Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:47

Полша яна Россия ғазабини қўзиди


Полша Мудофаа вазирлигига кўра¸ АҚШ ракеталари Болтиқ денгизи соҳилида жойлаштирилади.
Полша Мудофаа вазирлигига кўра¸ АҚШ ракеталари Болтиқ денгизи соҳилида жойлаштирилади.

Полша ҳукумати яқинда АҚШ томонидан етказиб бериладиган “Patriot” ракета мосламаларининг қайси ҳудудга жойлаштирилишини эълон қилди. Мудофаа вазирлигига кўра¸ АҚШ ракеталари Россиянинг Калининград вилоятидан 60 км масофада жойлашади.

Полша Мудофаа вазири Богдан Кличга кўра, АҚШнинг ер-ҳаво русумдаги “Patriot” ракеталари мамлакатнинг шимолий ҳудуди, аниқроғи Россиянинг Калининград вилоятидан 60 км масофада жойлаштирилади.

Полша ахборот агентликларининг Мудофаа вазирига таяниб хабар қилишича, АҚШ ракеталарининг март ойи якуни ва апрел ойи бошларида Полшага етиб келиши кутилмоқда.

АҚШ томонидан етказиб берилаётган ракета мосламалари Полша мудофаа тизимини такомиллаштиришга қаратилган.

Айни пайтда Россиянинг Полша режаларига ўз эътирозини билдириши кутилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, Варшава режасига жавобан расмий Москва Болтиқ денгизидаги мудофаа тизимини янада мустаҳкамлашга қарор қилган. Бироқ Интерфакс агентлиги Россия Мудофаа вазирлигининг ушбу хабарларни рад этгани тўғрисида хабар тарқатди.

Полша Мудофаа вазири АҚШ ракеталарини Болтиқ денгизига яқин Моранк шаҳрига жойлаштириш режаси ортида ҳеч қандай сиёсий сабаблар ëтмаганини айтди. Унга кўра, мазкур шаҳарда анчадан буён ҳарбий база мавжуд ва янги ракеталар ҳамда АҚШ ҳарбийлари қийинчиликларсиз ушбу базага жойлаштирилиши мумкин.

Полша ҳукумати даставвал АҚШ ракеталарини пойтахт Варшава яқинига жойлаштиришни режалаштираётган эди. 2009 йилнинг декабр ойида АҚШ ва Полша расмийлари “Patriot” ракета мосламаларини Полша ҳудудига ўрнатишга йўл очиб берадиган келишувни имзолаган эдилар.

2009 йил сентябр ойида АҚШ президенти Барак Обама ракета ҳужумидан мудофаа тизими элементларини Полша ва Чехия ҳудудига ўрнатишга оид собиқ президент Жорж Буш даврида қабул қилинган режадан воз кечди.

Бунинг ўрнига Обама денгиз ва қуруқликда ўрнатиладиган такомиллашган кўчма мудофаа тизимини ишлаб чиқиш режасини таклиф қилган эди.

Айни пайтда АҚШ ракеталарининг Полшага етказиб берилиши стратегик қуролларни назорат қилишга оид Россия ва АҚШ ўртасида ўтказилаётган сўзлашувларга ҳам салбий таъсир этиши мумкин.

Стратегик қуролларни назорат қилиш бўйича 1991 йил қабул қилинган СТАРТ-1 битимининг амал қилиш муддати 5 декабрда тугади ва Москва Вашингтон билан мазкур битим ўрнини эгаллайдиган янги ҳужжат борасида анчадан буён сўзлашувлар ўтказиб келмоқда. Бироқ бу учрашувларда ҳозирга қадар илгари силжиш кузатилганича йўқ.

Россия Бош вазири Владимир Путин декабр ойида қилган чиқишида АҚШнинг мудофаа тизими билан боғлиқ режалари ядровий қуролларни назорат қилишга оид янги келишувнинг имзоланишига тўғаноқ бўлмоқда, деган фикрни билдирди.

Путин, шунингдек, Россиянинг АҚШ режаларига жавобан ўз мудофаа тизимини такомиллаштиришини маълум қилди.

Айни пайтда АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Филип Кроли АҚШ ракеталарининг Полша ҳудудига жойлаштирилиши Вашингтон-Москва сўзлашувларига таъсир қилмаслигини билдирди.

- Президент Обама ва президент Дмитрий Медведев мазкур келишувни ниҳоясига етказишга ваъда берганлар. Ишончимиз комил, сўзлашувлар ўзаро ишонч руҳида ўтказилмоқда. Эндиликда музокаралар мураккаблашиши мумкин, деб ҳисобламайман, деди АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили.
XS
SM
MD
LG