Линклар

Абдулазиз Комилов Тошкентга қайтди

  • Абдулла Искандар

Абдулазиз Комилов 9 йил Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимида ишлади.

Абдулазиз Комилов 9 йил Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимида ишлади.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Абдулазиз Комилов Тошкентга чақирилиб¸ Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари қилиб тайинланди. Ташқи дунëга ëпиқ Ўзбекистоннинг қудратли мулозимларидан бири ҳисобланган Комиловнинг мамлакатга қайтиши нимадан дарак?

20 январ куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари қилиб тайинланган Комилов 1994-2003 йиллар орасида мамлакат Ташқи ишлар вазири бўлган.

Уни яқиндан билганларга кўра¸ вазир ўринбосари лавозими чўктирилаëтган мулозимнинг оëғига боғланган оғир бир тошдир.

Россиядаги кузатувчилар назарида¸ КГБ генерали Комилов Каримовдан кейинги давр учун Россия учун маъқул бўлган эҳтимолий раҳбардир.

Бу эҳтимоллар таҳлилига ўтишдан олдин Комилов ким ўзи¸ деган савол жавобини қидирсак.

Абдулазиз Ҳафизович Комилов 1947 йил Тошкентнинг Янгийўл туманида туғилган. Совет даврида Ўзбекистонга узоқ вақт раҳбар бўлган Шароф Рашидовнинг Гулнора исмли қизига уйланганидан кейин у хизмат пиллапояларидан тез кўтарилди¸ дейди москвалик тарихчи¸ интернетдаги anticompromat.org нашри муҳаррири Владимир Прибиловский.

- КГБнинг 101- разведка мактабини қайнотаси кўмагида тугатган. Кейин Шарқшунослик институти аспирантурасида таҳсил олган. Кейин СССР Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Дипломатия академиясини хатм қилган¸ дейди Прибиловский.

Прибиловскийга кўра¸ Комилов КГБ мактабидан чиққан зобит. КГБнинг 1-бошқармаси¸яъни ташқи разведкада ишлаган. Ҳар хил дипломатик шамсиялар остида Яқин шарқда жосуслик қилган. Масалан¸ 70- йилларда КГБнинг Ливандаги резиденти бўлган.

Ливандаги жосусликни қойиллата олмаганидан кейин яна қайинпадарининг кўмаги билан СССР Ташқи ишлар вазирлигининг Яқин Шарқ бўлимига мулозим бўлиб жойлашди¸ дейди суҳбатдош.

- 1984 –88 йилларда ТИВнинг Яқин Шарқ бўлимида ишлаган. Ташаббуссиз¸ ўртамиëна¸ бори ҳам¸ йўғи ҳам билинмайдиган бир ходим бўлган. Аммо бу ўртамиëна ходим генерал-майор унвонига эга эди¸ дейди Прибиловский.

Ўзбекистонлик журналист Сергей Ежков Комиловни юксак ақл заковат соҳиби¸ нуқсонсиз дипломат деб ëзди.

Прибиловский ўз тасарруфидаги ҳужжатларга таяниб¸ бундай хулоса чиқара олмаслигини айтади.

- Комиловни 1988 йилда СССР ТИВдан ҳайдашган эди. Қайнотаси Шароф Рашидов иқтидордан кетгандан кейин Комилов тезда вазирликдан ҳайдалди. Ундан иш талаб қилишди¸ у эса ишни эплай олмади. Уни лавозимда ушлаб қоладиган қудрат соҳиби эса нариги дунëга равона бўлган эди¸ дейди Прибиловский.

Кейинчалик Комилов бир муддат Москвада яшади. Халқаро муносабатлар институтида дарс бериб юрди. Кейин Ўзбекистон ССРнинг Росссиядаги ваколатхонасида маслаҳатчи бўлиб ишлади.

1991 йилда у компартиядан чиқиб¸ ХДП га аъзо бўлиб кирди ва пировардида Тошкентга чақирилиб Ўзбекистон Миллик хавфсизлик хизматига раис ўринбосари қилиб тайинланди.

МХХ да икки йил ишлаганидан кейин Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари қилиб тайинланди. 1994-2003 йиллар орасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бўлди.

