Линклар

logo-print

Юшченко мағлуб¸ аммо демократия ғолиб

  • Фаррух Юсуфий

Сайловларда мағлуб бўлганининг эртаси Виктор Юшченко музлаган анҳор сувида чўмилди.

Сайловларда мағлуб бўлганининг эртаси Виктор Юшченко музлаган анҳор сувида чўмилди.

Якшанба куни Украинада ўтказилган президент сайловининг биринчи босқичида амалдаги президент¸ "зарғалдоқчи" Виктор Юшченко мағлуб бўлди.

Украина сиёсати бўйича мутахассис бўлмасам-да, бу воқеага оид баъзи қарашларимни қоғозга тушириб¸ Блогистон меҳмонлари билан ўртоқлашишни жоиз топдим.

Украинада “Зарғалдоқ инқилоби” номини олган воқеалардан бери ўтган беш йил давомида собиқ иттифоқнинг авторитар давлатлари, айниқса Россия, украиналик демократ сиёсатчиларни “зарғалдоқчилар” дея атаб¸ кечагина СССРдан чиққан Украинада демократия илдиз ота бошлаганига жиррилаб келди.

Ўзбекистон расмийлари ҳам Украина томон масхараомуз баëнотлар қилишдан ўзларини кўп ҳам тийганлари йўқ: “Ана қаранг рангли инқилоблар рўй берган мамлакатларда нималар бўлаяпти?” қабилидаги гаплар ўзбек сиёсатчилари орасида мамлакатда бўғилаётган сўз эркинлиги ва топталаётган инсон ҳуқуқларини хаспўшлаш учун оммабоп баҳонага айланди.

Лекин бу рангли¸ қонсиз инқилоблар Юшченко, Саакашвили ёки Бакиевнинг истаги эмас, украин¸ гуржи ва қирғизларнинг ўз келажагини танлашга кўрсатган иродаси эди. Халқнинг наздида бу шахслар демократ бўлгани учун халқ уларни ўз йўлбошчиси этиб танлади. “Рангли инқилоб” йўлбошчилари кўп ўтмай халқ ҳафсаласини пир қила бошлади¸ лекин бунда демократия йўлини танлаб, инқилоб ясаган халқларнинг айби йўқ¸ деб ўйлайман.

Адашмасам, Британиянинг энг буюк Бош вазирларидан бири¸ ашаддий демократ Уинстон Черчил “Демократлардан ҳафсалам пир бўлди, лекин демократиядан эмас”, деган эди.

Беш йил аввал юз минглаб украиналиклар Киевнинг Мустақиллик майдонига ўз йўлбошчилари этиб танлаган демократларни қўллаб-қувватлагани чиққан эди.

Дарвоқе, ўшанда мухолифат телевидениеси узлуксиз кўрсатиб борган намойиш иштирокчилари қўлларидаги турли-туман байроқлар орасида Ўзбекистон байроғини кўриб, бу байроқнинг ҳам демократик инқилобда ҳилпираганидан қувонган¸ қаддим бир оз кўтарилгандек бўлган эдим.

Орадан беш йил ўтиб Юшченконинг сайловларда мағлуб бўлгани, халқнинг ўз демократ етакчисидан ҳафсаласи пир бўлган ифодасидир, демократиядан эмас.

Балки Украина, унинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётидан йироқ бўлганим учунми, ҳар қалай демократ Юшченкодан менинг ҳафсалам пир бўлгани йўқ.

Юшченко беш йил аввал кўчаларда ўз келажагини белгилаш ҳуқуқи учун курашган халқнинг ишончини оқлади.

Зотан мен учун Юшченко мағлубиятининг ўзи¸ қолаверса ўтган сафар сайлов натижаларини қалбакилаштириб, ғалабани тортиб олишга урингани исботланган Януковичнинг нафақат яна сайловда иштирок эта олгани¸ балки қаллобликларсиз ўтган сайловни биринчи бўлиб тугатгани¸ Юшченконинг Украина халқига демократия, фикр ва танлов эркинлиги ҳақида инқилоб кунлари берган ваъдалари устидан чиққани ифодасидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG