Линклар

АҚШ Мудофаа вазири Покистонга сафар қилди


Роберт Гейтс Покистон ҳукумати расмийлари билан ўтказиладиган сўзлашувларда АҚШнинг Афғонистондаги янги стратегияси хусусида фикр алмашишини билдирди.

Покистон сафари арафасида маҳаллий "The News" нашрига берган интервьюда Роберт Гейтс Покистон ва Афғонистонда фаолият юритаётган жанггариларни ажратиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

- Покистон-Афғонистон чегара ҳудудига ўрнашиб олган жанггарилар тор-мор этилиши шарт, акс ҳолда ҳар иккала миллат ҳам зўравонликлардан азият чекиши мумкин, дея қўшимча қилди АҚШ Мудофаа вазири.

Покистон ҳукумати мамлакатда қўпорувчилик амалиётлари содир этаётган жанггариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтказиб келмоқда. Бироқ расмий Исломобод Афғонистонга яқин чегара ҳудудларга ўрнашиб олган толибон жанггариларига қарши амалиётлар бошлашга оид АҚШ чақириқларини инкор қилиб келмоқда.

Гейтс, шунингдек, ўз интервьюсида АҚШ-Покистон муносабатлари сўнгги пайтда бир оз совуқлашгани, бироқ Вашингтон бу давлатни ҳамкор деб билиши ва ўз зиммасига олган мажбуриятларга содиқ қолажагини маълум қилди.

АҚШ Мудофаа вазири Покистонга келишдан аввал Ҳиндистонда бўлиб, маҳаллий ҳукумат расмийлари билан музокаралар ўтказди.
XS
SM
MD
LG