Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:12

Ғарб матбуоти яна Назарбоев оиласи ҳақида ёзмоқда


Барқарор Швейцария минтақа бойлари учун ҳам жозиб ўлкалигича қолмоқда.
Барқарор Швейцария минтақа бойлари учун ҳам жозиб ўлкалигича қолмоқда.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг иккинчи куёви Тимур Кулибоев шу кунларда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари диққат марказида бўлиб турибди.

19 январ куни Швейцариядаги “Tribune de Geneve” газетаси президент Назарбоев куёви Женевада 8 минг квадрат метрли ҳовлини қарийб 45 миллион АҚШ долларига сотиб олгани ҳақида хабар тарқатди.

“Қозоғистон президентининг куёви Тимур Кулибоев ҳовлини 74,7 миллион швецар франкига харид қилди ва бу нарх ҳозирда Женевадаги уй-жойга бўлган рекорд нарх бўлиб қолмоқда”, дея ёзади “Tribune de Geneve” газетаси.

Швейцария газетасида ушбу мақола чоп қилингач, ҳозирда Лондонда яшаётган қозоғистонлик йирик бизнесмен Мухтор Аблязов Озодликнинг қозоқ ҳизматига берган интервюсида президент Назарбоевнинг иккинчи куёви хитойликлардан пора олиш эвазига уларга мамлакатдаги йирик нефт-газ конларини ноқонуний сотгани ҳақида маълум қилди.

Бизнесменга кўра, нефт-газ конлари бўйича бир шартнома учун хитойликлар Назарбоев куёвига 166 миллион доллар пора берганлар. Аблязовнинг келтиришича, президент куёви олган порасининг асосий қисмини хорижга чиқариб юборган.

- Ўша поранинг тахминан 50 миллионига президент куёви ўзига Боинг русумли самолет харид қилган. Поранинг қолган қисми қаерга сарфланганидан ҳам хабардормиз. Яъни менда Назарбоев куёви олган пора қачон ва кимга транш орқали юборилганини тасдиқловчи ҳужжатлар бор, дейди қозоғистонлик бизнесмен.

Аммо айни пайтда Австрияда қочқинликда бўлган қозоқ хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Алнур Мусаев фикрича, оммавий ахборот воситаларида президент Нурсултон Назарбоевнинг куёвига қарши ёзилган материаллар президент топшириғи билан амалга оширилаётибди.

- Қозоғистонда энг аввало президент Назарбоев ўз лавозимига бўлган муҳтамал даъвогарлардан қутулишга ҳаракат қилади. Ҳозир президент иккинчи куёви молиявий ва сиёсий жиҳатдан кучайиб бормоқда. Шу боис президент унга ўз жойини кўрсатиб қўймоқчи. Қозоғистонда президент топшириғисиз ҳеч бир иш амалга ошмайди, президент куёвига нисбатан ёғилаётган танқид ҳам президентнинг топшириғи асосида амалга оширилаяпти. Иккинчи куёв ҳам худди тўнғич куёв қилган хатоларни такрорлаяпти, дейди Қозоғистон махфий хизмати собиқ раҳбари.

Аснода қозоғистонлик сиёсатшунос Эдуард Полетаев ҳозирда аксар Марказий Осиё давлатларидаги корчалонлар, ҳаттоки президент оила аъзолари ҳам ўз бойликларини хориж давлатларига чиқариб юбораётганлари сир эмаслиги ҳақида гапиради. Сиёсатшуносга кўра, бунинг бир қанча сабаблари бор.

- Марказий Осиёдаги мустақил давлатларда сиёсий режим, ворислик тартиби ўзгариши бўйича вазият ойдинлашиб, бозор иқтисодиёти ва хусусий мулк дахлсизлиги таъминланган тақдирдагина одамлар ва ҳатто ўша президентларнинг оила аъзолари учун ҳам ўз маблағларини минтақа мамлакатларига ётқизиш учун кафолат пайдо бўлади. Ҳозирча эса бундай жараён кузатилмаяпти. Ҳаттоки қўшниларига нисбатан бақарорроқ бўлган Қозоғистонда ҳам. Шунинг учун минтақадаги асосий капитал Европадаги нисбатан барқарор давлатларга чиқариб юборилаяпти, дейди сиёсатшунос.
XS
SM
MD
LG