Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:41

Голдстон: "Яхшиланишга деярли умид йўқ"


Вероника Зента Голдстон
Вероника Зента Голдстон

Дунë мамлакатларидаги инсон ҳуқуқлари вазиятига доир 20-йиллик ҳисоботини эълон қилган Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Вероника Голдстон Ўзбекистондан аҳволнинг муттасил ëмонлашаëтганидан бошқа янгилик келмай қўйганини айтади.

20 январ куни Human Rights Watch халқаро ташкилоти дунë мамлакатларидаги инсон ҳуқуқлари вазиятига доир янги йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати яна ўз фуқаролари ҳақларини аëвсиз топтаëтган режим дея баҳоланди. Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Вероника Зента Голдстон Озодлик радиоси билан суҳбатда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг ëмонлашиб бораëтгани учун АҚШ ва Европа иттифоқининг қисман масъуллигини билдирди.

Вероника Голдстон: Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятидаги янгилик унинг бир маромда ёмонлашиб бораëтганидир. Аниқроғи вазият ёмонлашаётгани йўқ¸ балки ёмон вазият ундан ҳам ёмонлашмоқда. Буни декабр ойида ўтказилган парламент сайлови арафасида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва сиёсий фаолларининг таъқиб ва тазйиқларга учраганида ҳам яққол кўриш мумкин. Хусусан¸ Ўзбекистонда бизнинг тадқиқот миссиямиз вакили Таня Локшинанинг ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашишига йўл қўймаслик мақсадида унга жисмоний ҳужум уюштирилди. Буни “хамир учидан патир” дейиш мумкин. Бу воқеа ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари кундалик ҳаётида дуч келаётган қийинчиликнинг бир кўриниши холос. Бу¸ албатта¸ўта ташвишли ҳол.

Озодлик: Ўзбекистонлик яна бир ҳуқуқ ҳимоячиси Ғайбулла Жалилов ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган маҳкамада 9 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларини ҳимоя қилиш учун Ҳюман Райтс Уотч ва бошқа халқаро ташкилотлар олиб бораётган ишлар қандай натижа бермоқда?

Вероника Голдстон: Биз Ўзбекистондаги вазиятни кузатиш ва инсон ҳуқуқлари бузилиши воқеалари ҳақида маълумотлар тарқатишни давом эттирамиз. Бизнингча, Ўзбекистондан чиқаётган маълумотлар оқимига ҳукумат ўз монополиясини ўрнатишига йўл қўймаслик жуда муҳим масала. Аслида ҳуқуқ ҳимоячилари фаолиятининг бостирилиши сабаблари ҳам шунда. Ҳукумат ҳақиқат, тўғри ахборотнинг мустақил манбалар орқали ташқарига чиқишини хоҳламайди. Улар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволини ўзлари хоҳлаганча чизиб кўрсатишни хоҳлайди. Бизнингча, Ўзбекистонда нималар бўлаётганидан дунё жамоатчилиги хабардор бўлишида Ҳьюман Райтс Уотч, бошқа халқаро ташкилотлар, айниқса, ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари қилаётган ишлар муҳим аҳамиятга эга.

Биз ўз ҳисоботларимизни шунчаки эълон қилаётганимиз йўқ. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи тўғрисида маълумот тарқатишимиздан мақсад халқаро ҳамжамият¸ хусусан Ўзбекистоннинг муҳим халқаро ҳамкорлари бўлган Европа иттифоқи ва АҚШни Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволини ўнглаш учун ҳукуматга босимни кучайтириш борасида ҳаракат қилишга чақиришдан иборат. Афсуски, 2009 йилги ҳисоботимизда Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган репрессив сиёсатга қарши халқаро ҳамжамият томонидан жиддий босим кўрсатилмагани қайд этилган. Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш ҳақидаги талабларни бажармаганига қарамай, Европа Ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистонга нисбатан жорий қилинган Европа иттифоқи санкцияларини октябр ойида бекор қилди. Бу ташвишли ҳол.

Биз АҚШ ва Европа иттифоқи расмийлари Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар қилишнинг самарали йўли деб танқид ўрнига сокин дипломатия ва конструктив ҳамкорлик сиёсатини танлаганидан хавотирдамиз. Биз баъзан алоҳида шахслар масаласини ўзаро хусусий суҳбатларда муҳокама қилиш,яъни сокин дипломатияни қўллаш ўринли деб биламиз. Аммо бу дегани хавотирларни жамоатчилик эътиборига олиб чиқиш керак эмас¸ деган маънони билдирмаслиги лозим. Масалан¸ яна бир ҳуқуқ ҳимоячиси Ғайбулла Жалилов сиёсий айбловлар билан озодликдан маҳрум қилингани хусусида АҚШ ва Европа иттифоқи ўз хавотирини баланд овозда билдириши керак.


Озодлик: Барак Обама АҚШ президенти бўлганига бир йил тўлди. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш учун президент Обама юритган сиёсат қандай натижа берди деб ўйлайсиз?

Вероника Голдстон:
Риторик маънода Обама ҳукуматини инсон ҳуқуқлари борасида Жорж Буш маъмуриятга қараганда анча яхши дейиш мумкин. Аммо Обаманинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсати ёқимли баёнотлардан амалий ҳаракатга кўчса, мақсадга мувофиқ бўлади. Инсон ҳуқуқлари борасида фаол бўлиш ўрнига АҚШ ва Европа иттифоқи сукут дипломатияси ва конструктив мулоқот йўлини танлагани бизни ташвишга солмоқда. Инсон ҳуқуқлари масаласини кўтариши керак бўлган АҚШ ҳукумати унга эътиборни сусайтиргани хавотир уйғотмоқда. Биз бунга қарши турамиз ва курашамиз.

Инсон ҳуқуқлари муаммоларига эътибор қаратиш учун Ўзбекистон ҳукуматида сиёсий ирода йўқлигини тасдиқловчи кўплаб мисол бор. Бундай вазиятда Обама маъмурияти Ўзбекистон ҳукуматига инсон ҳуқуқлари ўзаро муносабатларда муҳим масалалардан бири эканини аниқ ва равшан таъкидлаши жоиз. Агар инсон ҳуқуқлари соҳасида ислоҳотлар бўлмаса, АҚШ билан конструктив муносабатларда ҳам олдинга силжиш бўлмаслигига аниқ ишорат бўлиши керак. Биз Европа иттифоқи ва АҚШ маъмуриятининг Ўзбекистон ҳукумати билан номига мулоқот олиб боришини хоҳламаймиз. Биз Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш учун Тошкентнинг ҳамкорлари қўлдан келган барча ишни қилди¸ деб ўйламаймиз. Халқаро босим ва хусусий музокаралар натижасида узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган сиёсий маҳбус Санжар Умаров ноябр ойида қамоқдан озод этилганини қутлаймиз. Агар бу воқеа ҳисобга олинмаса, ўтган йил давомида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида ижобий ўзгариш бўлди¸ дейиш жуда қийин.
XS
SM
MD
LG