Линклар

Тошкент Афғонистонда улуш ола бошлади


Бир пайтлар совет ҳарбийлари Афғонистон истилоси учун ишлатган Ҳайратон кўприги бугун Афғонистондаги халқаро кучларга ҳам асқатмоқда.

Бир пайтлар совет ҳарбийлари Афғонистон истилоси учун ишлатган Ҳайратон кўприги бугун Афғонистондаги халқаро кучларга ҳам асқатмоқда.

Ўзбекистон Афғонистонга берилаётган электр энергияси миқдорини олти марта кўпайтирди ва ўзбек-афғон темир йўлини қуришга киришди. Кузатувчилар бу лойиҳаларни Тошкентнинг Ғарб билан яқинлашув сиëсатидан туғилган дивиденд¸ дея баҳоламоқдалар.

Бугунги кунда Кобул ва Мозори Шариф шаҳарларига Ўзбекистон кунига 2,3 миллион киловатт – соат электр энергиясини етказиб бермоқда.

Ўзбек-афғон темир йўли қурилиши ҳамда бу мамлакатга электр энергияси берилишининг олти маротаба кўпайтирилгани борасида қўшимча маълумотлар олиш илинжида Ўзбекистон темир йўллари ва Ўзбекэнерго ширкатларига қилган мурожаатларимиз натижасиз якунланди. Ҳар иккала ташкилотдан ҳам “Биз бу борада маълумот бермаймиз”, деган жавобни олдик.

Айрим манбаларда узунлиги 95 километр¸ бошқаларида эса¸ 75 километр деб ëзилаëтган Ўзбекистон томонидан қурилаётган темир йўл афғон-ўзбек чегарасидаги Ҳайратон порт шаҳрини Мозори шариф шаҳри билан боғлайди. Бу қурилиш Ислом тараққиёт банки томонидан берилган 129 миллион доллар маблағ эвазига амалга оширилмоқда.

Айни пайтда¸ Афғонистонга электр узатишни кўпайтириш учун узунлиги 197 километрли Ғузор-Сурхон линияси қурилган. Бу лойиҳани амалга ошириш учун 128 миллион доллар маблағ сарфланган.

Ўзбек-афғон ҳамкорлигини кузатиб бораётган ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов фикрича, Афғонистон Ўзбекистон иқтисодий муносабатларида алоҳида аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам расмий Тошкент бу алоқаларнинг мустаҳкамланишига алоҳида эътибор қаратмоқда.

- Бунинг учта позицияси бор. Иқтисодий манфаатлар бор¸ сиëсий манфаатлар ва хавфсизлик бўйича манфаатлар бор. Иқтисодий манфаатларни олганда¸ Афғонистон Ўзбекистон учун транспорт-коммуникациясини диверсификация қилиб Жанубий Осиë ҳудуди¸ Ҳинд океанига чиқиш учун. Афғонистон Ўзбекистон учун потенциал¸ мавқеи катта бозор. Ҳалигача ишлатилмаган¸ дейди Малик Абдураззоқов.

Афғонистонлик сиёсий таҳлилчи, профессор Фазл Аҳмад Бургит Ўзбекистоннинг ўз мамлакатига кўрсатаётган ёрдами ва иқтисодий алоқаларни юқори баҳолайди. Аммо унинг фикрича, ўзбек-афғон иқтисодий алоқалари Европа, Ҳиндистон, Покистон ёки Туркия билан солиштирганда анча заифдир. Жаноб Бургитга кўра¸ бунга Афғонистондаги нобарқарор вазият сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда, деб ҳисоблайди профессор, Афғонистонда Ўзбекистоннинг фаол сиёсий таъсири ҳам сезилмайди.

- Бугун бир қутбли вазият дунëга ҳоким. Америка бугун дунëнинг биринчи кучи бўлиб минтақага жойлашган. Бу ерда Ўзбекистон Россия сиëсати томонда бўлади ëки Америка томонда. Ўзбекистон Америка билан яқинлашишга¸ алоқаларини мустаҳкамлашга мажбур. Агар бундай қилмаса¸ менинг фикримча¸ Америка Ўзбекистонга жиддий таҳдидлар келтириши мумкин¸ дейди Фазл Аҳмад Бургит.

Фазл Аҳмад Бургит фикрича, Афғонистон ва Покистон ҳудудида Ўзбекистон учун хафли бўлган кучлар мавжуд ва АҚШ истаса, бу кучларни расмий Тошкентга қарши қўллаши мумкин.

- Афғонистоннинг шимолий вилоятларидаги нисбатан барқарор вазиятни Американинг Марказий Осиëдаги сиëсатига боғловчи таҳлилчилар ҳам бор. Чунки муайян гуруҳлардан АҚШ минтақани тинчсизлантиришда фойдаланиши мумкин. Масалан¸ Ўзбекистонга мухолиф кучларни Америка ҳимоя қилиши¸ қўллаб-қувватлаши мумкин. Агар бу фикрдан келиб чиқиладиган бўлса¸ Америка бу билан бу кучларни Марказий Осиëга қарши йўналтириши мумкин¸ дейди Фазл Аҳмад Бургит.

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлими таҳлилчиси Андрей Грозин бундай мушоҳада учун асос борлигини айта туриб¸ айни пайтда бунинг эҳтимолдан йироқлигини таъкидлайди:

- Албатта¸ бундай тахминлар ҳам айтилишга лойиқдир. Бироқ бугунги кунда Афғонистонда жиддий таҳлил қилиш мушкул бўлган ўта қийин вазият юзага келганини ҳам назардан қочирмаслик керак. Яъни, муайян гуруҳлар, жумладан Ўзбекистонга қарши деб айтиладиган кучлар ҳам бирон-бир давлат таъсирида бўлишга мойил эмас. Шунинг учун уларни аксилтошкент кучлари деб атай олмаймиз. Бу кучлар ва гуруҳлар АҚШ, Исроил, Покистон, Россия ва ҳатто Жанубий Корея ҳамда бошқа манфаатдор давлатлар махсус хизматларининг ўйин доирасидадир. Шунинг учун бу кучларни муайян бир давлатга қарши, жумладан, Ўзбекистонга қарши қаратиш жуда осон иш эмас, дейди Андрей Грозин.

Мутахассиснинг айтишича, расмий Тошкент Афғонистонга сиёсий таъсир кўрсата олмаса-да, бу давлат билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали ўзининг 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг жаҳон ҳамжамиятида йўқотган нуфузини тиклашга ҳаракат қилмоқда.

- Маълумки, 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон жуда мураккаб вазиятда қолди. Ўшанда Тошкентни Москва ва Пекингина қўллади. Расмий Тошкент бир томонлама тарзда ўз сиёсий ориентирини Москва ва Пекинга йўналтирди. Шундан сўнг Ғарб Ўзбекистонга босим кўрсатиш сиёсати фойда бермаслигини англаб, расмий Тошкентга нисбатан позициясини юмшатди.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон аввалги ҳолига қайтишга ва Москва, Пекин, Брюссел ҳамда Вашингтон ўртасида моҳирона ўйин олиб боришга ҳаракат қилаяпти. Айтиш жоизки, Токшент бу сиёсатининг биринчи дивидендларини ола бошлади, дейди Андрей Грозин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG