Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:54

Обама ташқи сиёсати: бир йил ўтиб


Обама танқидчилари уни Россия ва Хитой каби давлатларга ортиқча мулозамат кўрсатаëтганликда айбламоқдалар.
Обама танқидчилари уни Россия ва Хитой каби давлатларга ортиқча мулозамат кўрсатаëтганликда айбламоқдалар.

20 январ куни Барак Обама АҚШ президенти сифатида қасамёд қилганига бир йил тўлди. Барак Обаманинг бир йиллик президентлиги давомида дунё сиёсий саҳнасида юзага келган кескинликни юмшатишга муваффақ бўлгани айтилмоқда.

Сиёсий таҳлилчилар АҚШ президенти сифатида қасамёд қилганидан бир йил ўтиб Барак Обама дунёни ўзгартиргани йўқ¸ демоқдалар.

Эрон режими мухолифатни бостириш баробарида халқаро ҳамжамият талабини писанд қилмай, уранни бойитиш дастурини амалга оширишни давом эттирмоқда. Исроил ва Фаластин ўртасида тинчликка эришиш ҳар қачонгидан кўра олисроқ мақсад бўлиб қолмоқда.

Афғонистонда исёнлар авж олиб Покистон ҳудудига ёйилмоқда. Ал-Қоида АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши ҳужумлар режалашни давом эттирмоқда.

Ядровий қуроллар бўйича Россия билан келишувга эришиш каби нисбатан осон бўлиб кўринган шартномаларни имзолаш ҳам қийин бўлиб қолмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, ўтган бир йил давомида президент Барак Обама қилган асосий иш дунё сиёсий саҳнасида юзага келган кескин вазиятни юмшатиш орқали халқаро алоқаларни яхшилаш¸ ҳамда АҚШнинг дунёдаги нуфузини кескин оширишга муваффақ бўлганидир.

Николас Гвосдев Род Айландда жойлашган АҚШ Ҳарбий денгиз колледжининг миллий хавфсизлик тадқиқотлари бўйича профессори. Айни пайтда “Вашингтон реалистлари” номли блог муҳаррири бўлган Гвосдев фикрича, 2009 йил аниқ мақсадларга эришиш йўлида Обама томонидан пойдевор ҳозирланган йил бўлган.

- Бирорта катта ютуққа эришгани ёки муваффақиятсизликка учраганини ҳозир айтиш қийин. Чунки у энди иш бошлади. У ҳозиргача ўз ечимини топмаган масалаларни ҳал қилиш жараёнини бошлади. Менимча, 2010 йил Обаманинг 2009 йилда бошлаган ишлари муваффақиятли бўлгани ёки муваффақиятсизликка учрагани кўриладиган йил бўлади, дейди Николас Гвоздов.

Таҳлилчилар фикрича, Оқ уй маъмуриятининг дастлабки стратегияси Эрон, Россия ва Хитой каби муаммоли давлатларнинг АҚШ сиёсатига қаршилигини камайтириш учун уларга иқтисодий манфаатли таклифларни беришдан иборат бўлган.

Эрон билан яқинлашиш орқали Оқ уй Теҳронни уранни бойитиш дастуридан воз кечишга рағбатлантиришни режалаган.

Россия билан “муносабатларни қайта бошлаш тугмасини” босиш орқали Обама Россия орқали Теҳронга босимни кучайтириш ва Россия ҳудуди орқали Афғонистонда ҳарбий техникани етказиб беришга умид қилган.

Хитойдаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ёмонлигини очиқ танқид қилишдан тийилиш эвазига президент Обама Пекин расмийларини атмосферага чиқарилаётган ис гази миқдорини камайтириш ва дунё иқтисодиёти учун фойдалироқ тарзда пул сиёсати юритишга кўндиришни режалаган.

Британияда чиқадиган “The Economist” журналининг Марказий ва Шарқий Европа бўйича мухбири Эдвард Лукас АҚШ президенти Барак Обама юритган стратегик самара бериши учун “қаттиққўллик сиёсати” ҳам керак деган фикрда.

- Ёқимли бўлишнинг ўзи етарли эмас. Айрим даҳшатли режимлар билан муносабатларда биз қандайдир қаттиққўллик сиёсати юритилишини ҳам кутамиз. Биз уларга очиқ қўлни узатдик. Агар улар очиқ қўлни қабул қилмаса, унинг ортида йўқ деганда қандайдир кучли аломатлар бўлиши керак, дейди британиялик журналист.

Таҳлилчилар фикрича, келаси йилларда Обама маъмуриятининг, айниқса, Эронга нисбатан қаттиқроқ позицияда бўлиши кутилади. Хусусан, халқаро ҳамжамият талабини бажаришдан бош тортаётган Эронга нисбатан БМТ санкциялари кучайтирилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG