Линклар

"Эрим расмийлар жинояти ҳақида очиқ гапирарди"


Айман Каримбаеванинг айтишича, эри ҳисбга олинганидан сўнг Оқтўба шаҳар ички ишлар департаменти ходимлари аёлдан турмуш ўртоғига қарши кўрсатма беришни талаб қилганлар.

Айман Каримбаеванинг айтишича, эри ҳисбга олинганидан сўнг Оқтўба шаҳар ички ишлар департаменти ходимлари аёлдан турмуш ўртоғига қарши кўрсатма беришни талаб қилганлар.

Қозоғистон қамоқхоналарининг бирида вафот этган диндор Азамат Каримбоевнинг рафиқаси Айман қозоқ махсус хизматлари эрини қийнаб ўлдирганлари етмаганидай, эндиликда марҳумнинг яқинлари ва адвокатларига босим ўтказаётганидан шикоят қилмоқда.

Ўтган йилнинг сентябр ойида оқтўбалик олти киши Қозоғистон ҳудудида террорчилик хуружлари ташкил қилганликда айбланиб, узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Улар орасида бўлган диндор Азамат Каримбоев суд томонидан террорчилик гуруҳи ташкилотчиси ва раҳбари деб топилиб, 17 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Уч ой Орқалиқ шаҳрида қамоқ муддатини ўтаган Азамат Каримбоев 23 декабр куни вафот этди. Шундан сўнг Орқалиқ шаҳри прокуратураси диндор Каримбоев ўз жонига қасд қилиш орқали ҳаётдан кўз юмганини маълум қилганди.

Бироқ Азамат Каримбоев жасади қамоқдан уйига келтирилган куни Каримбоевлар оиласида бўлган Озодлик радиоси қозоқ шўъбаси мухбири диндор танасида қолган қийноқ изларини суратга олишга муваффақ бўлганди.

Азамат Каримбоевнинг рафиқаси Айман эри қамоқда махфий хизмат ходимлари томонидан қийнаб ўлдирилганини айтади.

- 2003 йили эрим қишлоқдаги етакчи диндорлар билан кенгашиб, масжид қура бошлади. Азамат ўзи қурувчи эди, шунга масжиднинг лойиҳасини ҳам ўзи чизганди, бино қурилишида ҳам фаол қатнашганди. Қолган диндорлар ҳам кўмак беришганди. Вақт ўтиб Азамат ва унинг дўстлари ёрдамида қишлоғимизда иккита масжид пайдо бўлди. Эрим қишлоғимизда кўпчиликни динга даъват қилди, кўпчилик динга кира бошлади. Азаматнинг халқ орасида обрўси оша бошлади, дейди Айман Каримбоева.

Унинг айтишича, вақт ўтган сайин маҳаллий ОАВларида Оқтўбада террорчи-ваҳобийлар гуруҳи пайдо бўлгани ҳақида турли хабарлар пайдо бўла бошлаган.

- Ҳозир барчамиз мусулмон эканимизни айтамиз. Аммо амалда барчадан юксакда бўлган Оллоҳ буюрганини эмас, балки ҳукумат топшириғини устун қўямиз. Эрим кўп вақтлари шуни танқид қилиб келганди. Иқтидордаги расмийлар амалга ошираётган жиноятлар, камбағаллар хўрланаётгани ҳақида у очиқ-ошкор айтарди. Шундан сўнг ҳуқуқ-тартибот органлари Азамат билан қизиқиб қолдилар, қишлоқда эрим террорчи экани ҳақида турли миш-мишлар тарқала бошлади, бу ҳақда матбуотда ёза бошладилар, дейди Айман Каримбоева.

Азамат Каримбоев ўтган йилнинг март ойида ҳибсга олинади. Сентябр ойида эса суд Азаматни жазо муддатининг 5 йилини ёпиқ режимдаги қамоқда, қолган 12 йилни эса қаттиқ режимдаги қамоқда ўташи ҳақида ҳукм чиқаради. Террорчи ва ваҳҳобий дея тан олинган 6 нафар оқтўбалик мусулмонлар устидан суд маҳкамаси ёпиқ тарзда бўлиб ўтди.

Бироқ ушбу диндорлар адвокатларининг таъкидлашларича, судда диндорларга нисбатан қўйилган айбловлар ўз тасдиғини топмаган. Азамат Каримбоевнинг аёли эса суддан аввал ҳуқуқ-тартибот органлари эрига нисбатан турли айбловлар уйдиришга ҳаракат қилганларини айтади.

- Эримни ҳибсга олганларидан сўнг, мени ўғлим билан Оқтўба шаҳар ички ишлар департаментига чақиришди. У ерда 7 соат ушлаб туришди. “Эрингга қарши кўрсатма берасан, “мени зўрлаб, уриб ҳижобга киритган, болаларимни уриб, қийнаб, намоз ўқишга мажбурлаган” дейсан”, дейишди. Мен қаршилик кўрсатдим, аммо шундан сўнг улар мени ва эримни болалардан маҳрум қилишмоқчи бўлишди. Масъул органлар вакиллари уйимизга келиб, “сизлар болаларни зўрлаб динга киритгансизлар, намоз ўқишга, рўмол ўрашга мажбурлагансизлар, шунинг учун сизларни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қиламиз”, дейишди. Улардан: “Эримнинг айби нима?” деб сўраганимда, улар: “Эринг ҳукуматга катта бошоғриқ келтирадиган одамлар тоифасидан”, дея жавоб беришди, дейди марҳум Азамат Каримбоевнинг аёли.

Диндор Азамат Каримбоевнинг Орқалиқ шаҳри қамоқхонасида вафот этгани ҳақидаги хабар қозоқ жамоатчилигини ларзага келтирди. Айни пайтда, баъзи кузатувчилар, диндор ўлими қозоқ махфий хизматлари томонидан амалга оширилгани ва бунга Каримбоев танасидаги қийноқ излари далил эканини таъкидлашмоқда.

Бироқ диндорлар билан боғлиқ масалаларда доимо ўз позициясини билдириб келган Қозоғистон муфтияти Азамат Каримбоев ўлими юзасидан сукут сақлашни афзал кўрди. Озодлик радиоси мухбирининг диндор ўлими юзасидан Қозоғистон муфтийси Абдусаттор Дербисали фикрини билиш борасида қилган урунишлари самара бермади.

Муфтиятнинг ўз исмини айтишни ва овози ёзиб олинишини истамаган ходими мухбир саволига жавоб берадиган расмий айни пайтда ўз жойида йўқлигини айтиш билан чекланди.

Қозоғистон мусулмонлари иттифоқи раиси Мурод Телибеков фикрича, қозоқ муфтиятининг диндор Азамат Каримбоев ўлимига нисбатан сукут сақлаши аксар қозоқ диндорларининг Қозоғистон мусулмонлари расмий бошқармасидан кўнгли қолишига сабаб бўлиши мумкин.

- Қозоғистон муфтиятининг бу каби позицияси яна бир бор унинг ҳукуматга нақадар қарамлигини, у билан тил бириктирганини кўрсатади. Бу эса ҳозирда бутун Қозоғистон мусулмонлари вакилига айланишни истаётган муфтиятга бўлган мусулмонлар ишончини йўққа чиқармоқда. Муфтиятнинг бу каби сиёсий заифлиги ва бефарқлиги, мусулмонларнинг ишончини йўқотиб, уларнинг ўз саволларига жавоб топиш учун бошқа одам ва ташкилотларга мурожаат қилишларига туртки бўлмоқда. Афсуски, бу ҳолат ҳозирда Қозоғистон ҳудудида фаолият юритаётган экстремистик ташкилотларга қўл келиши мумкин. Айни пайтда, улар мусулмонлар орасида ташвиқот юритиш борасида муфтиятга нисбатан фаолроқ бўлишлари мумкин, дейди Мурод Телибеков.

Шунингдек, Мурод Телибеков, қамоққа олинган диндор Азамат Каримбоев ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги расмийлар версияси бўйича ҳам шубҳа билдиради. Телибеков фикрича, диндор Каримбоев қамоқда атайлаб ўлдирилган ва бу Қозоғистон ҳукумати томонидан амалга оширилган сиёсий террордир.
XS
SM
MD
LG