Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:36

Ғайбулло Жалилов 9 йилга қамалди


Ғайбулла Жалиловнинг 9 йилга кесилиши билан панжара ортидаги ҳуқуқ фаоллари сони яна биттага кўпайди.
Ғайбулла Жалиловнинг 9 йилга кесилиши билан панжара ортидаги ҳуқуқ фаоллари сони яна биттага кўпайди.

Озодликка маълум бўлишича, ҳуқуқ фаоли устидан Қаршида ўтказилиши кутилган маҳкама 18 январ куни Бухорода ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган ва Жалилов Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш каби оғир жиноятларда айбдор деб топилган.

Бухорода ўтказилган маҳкама ҳукми ҳақида Озодликка ҳуқуқ фаолининг рафиқаси Муқаддас Жалилова маълум қилди.

Муқаддас Жалилова: Бухорода суд бўлибди. Ҳамма суд бу ëқда бўлиб¸ ҳукм Бухорода ўқилибди. Адвокатлар айтди. Қамоқ жазоси 15 ярим йилдан 9 йилга тушибди.

Озодлик: Судда адвокатлар иштирок этибдими?

Муқаддас Жалилова: Адвокатларнинг ҳам ҳаммаси эмас¸ иккитаси борибди. Охирги куни бизга “Ҳозир танаффус. Буларни бошқатдан тергов қиламиз” деб бизни қози бува чиқариб юборган эди.

Озодлик: Қози бува деганингиз бу судями?

- Ҳа судя. Улар қози бува деб мурожаат қилгани учун шундай деяпманда, дейди Муқаддас Жалилова.

Ҳуқуқ фаолининг укаси Нурмат Жалиловга кўра, Бухорода ўтказилган маҳкама ёпиқ тарзда ўтказилиб, унда тўрт нафар судланувчининг бирорта ҳам қариндоши иштирок этмаган.

Нурмат Жалилов: Мен ҳам адвокатдан эшитдим. Акамга 9 йил берибди.

Озодлик: Суд қаерда бўлган?

Нурмат Жалилов: Бухорода.

Озодлик: Қачон бўлибди?

Нурмат Жалилов: 18 январда бўлса керак.

Озодлик: Адвокатнинг шахсан ўзидан эшитдингизми?

Нурмат Жалилов: Ҳа¸ адвокатнинг ўзи ҳам айтди.

Озодлик: Судда адвокатнинг ўзи иштирок этибдими?

Нурмат Жалилов: Ҳа¸ адвокат борибди. 15 кундан кейин бўлади деган эди. яна булар тўрт киши судланганку. Бизлардан ҳам¸ улардан ҳам ҳеч ким боргани йўқ лекин.

Озодлик: Демак, қариндош-уруғлардан ҳеч ким иштирок этмади.

- Йўқ, фақат адвокатлар борган. Кейин мен ҳам ўзимнинг адвокатимдан сўрадим. “Суд Бухорода бўлди” деди. “Нимага ëпиқ суд қилдинглар?” десам¸ “Уни бориб судядан сўранглар” деган, дейди Нурмат Жалилов.

Ғайбулло Жалилов ва унинг уч шериги Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси¸ яъни конституциявий тузумга тажовуз қилиш¸ 161-моддаси бўйича қўпорувчилик ва 155-моддаси бўйича терроризм каби жами еттита моддаси бўйича айбланаётган эди.

Айблов хулосасига кўра, Ғайбулло Жалилов ва унинг шериклари Қаршидаги бир қатор объектлар, жумладан, Қарши шаҳар аэропорти ва Хонобод ҳарбий базасини портлатишга тил бириктирган.

Маҳкама давомида янграган айбловда айтилишича, судланаётганлардан бири - “Насаф” футбол командасининг тренери Файзулло Очилов, яна қаршилик Ўткир Содиқов ва Юсуф Бобомуродовлар Ғайбулло Жалилов билан биргаликда гуруҳ бўлиб амалдаги ҳукуматга қарши жиноий тил бириктирган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Гулшан Қораевага кўра, Ғайбулло Жалиловнинг шерикларига ҳам 7 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси тайинлаган.

- Ғайбулло Жалиловга 9 йил¸ Ўткир Содиқовга 10 йил¸ Файзулла Очиловга 7 йил¸ тўртинчисига 8 йил берилган, дейди Гулшан Қораева.

Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари маҳкамаларидан Ғайбулло Жалилов ва унинг шерикларига чиқарилган ҳукм борасида бирор бир маълумот олиш имкони бўлмади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташкилотининг раиси, муҳожирликда яшаётган Абдужалил Бойматов Ғайбулло Жалиловга нисбатан ҳукмнинг яширин тарзда чиқарилиш сабабларини шундай изоҳлайди.

- Жамоатчиликдан судда бўлаëтган воқеаларни сир тутиш¸ яъни Ғайбулло Жалиловнинг қийноқларга тутилганлиги¸ унга нисбатан ноқонуний муносабатда бўлинганлигини дунë жамоатчилигидан яшириш учун қилинган иш деб ўйлаймиз. Ғайбулло Жалилов 9 йилга қамалган. Суд яширинча бўлиб ўтган ва унда Ғайбулло Жалиловнинг адвокати Муножот Парпиева ҳам қатнаша олмаган. Унинг ўрнига ҳукумат тарафдан Жумаев деган бир адвокат қатнашибди. Лекин биз у адвокатни билмаймиз. Тўғрисини айтганда у Ғайбулло Жалиловнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилмаган, у ҳукумат тарафдан ëлланган адвокат, дейди Абдужалил Бойматов.

Ғайбулло Жалилов 2003 йилдан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаолидир.

У 2009 йилнинг 5 сентябр куни кечки соат 9 ларда номаълум кишилар томонидан машинага босиб олиб кетилган эди.

Орадан уч кун ўтиб, унинг милиция ходимларига қаршилик кўрсатганликда айбланиб¸10 кунлик ҳибсга олингани маълум бўлди.

24 ноябр куни Ғайбулло Жалилов ва унинг уч шериги сиёсий мотивлар билан айбланиб, маҳкамага тортилди.

2010 йилнинг 6 январ куни эса давлат қораловчиси Ғайбулло Жалиловга 15, 5 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўради.

15 январ куни Қашқадарё вилоят суди ишни рад қилиб қайта терговга жўнатди.
XS
SM
MD
LG