Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:37

Бир саволга 5 жавоб - Шўнғиш қачон тўхтайди?


"Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти йилдан-йилга сурункали тарзда ëмонлашмоқда. Матбуот ва сўз эркинлигининг сўнгги аломатлари ҳам йўқ қилинмоқда. Қамоқхона ва ҳибсхоналардагии қийноқлар авжга чиқмоқда...

Энг юқори қатламларга бориб тақаладиган коррупция¸ шунчаки порахўрликдан¸ энди сиëсий коррупция даражасига чиқди. Сиëсий-ижтимоий ҳақлардан буткул мосуво бўлган Ўзбекистон аҳолисининг иқтисодий эркинликлари йил сайин бўғилмоқда."

Йиллардан бери дунë бўйлаб сиëсий ва иқтисодий эркинликлар вазиятини тадқиқ қилиб келаëтган Freedom House, Human Rights Watch¸ Reporters sans frontières¸ Amnesty International¸ Transparency International, Heritage foundation ва The Wall Street Journal каби халқаро майдонда катта нуфузга эга ташкилотларнинг кейинги ойлар¸ хусусан жорий ҳафта эълон қилинган сўнгги ҳисоботлари хулосаси шундай янграйди.

Чунончи¸ жорий ҳафта давомида Heritage жамғармаси ва The Wall Street Journal нашри Ўзбекистондаги иқтисодий эркинликлар йилдан-йилга бўғилиб бораëтганини айтиб¸ бу мамлакатни 183 давлат рўйхатида Сиерра-Леондан ҳам кейинга - 158 ўринга қўйди ва вазиятнинг ўтган йилгига нисбатан ëмонлашганини таъкидлади.

Айни шу ҳафтада¸ жаҳон мамлакатларидаги инсон ҳуқуқлари вазиятига оид йиллик ҳисоботини эълон қилган Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ҳам Ўзбекистондаги йиллардан бери оғир аҳволда қолаëтган инсон ҳуқуқлари вазиятининг янада ëмонлашганини эълон қилди ва Ўзбекистонни инсон ҳақлари буткул бостирилган мамлакатлар рўйхатида қолдирди.

Хусусан¸ Озодлик билан суҳбатда ташкилот расмийси¸ Ўзбекистондан фақат ëмон хабар келадиган бўлиб қолган ва ҳар гал бу хабар аввалгисидан-да совуқроқ бўлиб бормоқда¸ дея тасвирлади вазиятни бир гап билан.

(Бу дастур ҳозирланаëтган дамларда таниқли журналист Хайрулла Ҳамидовнинг ҳам ҳибсга олингани хабари келди ва бу ушбу баëнотнинг яна бир тасдиғи бўлди. )

Хўш¸ Ўзбекистондаги сиëсий-иқтисодий¸ ижтимоий ва инсон ҳақлари вазияти қачонгача пастга шўнғишда давом этади - бу жараëнни тўхтатиш¸ уни ортга қайтариш учун нима қилмоқ лозим?


Марат Зоҳидов¸ Ўзбекистондаги Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси:

Марат Зоҳидов
Ҳақиқатан камчиликлар жуда кўп. Лекин бизнинг асосий вазифамиз ўшаларни камайтириш. Агар мен бориб уни ëмонласам¸ бошқасини ëмонласам¸ биз бундан ҳеч қандай фойда кўрмаймиз. Бизнинг асосий ишимиз одамларга ëрдам бериш. Кўп одам шуни тушунмайди.

Тўғри муттаҳамлар жуда кўп. Лекин асосий иш одамларни ҳимоя қилиш. Биласизми¸ мен ҳамма жойга бориб “Бу диктатор. Бу ундай¸ бу бундай” десам¸ бундан менга ҳеч қандай фойда йўқ. Менга умуман фойда керак эмас.

Коррупция¸ тўшри¸ бутун ҳамма жойларни босиб кетди. Лекин бу аҳвол Россияда¸ Украинада бундан ҳам баттар. Шу билан курашиш керак. Фақатгина гапириш керак эмас. Мен аҳволни яхшилаш учун нима қилиш кераклигини билмайман. Биз¸ ўз марказимиз доирасида¸ катта ғалабаларга эга бўлдик. Фермерларни бир йил ҳимоя қилдик. Президент маҳкамасига ҳар кун хатлар ëзганмиз. Мирзиëевга ëзганмиз. Ҳокимлар жойларида вообше ҳаддидан ошиб кетди. Биз бу ҳақда ҳукуматга ахборот беришимиз керак. Шунинг услубларини¸ формаларини топишимиз керак. Агар ҳар доим “У ëмон¸ бу ëмон” деяверсак¸ ҳеч нарса чиқмайди. Ҳукуматнинг ўзида бўлмағур одамлар жуда кўп. Лекин барибир просто қараб ўтириш керак эмас.

Нима учун ҳамма Ўзбекистондан кетаяпти? Шу ерда ишланглар. Имконият бор¸ биз ишлаяпмиз. Тўғри оғир. Энг осони ўша ëққа бориб олиб¸ танқид қилиш¸ қуруқ гап сотиш.


Руҳиддин Комилов¸ ҳуқуқшунос:

Руҳиддин Комилов
Бу жараëн қачон тўхтайди ëки тўхтамайди¸ бунга жавоб берадиган Ўзбекистон халқи бўлади. Мен¸ бир гуруҳ одамлар ëки буюк шахслардан бири чиқиб “Бу жараëн эртага тўхтайди” деса адашган бўламизда. Очиқ кўз билан¸ реал кўз билан қарайдиган бўлсак¸ ҳар қандай вазият халқнинг табиатидан келиб чиқиб шаклланади. Шунинг учун бунга жавоб бериш жуда оғир.

Эртага ëки индинга тўхтайди¸ кўпаяди ëки камаяди¸ деб айтиб бўлмайди. Халқ овозини чиқаришга қўрқиб қолган бўлса¸ ўзгаришни ким қилади¸ деган ҳақли савол туғиладида. Ҳар бир халқ ўз мамлакатида фаровонлик¸ қонун устувор бўлишидан манфаатдор бўлиши керак¸ мантиқан оладиган бўлсак. Халқ амалга оширмаса¸ бу ҳаракатларни ким амалга оширади?

Эсдан чиқармангки¸ тандир ҳеч қачон ташқаридан қиздирилмайди. Шунинг учун бутун бир вазият бизга ҳам¸ бир гуруҳ шахсларга ҳам¸ қанақадир бошқарувчи одамларга ҳам боғлиқ эмас. Халқимизнинг табиатига боғлиқ бу. Ўзбекистондаги вазият кундан кунга ëмонлашиб бораëтгани ҳақида ҳисоботлар тинимсиз чиқаëтган экан¸ демак халқнинг бу ëмонлашув¸ вазиятни ëмонлаштираëтганларга "тўхта" демаëтгани ифодасидир.


Дилором Исоқова¸мухолифат фаоли¸ инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси:

Дилором Исҳоқова
Ўзбекистондаги вазият бугун ëмон бўлса ëмон бўлдики¸ яхши бўлмади. Албатта “Қачон яхшиланади? Қачон у ëки бу масалада орқага кетиш эмас¸ олдинга юриш ëки ҳеч бўлмаганда жойида тўхташ рўй беради?” деган савол туғилади. Менинг бу саволга биттагина жавобим бор. Қачонки¸ Ўзбекистон ҳукумати тепасига демократик жараëнларни ўтказишга¸ очиқ жамият қуришга тайëр бўлган¸ танқидни кўтара оладиган¸ толерант¸ бировнинг фикрини эшита оладиган президент келса¸ бу ерда ҳамиша ҳукуматнинг хатоларини¸ камчиликларини кўрсатиб¸ нотўғри ишларига алтернатив таклифлар билан чиқиб турадиган оппозиция бўлсагина¸ Ўзбекистонда албатта ўзгаришлар бўлади. Унгача ҳеч нарса бўлмайди. Ҳозирги кунда шундай вазият юзага келишига ҳеч имкон йўқми¸ янаги йил шу кунларда шу саволни берсангиз¸ бундан беш баттар бўлиб ўтирган бўламиз.

Бу¸ шубҳасиз¸ битта кишига ва у яратган системага боғлиқ. Бу катта машинани у одам бошқариб турибди. Биласизми¸ мен халқни танқид қилишдан доимо қўрқаман. Халқни танқид қилиш жуда оғир нарса. Лекин битта ҳуқуқ бор. Мана шу халқнинг вакили бўлганим учун¸ қисман ўзимни танқид бўлгани учун ҳам айтишга балки ҳаддим сиғар - биз халқмасмиз. Биз халқ эмасмиз!

Халқ¸ ўзининг устидан шунча эксперимент ўтказилишига қараб ўтирмаган бўларди. Халқ¸ фарзандларини қамоқларда азобларга қўйиб¸ кунора шунча ўликлар келишига қараб ўтирмасди. Халқ¸ шу қашшоқликка чидамаган бўларди. Халқ¸ фарзандларининг ўз оилаларини ташлаб бутун дунëда қулчилик қилиб юрганига томошабин бўлиб ўтирмасди. Бир оилани гуллатадиган келинчак бўлиши мумкин бўлган қизларининг ҳар жойга бориб баданини сотиш билан пул топишига йўл қўймаган бўларди. Ҳеч бўлмаса¸ милиция кўчада истаган одамини тепиб олиб кириб ташлаëтган пайтда “Эй нима қилаяпсан?” деб овоз чиқарган бўларди. Мана шу нарсалар йўқми¸ ростини билган ҳолда ëлғонларни ютиб¸ чидаб ўтирибмизми¸ демак биз ҳали халқ эмасмиз. Ҳар бир халқ ўзига лойиқ подшога лойиқ экан. Бошқа иложи йўқ экан шекилли. Ҳар куни тепки еб¸ яна қачон тепар экан деб уйимизга кириб¸ ўлдириб қўймаганига шукур қилиб¸ бир буханка нонимиз бўлса¸ “Худога шукур¸ бир буханка ноним бор экан” деб фақатгина жонимизни ва қорнимизни ўйлаб ўтирар эканмиз¸ мана шу аҳволда ўтираверамиз.


Вероника Голдстон (Veronika Szente Goldston)¸ Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси:

Вероника Голдстон
Кўпчилик¸ Ўзбекистонда ҳозирги ҳукмдор кетса¸ ҳамма нарса бирданига яхшиланади¸ деган умидда. Шубҳа йўқки¸ Ислом Каримов даври Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари энг кўп поймол қилинган давр сифатида тарихга киради. Зотан¸ охир-оқибат мамлакатда бўлаётган воқеалар учун Каримов масъул бўлиб қолади. Биз кўп йиллардан бери ёмон аҳволда бўлиб келган Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи Ислом Каримов президент лавозимини тарк этганидан кейин дарҳол яхши бўлади¸ деган хом хаёлда эмасмиз. Бунга Туркманистоннинг аччиқ тажрибасини мисол келтириш мумкин. Президент Сапармурод Ниёзов вафотидан кейин инсон ҳуқуқлари аҳволи яхшиланишига умид катта эди. Янги президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов ислоҳотчи бўлиши ва Туркманистонда фундаментал инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳақиқий ислоҳотлар ўтказишига имконият бор экани ҳақида гапирилди. Мана орадан уч йил ўтди. Натижа эса исталганидек бўлмади.

Менимча, инсон ҳуқуқлари соҳасида ижобий ўзгаришлар бўлиши халқаро ҳамжамиятнинг жуда кўп уриниши ва босимини талаб қилади. Биз расмийлар билан Марказий Осиё ҳукуматларидаги ислоҳотчи унсурлар ва ислоҳотга мойил бўлажак сиёсатчиларнинг янги авлодини қўллаб-қувватлаш масаласини муҳокама қилиб келаяпмиз. Бизнингча, Ислом Каримов ҳокимиятдан кетиши билан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамма нарса яхши бўлади¸ дейиш соддалик бўлади.

Балинт Молнар (Balint Molnar), Freedom House ташкилотининг Европа дастурлари директори¸

Балинт Молнар
Ўзбекистондаги вазият барча кўрсаткичлар бўйича муттасил ëмонлашишда давом этмоқда. Бу жараëн¸ айниқса 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг¸ янада тезлашди. Бир тарафдан¸ жаноб Каримов бораëтган қатағонни юмшатиш¸ мамлакатдаги вазиятни яхшилаш нияти борлигини кўрсатувчи бирор ишорат¸ бирор аломат кўрсатмаëтир. На мен¸ на Freedom House ëки бошқа мустақил ташкилотлардаги бошқа таҳлилчилар¸ Ўзбекистон ичкарисида ҳукумат сиëсатига қарши чиқа олувчи бирор ички кучни кўрмаëтирмиз. Бошқа томондан эса¸ Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан сал-пал бўлса-да самара бериб келган халқаро босим ҳам¸ муттасил сусайиб бормоқда. Бундай вазият эса¸ оддий халқ учун яхшилик келтирувчи сценарийларга кўп ҳам жой қолдирмайди.

Айни пайтда¸ Ўзбекистондаги вазиятнинг бу мамлакатда яшаëтганлар учун бундан-да ëмонлашувини тасаввур қилиш ҳам мушкул. Инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари муттасил топталаëтган¸ сўз эркинлиги¸ эътиқод эркинлиги йўқ даражага келган¸сиëсий ҳақлар тамомила бўғилган¸ коррупция сиëсий даражага чиққан бу мамлакатда вазият ëмонлашувнинг тубига етгандир¸ демаслик мумкин эмас.

Каримовнинг сиëсий саҳнадан кетиши¸ балки унинг ўрнига сал мантиқийроқ фикрловчи ва халқ ва давлат учун лозим сиëсий¸ тинч ислоҳотларга йўл берувчи одамларнинг ҳокимиятга келишига йўл очади¸ деган умидлар йўқ эмас.

Аммо яқин ўтмиш тажрибаси мустабид ҳукмдорнинг оламдан ўтиши¸ аксар ҳолларда ички зиддият¸ кескинлик ва ҳатто зўравонликка эшик очганини кўрсатади. Афсуски¸ Ўзбекистон учун Каримовдан кейин янгиланиш¸ яхшиланиш имкони очиқ қолаëтган бўлса-да¸ мен нисбатан салбий¸ қоронғуроқ сценарийлар эҳтимолга яқин деб қўрқаман. Булар орасида¸ Каримов мухолифлари¸ хусусан унинг ўзи яратган исломий экстремистларнинг ҳокимиятни куч билан ўзгартиришга уриниш эҳтимоли¸ зўравонлик юзага чиқиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Нима бўлган тақдирда ҳам¸ бугун ва ҳозир Ғарб давлатлари ¸ хусусан Европа иттифоқи ва АҚШ Ўзбекистон ва унинг халқини тақдир тақозосига якка ташлаб қўймасликлари лозим. Мамлакат ичкарисида ўзгаришлар учун курашаëтганларни қувватлаш ва Каримовга босимни кучайтириш ҳали-ҳамон ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.


Азиз муштарий¸

Сиз нима дейсиз:

Ўзбекистондаги сиëсий-иқтисодий¸ ижтимоий ва инсон ҳақлари вазияти қачонгача пастга шўнғишда давом этади - бу жараëнни тўхтатиш, уни ортга қайтариш учун нима қилмоқ лозим?
XS
SM
MD
LG