшани ҳам беришгани йўқ. Ўз пулимни ололмаяпман мен. Иқтисодий эркинлик қандай бўлсин.

Ҳисобот муаллифлари хулосасига кўра¸ Ўзбекистон 2009 йил давомида иқтисодий эркинликлар вазиятининг ëмонлашуви кузатилган ягона давлат эмас¸ балки глобал миқëсда бу эркинликлар вазияти 0¸1 баллга пастга шўнғиган ва бутун жаҳон миқëсида ўртача 59.4 баллни ташкил қилган.

- Афсусларким¸ иқтисодий ўсишнинг сусайиши ва бозор вазиятига ҳукуматларнинг аралашуви билан қўшилган эркин бозорга ҳужумлар айрим мамлакатларда ҳаддидан ошиб кетди ва иқисодий эркинликлар вазиятига таҳдид солишга ўтди.

Айни пайтда¸ 2009 йилги индекс иқтисодий эркинликларни ҳимоялашнинг инсоний тараққиëтга жуда ижобий таъсир кўрсатажагини яна бир бор намойиш қилди. Иқтисодий эркинлик таъминланган жойда қашшоқлик камаяди¸ ижтимоий кўрсаткичлар яхшиланади¸ бошқарув тизими демократлашади ва атроф-муҳит ҳимояси яхши томонга ўзгаради¸ дейилади ҳисобот муаллифлари эълон қилган баëнотда.
XS
SM
MD
LG