Абдулазиз Комилов вазир бўлган пайтда у билан ëнма-ëн ишлаган¸ аммо исми айтилмаслигини сўраган собиқ ўзбек дипломати назарида¸ у бир солдат каби юқори буйруқларини сўзсиз бажарган.

- Қайси режим бўлса ҳам ўшанга ҳалол хизмат қиладиган одам у. Шунақа тарбияланган. Тўғри тушунинг¸ у солдат. Айтилганни қиладиган одам у. Ўз вазифасини ҳалол бажарадиган одам. Яъни ўзининг бошлиғининг буйруғини бажарадиган одам. Тушундингиз-а¸ дейди собиқ ўзбек дипломати.

Аммо Ўзбекистонни узоқ муддат бошқарган Рашидов оиласининг куëви Каримов таъбига ëқмай қолди. Москвалик тарихчи Прибиловскийга кўра¸ Комилов МХХда зам бўлганида¸ Каримовга қарши бир жомадон компромат йиғиб яшириб қўйган. Бундай хатардан нари бўлиш учун Комилов АҚШга элчи қилиб жўнатилди.

Комилов билан ëнма-ëн ишлаган дипломат назарида¸ бу чўкиш даврининг бошланиши эди.

- У одам кетган бўлса кетди. Бошқа кўтарилмайди. Пастга уришса уришади¸ лекин кўтаришмайди. У олдин вазир эди. Одам ëш бўлса¸ перспективаси бўлса¸ бу пастга тушиш ҳисобланмайди. Олдин вазиир бўлган¸ кейин президент маслаҳатчиси бўлган¸ кейин элчи қилиб жўнатилган. Бу туширилиш. Маслаҳатчиликдан элчи бўлиш ҳам¸ элчидан Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бўлиш ҳам туширилиш¸ дейди собиқ ўзбек дипломати.

20 январ куни Комиловнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари қилиб тайинланиши унинг чўкиш жараëнидаги сўнгги босқич¸ дейди Прага Метрополитен университетининг халқаро сиëсатшунослик факултети талабаси Баҳодир.

- Бу юқоридан пастга қувилиш. Лавозимдан четлатиш ва юқорига интилишдан тўхтатиш деб айтилади¸ дейди Баҳодир.

Айни пайтда Россиялик тарихчи Прибиловский назарида¸ КГБ генерали Комилов Каримовдан кейинги давр учун Россия учун маъқул бўлган эҳтимолий раҳбардир.

Прибиловский: Мен уни ворис бўлади¸ деб ўйлайман. Каримов уни ворис қилиб тайинлайди. Шунақа эҳтимол мавжуд. Масалан¸ КГБдан чиққан Путин ҳам уни қўллайди.

Озодлик: Комиловнинг яқин эҳтимолда Ўзбекистон ҳавосини ўзгартирадиган фаол сиëсатчига айланиши Россия манфаатлари билан боғлиқми?

Прибиловский: Йўқ. Комилов КГБнинг заҳирадаги генерали. Балким ФСБдан ойлик ҳам олар¸ аммо у фақат ўз манфаатини кўзлайди. КГБ зобитлари собиқ СССР ҳудудидаги таъсир зоналарини бўлиб олишди. Улар бир колхозга бирлашмоқчи эмас. Шундоғам уларнинг ошиғи олчи.

Озодлик: Постсовет ҳудудларида камида уч нафар КГБ генералининг иқтидорга келганига ўрнак бор (Шеварднадзе¸ Алиев¸ Путин). Хўш¸ ким ўзи КГБдан чиққан мулозим? Уларнинг бошқа мулозимлардан фарқи нимада?

- Фарқ уларнинг ëмонлигида. Одатда ëмон одамлар улар. Улар учун инсон ҳуқуқи уч пул. Зоҳиран уларни бошқа мулозимлардан фарқи йўқ. Улар ҳам чўнтак қаппайтиришади¸ яқинларини ëнига олишади. Аммо уларнинг бир фарқи бор. Улар интрига санъатини махсус эгаллашган¸ қотиллик¸ киприк қоқмай ëлғон айтишдан таълим олишган. Шу боис ҳам оддий мулозимдан кўра жамият учун улар хатарлироқ¸ дейди москвалик тарихчи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG