Линклар

logo-print

Саҳнада читтакка ўхшаган чувак йигит пайдо бўлди. Хушмат экан исми.

Бошланғич синфни битирганидан буён раҳбар бўлишни орзу қилган. Илгари тўртинчи синфни тамомлаган чаласавод одамлар «бошланғич синф маълумотига эга» дейиларди. Хушмат ҳали кўзи очилмасидан бурун адолатли раҳбар бўлишни кўнглига тугиб қўяди. Мани тимсолимда гўё умрида илк бор адолатли раҳбарга дуч келади: «Шу инсоннинг командасида ўзимни бахтиёр ҳис этган бўлардим», деб гап тарқатади.

Кутилмаганда Хушматнинг пайдо бўлиши манда осмондан Чўртанбалиқ ёғгандек таассурот қолдирди. Ҳидоят Махсумга махфий идорада «Чўртанбалиқ» номли янги дафтар очиб қўйиш тўғрисида топшириқ бердим. И.А.Криловнинг машҳур масали эсимга тушди. Ишқилиб, Хушмат аравани ботқоқзорга қаратиб тортиб кетмаса гўргайди деб ўйладим.

У мухолифбашара Қаламкаш тўғрисида бирталай маълумот тўплабди. Мана, ўша маълумотлар столимда турибди. Маълум бўлишича, Қаламкаш ўрта мактабни битириб Тошкентга ўқишга келади, лекин мандатдан йиқилади. Қишлоғига қайтиб боришга бети чидамасдан Қўйлиқ бозорида ҳаммолчилик қилиб юради. Шу ерда кичикроқ дўконда атир-упа сотиб ўтирадиган Моҳира исмли қизни севиб қолади. Топган-тутганини Моҳирага сарфлайди: қизгинани кинога таклиф қилади, ўша пайтларда машҳур бўлган Фахриддин Умаров, Комилжон Отаниёзов, Дадахон Ҳасанов каби ҳофизларнинг концертларига олиб тушади. Моҳира кўзга яқин кўҳликкина қиз бўлган, шекилли. Адаси уни тўйтепалик қуролдош дўстининг ўғлига эрга бериб юборади. Қаламкаш ижарага олган ҳужрасига қамалиб олиб уч кеча-кундуз кўкрагини захга бериб ётади. Оқибатда ўпкасини шамоллатиб касалхонага тушади. Бундан хабар топган Моҳира «Чарлар» баҳонасида ота уйига келадию келинлик либоси билан касалхонага боради ва беморга бир шиша ит ёғини бериб қайтади. Қаламкаш доғланган ит ёғини ялаб юриб соғайиб кетади. Моҳирани кўз очиб кўрган эридан ажралмасликка кўндиради: «Мен сени умрбод эсимдан чиқармайман», деб ваъда беради. «Мен ҳам сизни унутмайман, бегим», деб кўзларига ёш олади Моҳира. Севишганлар яхшиликча бир-биридан ажралади. Келаси йили Қаламкаш ТошДУнинг журналистика факультетига эмас, абитуриентлар орасида беобрўроқ бўлган фалсафа факультетига ҳужжат топшириб, мандатдан ҳам омон-эсон ўтиб ўқишга қабул қилинади. Ўқишдан кейин профессор Очил Тоғаев раҳбарлик қиладиган «Ижодкор» адабиёт тўгараги машғулотларига мунтазам қатнай бошлайди. Илк ҳикоялари ана шу тўгарак аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинади. Ҳаваскорлар орасида хийла танилиб қолади. Учинчи курсда ўқиб юрган кезлари «Биз ҳам ёш бўлганмиз» номли қисса ёзади. Бу асар ёшлик эҳтиросларига тўла бўлиб, «Шарқ юлдузи» журналида эълон қилингандан сўнг адабиётшуносларнинг назарига тушади. Қиссанинг бош қаҳрамони Моҳигул ваъдага вафо қилмаган беқарор қиз сифатида тасвирланади. Албатта, собиқ севгилисининг ижодини зимдан кузатиб юрадиган Моҳира қиссада ёритилган ўз тимсолини танийди ва ажойиб кунларнинг бирида иккита боласи билан эридан ажрашиб, қаламкашнинг ётоқхонасига излаб келади. Бу пайтда Қаламкаш факультетда сабоқ берадиган юртдош ўқитувчисининг қизига ошиқ бўлиб, энди юқори синфда ўқиётган Юлдузхонни батамом ўзига ром этиб олган, унга уйланишга ваъда берган, қизни ҳам рози қилиб қўйган эди. Ётоқхонадаги машмаша Юлдузхоннинг қулоғига етиб борадию у сирка ичиб ўзини ўлдирмоқчи бўлади. Хайрият, ота-онаси ўз вақтида қизининг қилмишидан хабар топиб, дарҳол касалхонага олиб боради. Қизнинг ҳаёти сақланиб қолади. Қаламкаш эса бир марта ҳам Юлдузнинг ҳолидан хабар олмайди. Аксинча, янги ўқув йили бошланишидан олдин Москвага қочиб кетади ва таниш-билишлари ёрдамида у ерда Максим Горький номидаги Олий Адабиёт мактабига ўқишга киради. Бу ёқда унга ишониб эридан ажрашиб келган Моҳира иккита боласи билан сарсон қолаверади, Юлдузхон ҳам аро йўлда қолади...

— Яхши, — дедим янги маълумотларни кўздан кечириб. — Айтгин, Хушмат фелъетон ёзиб марказий газетада эълон қилсин.

— Фактлар тасдиқланмаса нима бўлади? — деди Ҳидоят Махсум.

— У ёғи билан ишинг бўлмасин. Муҳими — Қаламкашни эл орасида бадном қилиш керак.

— Зўрлик қилиб раддия эълон қилса-чи?

— Бераверсин... Бизда матбуот эркин, ҳар ким хоҳлаганини ёзади. Аммо раддияни айнан марказий газетада эмас, балки ёзувчиларнинг тармоқ газетасида эълон қилиш керак. Тушунарлими?

— Тушундим.

— Боравер, — деб маълумотномани стол тортмасига тиқиб қўйдим.

— Хушматжон, бирорта лавозим бўлса, садоқат билан хизмат қилардим деяпти. Унга нима деб жавоб берганим маъқул?

— Майли, йўқолиб кетмасин. Фелъетон эълон қилинганидан кейин бу ҳақда ўйлаб кўрамиз.

Ҳадемай фелъетон эълон қилинди. Роса шов-шув бўлди. Қаламкаш тармоқ газетасида раддия берди. Аммо нариги газетани ўқиган муштарий бунисини, бунисини ўқиганлари эса унисини ўқимаган бўлиши мумкин. Ўртадаги тафовут — бизнинг фойдамизга хизмат қилади. Шу йўсин жамоатчилик фикри шакллантирилади.

Энди Хушматни ўз иқтидорига яраша иш билан таъминлаш керак.
XS
SM
MD
LG