Линклар

18 январ куни Тошкентда ўтган йилнинг ёзида содир этилган қўш жиноят, яъни Тошкент шаҳар имом хатиби Анвар қори Турсуновга суиқасд уюштирилиши ва Ички ишлар вазирлиги мутасаддиси Ҳасан Асадов ўлими бўйича маҳкама бошланган.

Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсуновнинг пичоқлаб кетилиши ва Ўзбекистоннинг бош аксилтеррорчиси - Ички ишлар вазирлиги терроризмга қарши кураш Бошқармасиинг расмийси Ҳасан Асадов отиб ўлдирилиши бўйича маҳкама Тошкентда яширин тарзда ўтказилаяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодликка маълум қилди.

- Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсуновга бўлган суиқасд ва ИИВ полковниги Ҳасан Асадовнинг ўлдирилиши тўғрисида. Ҳозир бизлар олган хабаримиз бўйича 70 нафар судланувчи устидан 18 январдан бошлаб судлов бошланган. Уларнинг яқин қариндошлари мурожаат қилиб¸ душанба куни суд бошланганлиги тўғрисида хабар беришди. Лекин суднинг қаерда бўлаëтгани айтилмаган. Бу масалада биз бир неча судларга бориб келдик. Тошкент шаҳар жиноий ишлар бўйича судига¸ Тошкент вилоят жиноий ишлар судига¸ Олий судга бориб келдик. Ҳозир бирортасида бу суд олиб борилаëтгани маълум бўлмаяпти. Бу сир тутилаяпти. Ҳозир бу маҳкама иши қаерда бўлаëтгани бизга номаълум, дейди Суръат Икромов.

Маҳкамага тортилган етмиш кишидан бири тошкентлик Султонмаҳмуд Умаровнинг рафиқаси Саида Умарова ҳам эри билан боғлиқ маҳкама бошланганини, лекин суднинг қаерда бўлаётганидан бехабар эканлигини айтади.

Саида Умарова: Тергов тугапти. Ҳозир мана менга телефон қилишди. Суд бошланган эмиш.

Озодлик: Қачон бошланибди?

- Суд 18 январда бошланган, дейишди. Телефон қилишибди-да. Ўша Тоштурмадагилар айтишипти. Мен прокуратурага 100 марта бордим. Олий судларга бордим. “Сизга ҳам чақирув қоғози келади”, дейишди. Ҳали ҳеч қанақа чақирув қоғози келгани йўқ. Вилоят судига ҳам бориб келдим. У ëққа борсам¸ “Бу ëққа делолар келмади”, деб жавоб беришди, дейди Саида Умарова.

Султонмаҳмуд Умаров ўтган йилнинг 30 август куни ҳибсга олинган. Саида Умаровага кўра, шу пайтгача эри борасида ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирорта ҳам маълумот ололмаган.

- Бир ҳафтадан кейин беш ой бўлади. Бир марта ҳам кўрганим йўқ, шу билан терговчи ҳали мен билан бир марта ҳам гаплашгани йўқ¸ адвокат ҳам гаплашмади. Мен қанақа модда қўйишганини аниқ билмайман. Асадовнинг отиб кетилиши тўғрисида ëзилган. “Гумонланувчи тариқасида” дейишди. Лекин мен ҳозир аниқ қайси моддани қўйишганини билмайман, дейди Саида Умарова.

Озодлик мухбирлари Тошкент шаҳар жиноий ишлар судига қўнғироқ қилишганида суд ходимлари Анвар қорининг пичоқланиши ва Ҳасан Асадов ўлими билан боғлиқ маҳкама бошлангани борасида уларда ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтишди.

Ҳибсда сақланаётган айрим шахсларнинг яқинларига кўра, ушбу иш бўйича маҳкамага тортилганларнинг ҳаммасига Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси, яъни қасддан қотиллик содир этганлик айби қўйилмоқда.

Озодликка маълум бўлган норасмий маълумотларга кўра, Анвар қори ва Ҳасан Асадовга бўлган суиқасдга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган шахслар диний-экстремистик гуруҳга аъзо бўлиб, улар Ҳасан Асадов каби амалдор милиционерлардан аввал қамалган ўз сафдошлари учун қасос олишга аҳд қилганлар.

Тошкентлик 41 ёшли Аҳроржон Зокиров ҳам ўтган йилнинг кузида Анвар қори ва Ҳасан Асадовлар иши бўйича айбланиб ҳибсга олинганди.

Аҳроржон Зокировнинг синглиси Фотима Холматованинг айтишича, унинг акаси ноҳақ ҳибсга олинган бўлиб, у ҳеч қандай диний экстремистик гуруҳга аъзо бўлмаган.

- Аҳроржон акам фақат намоз ўқиганлар - бўлди. Беш маҳал намоз ўқиганлар. Жума кунлари масжидга чиқарди. Бошқаларга аралашиб¸ “Портлатаман¸ у қиламан¸ бу қиламан” демаганлар. Бошқа китоблар ҳам ўқимаганлар. Фақат Қуръон китобини ўқиганлар. Бошқа ҳеч қанақа китоб ўқимаганлар, дейди Фотима Холматова.

Суръат Икромовнинг билдиришича, айни пайтда Анвар қорининг пичоқланиши ва Ҳасан Асадовнинг ўлимида гумонланиб Сирдарёда ҳам олтмишга яқин киши, Қашқадарёда ҳам ўнлаб кишилар ҳибсга олинган.

- Бу масала бўйича Сирдарëда 57 нафар одам ҳибсга олинган. Ўшаларнинг суди бўлиши керак ëки бўлаяпти. Худди шу пайтларда¸ ўтган йилнинг кузларида¸ Қашқадарëда бир неча ўнлаб одамлар ҳибсга олингани тўғрисида маълумот келган. Лекин биз буни тасдиқлата олмаяпмиз¸ топа олмаяпмиз, дейди Суръат Икромов.

2009 йилнинг 31 июл куни Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсунов ўз уйи олдида пичоқлаб кетилган эди. Анвар қорига номаълум шахслар томонидан уч бора пичоқ урилган ва унга оғир тан жароҳати етказилган. Имом-хатиб бу суиқасддан омон қолган.

Ўтган йилнинг 9 август куни Ўзбекистоннинг бош аксилтеррорчиси - Ички ишлар вазирлиги терроризмга қарши кураш Бошқармасиинг расмийси Ҳасан Асадов Тошкентда, ўз уйида беш жойидан отиб ўлдирилган.

Айрим маълумотларга кўра, Ҳасан Асадовнинг ўлими ўтган йилнинг 29 август куни Тошкент шаҳрининг Кўкча даҳасида содир бўлган отишма билан боғлаб олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, Кўкчадаги отишма ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган махсус амалиёт бўлиб, унда 3 террорчи йўқ қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG