Линклар

logo-print

“Исёнчи генерал”нинг укаси Тожикистонга экстрадиция қилинди


Тожикистон президенти гвардиясининг собиқ қўмондони Ғаффор Мирзоевнинг укаси Абдурасул Мирзоев тожик расмийлари талабига биноан Бирлашган Араб Амирликларидан экстрадиция қилинди.

Тожикистон Бош прокуратурасининг тергов бошқармаси тарқатган маълумотда айтилишича, Интерпол қидирувида бўлган Абдурасул Мирзоев 2009 йил охирларида Бирлашган Араб Амирликларда қўлга олинган.

Абдурасул Мирзоев жиноятчиларни топширишга доир Бирлашган Араб Амирликлари ва Тожикистон ўртасида имзоланган икки ёқлама шартнома асосида мамлакатга экстрадиция қилинди.

Абдурасул Мирзоев Тожикистон президенти ҳузуридаги наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича агентликнинг собиқ директори, президент гвардиясининг собиқ қўмондони, генерал-лейтенант Ғаффор Мирзоевнинг укасидир.

2004 йили ҳибсга олинган генералга мамлакатда қуролли исён ташкил этганлик, давлат тўнтариш қилишга уринганлик, қурол-аслаҳа сақлаганлик, давлат чегарасини ғайриқонуний кесиб ўтганлик, қотиллик каби ўндан ортиқ айблар қўйилган эди. Ғаффор Мирзоев билан боғлиқ тергов жараёни икки йилга чўзилган¸ 2006 йили ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган маҳкама жараёнида ўзига қўйилган айбларни тамоман рад этган генерал-лейтенант Ғаффор Мирзоевни Тожикистон Олий Суди умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Тергов материалларида Абдурасул Мирзоевнинг акаси Ғаффор Мирзоев содир этган ўша жиноятларга шериклиги айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG