Линклар

Гулнора Каримова испан қиролига ëрлиқ топширади

  • Ҳурмат Бобожон

Гулнора Каримова¸ айрим кузатувчиларга кўра¸ отасига ворис бўлишга ҳозирланиш учун Европага жўнатилган.

Гулнора Каримова¸ айрим кузатувчиларга кўра¸ отасига ворис бўлишга ҳозирланиш учун Европага жўнатилган.

Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ идораларидаги доимий вакили мақомини эгаллаб турган президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора эндиликда Европа иттифоқининг жорий раиси Испаниядаги Ўзбекистон элчиси лавозимини ҳам қўлга олди.

Ўтган йил март ойида Гулнора Каримова испаниялик машҳур хонанда Хулио Иглесис билан бирга испанча “Besamo mucho” қўшиғини куйларкан, унинг ишқи Испанияга тушган бўлса ажаб эмас. Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора энди Испанияга элчи бўлмоқда.

Испания Ташқи ишлар вазирлиги 18 январ куни Каримованинг ишонч ёрлиғи нусхасини вазирлик протокол хизмати раҳбарига топширганини тасдиқлади.

- Янги элчининг исми Гулнора Каримова бўлади. У бу борадаги ҳужжатларни вазирлик протокол раҳбарига топширди. Лекин Каримова хоним ишонч ёрлиқларини Испания қиролига ҳали топширгани йўқ. Бу ёрлиқ янги тайинланган бошқа элчилар иштирокида ҳар уч ойда ўтказадиганимиз махсус маросимда қиролга топширилади. Ишонч ёрлиғини топширганидан кейин у расман элчи деб эълон қилинади, деди Испания Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили.

Гулнора Каримова 2008 йилдан бери Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ идораларидаги расмий вакили сифатида ишлаб келади. Ҳозирча Каримова хонимнинг энди Женевадаги бу лавозимни тарк этиши ёки ўриндошлик асосида Испанияга ҳам элчи бўлиши ноаниқ. Испания Ташқи ишлар вазирлиги расмийсига кўра, дипломатия қонун-қоидаларига кўра, бир шахс бир вақтнинг ўзида бир ва ундан кўп ваколатхонага раҳбарлик қилиши мумкин.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Испанияга элчи этиб тайинланиши бу давлатнинг Европа иттифоқига раислиги даврига тўғри келмоқда. 2010 йил январ ойидан бошлаб Испания иттифоққа раислик навбатини қабул қилиб олди. Испанияда чиқадиган "El Pais" газетаси Гулнора Каримованинг янги лавозимга тайинланишида Ўзбекистоннинг Европа иттифоқи билан ўз муносабатларига катта аҳамият бераётганини кўриш мумкин, деб ёзди.

Мадридда жойлашган таҳлилчи Йёс Бунстра фикрича, Каримова хонимнинг Испанияга элчи бўлиши ортида узоқ муддатли иқтисодий манфаатлар ҳам бўлиши мумкин.

- Энди, Испания Европа иттифоқига фақат олти ой раислик қилади. Бу жуда қисқа муддат. Менимча, Ўзбекистон Испания билан узоқ муддатли иқтисодий манфаатларга кўз тикмоқда. Ўз навбатида¸ Испания ҳам Ўзбекистон билан иқтисодий манфаатга эга. Испаниянинг поезд вагонларини ишлаб чиқарувчи заводи Самарқанд ва Тошкент ўртасидаги янги темир йўли йўналиши учун Талго вагонларни етказиб беришни режалаштирмоқда. Балки Ўзбекистон президентнинг қизи орқали Испания иқтисодига сармоя ётқизиш ниятидадир, лекин буни ҳали кўрамиз, дейди Бунстра.

Балки ўз бизнесини Европа бўйлаб кенгайтириш истаги Каримова хонимни Испанияга етаклагандир? Журналист Майкл Андерсенга кўра, бу ҳам эҳтимолдан холи эмас.

- Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган Ўзбекистоннинг “Бунёдкор” футбол клуби Испаниянинг “Барселона” клуби билан яқин ҳамкор эканини биламиз. Ўтган икки йил давомида ушбу клубнинг юлдуз ўйинчилари Тошкентда бўлиб, мастер-класс машғулотларини ўтказишди. Ўтган ой эса “Реал Мадрид”нинг энг сара ва қиммат ўйинчиси Роналду ҳам Тошкентга борди. Ҳозир эса Гулнора Каримова Испаниянинг “Майорка” футбол клубига кўз тиккан. Испания газеталарининг ёзишича, бу савдога "Майорка" клуби акцияларида ҳам улуши бор “Барселона” футбол клубининг президенти Жоан Лапорта воситачилик қилмоқда, дейди Андерсен.

Аввалроқ, Uznews.net нашри ҳам Гулнора Каримовага тегишли Zeromax ширкати Испаниядаги "Майорка" клубининг Binipuntiró ширкатига тегишли акцияларини 60 миллион еврога сотиб олаётгани ҳақда ёзган эди. Шу пайтгача Zeromax ширкати бу хабарларни на тасдиқлади ва на инкор этди

Ўзбекистонинг Женевадаги БМТ идораларидаги доимий ваколатхонаси раҳбари Гулнора Каримова Швейцарияда яшайдиган энг бадавлат шахслар рўйхатининг 9-ўрнида туради. Бу ҳақдаги маълумотларни Швейцарияда чоп этиладиган нуфузли "Билан" иқтисодий журнали эълон қилди. Журналга кўра, Каримова Женевада ҳашаматли ҳовли сотиб олишга ҳам улгурган. Бу уйнинг баҳоси 18.2 миллион Швейцария франки ёки 18.2 миллион Америка долларига тенглиги айтилади.

Швейцарияда яшовчи ўзбекистонлик диссидент Сафар Бекжоннинг айтишича, ҳозирда Гулнора Каримованинг мақсади Ўзбекистонда президент отаси соясида орттирган бойликларини дипламатик ваколатларидан фойдаланган ҳолда Европада машруълаштиришдан иборат.

- Гулнора Каримова дипломатик мақомларга эга бўлиб ўзининг Европадаги мол-мулкларини легитим қилиш учун¸ Европадаги бой-бадавлатлар даврасига кириш уринишларини давом эттираяпти. “Ислом Каримовнинг ўрнига унинг қизи Гулнора Каримова президент бўлади” деб фикрловчилар ҳам бор. Ўзбекистонда президент бўлиш учун Европада қанақадир шов-шув қилиш¸ у ерда ўзини танитишнинг ҳеч эҳтиëжи йўқ. Ўзбекистонда эҳтиëж бор. Аммо Ўзбекистон диктатура давом этаëтганлиги ва қизи ҳам диктатор бўлиши эҳтимоли бўлганлиги учун ҳатто Ўзбекистонда ўзини танитиб ўтиришга эҳтиëж йўқ. Тўғридан-тўғри ҳокимиятни эгаллаб олиб қўя қолади. Сиëсий мақсадлар учун дипломатик каръералар бошлаши унинг бойликларини қонунийлаштириш ва келажакда судловдан сақланиш учундир¸ дейди Сафар Бекжон.

Гулнора Каримова Ўзбекистон санъати ва маданият форуми фондининг раҳбари ҳамдир. Швейцария ва Испаниядаги элчилик лавозимларидан аввал у Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган, 2003-2005 йилларда эса Россиядаги Ўзбекистон элчихонасида сиëсий маслаҳатчи бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG