Линклар

"Ислом Каримовга ўқитувчиларнинг кераги йўқ"

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда тинчлик ва хотиржамлик бўлиши учун дуо қилиб келаëтган пенсионерларнинг каттагина қисми иқтисодий тангликни ўз танасида янада қаттиқроқ ҳис қиладиган бўлди.

Ўзбекистонда тинчлик ва хотиржамлик бўлиши учун дуо қилиб келаëтган пенсионерларнинг каттагина қисми иқтисодий тангликни ўз танасида янада қаттиқроқ ҳис қиладиган бўлди.

Ўзбекистонлик пенсионер ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари энг сўнгги ижтимоий кўмакдан ҳам маҳрум бўлдилар. Президент фармони билан¸ уларнинг уй-жой-коммунал хизматлари ҳақини тўлаш бўйича ҳар ойда оладиган компенсация тўловлари бекор қилинди.

Ўзбекистон президентининг 2009 йил 21 декабрдаги фармони билан президентнинг “2003 йилнинг 1 апрелидан бошлаб уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича бериладиган имтиёзлар ўрнига компенсация пул тўловларини жорий этиш тўғрисида”ги фармонига ўзгартишлар киритилди. Яъни аввалги фармоннинг мана бу бандлари олиб ташланди:

1. 2003 йилнинг 1 апрелидан бошлаб уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича қонунчилик асосида бериладиган имтиёзлар ўрнига энг кам иш ҳақи ҳисобидан табақалаштирилган миқдорларда ойлик компенсация пул тўловлари жорий этилсин .

2. Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг суммаси меҳнат ҳақи фондига қўшилиши ҳамда иш ҳақи (пенсиялар) тўланадиган муддатларда тўланиши белгилаб қўйилсин.

(Ўзбекистон президентининг “2003 йилнинг1 апрелидан бошлаб уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича бериладиган имтиёзлар ўрнига компенсациялар пул тўловларини жорий этиш тўғрисида”ги фармонидан)

2003 йилнинг 1 апрелидан кучга кирган бу фармондан сўнг, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари, уруш фахрийлари ва ногиронлар коммунал хизматлар, электр энергия учун учун тўланадиган имтиёзлардан маҳрум бўлган эди. Ишлаётган ўқитувчиларга аввал компенсация бериб борилди, бироқ кейинчалик бу ҳам тўхтатилди. Пенсияга чиққан ўқитувчилар эса бугунга келиб бу ижтимоий кўмакдан ҳам маҳрум бўлдилар

Тошкент вилояти туманларининг биридаги ижтимоий таъминот бўлимининг ходими янги фармонни шундай изоҳлаб берди.

- Коммунал тўловлар учун бериладиган компенсация пули 2003 йилда чиққан эди. Кейин 2005 йилда ўзгартиришлар киритилган. Уй-жой коммунал тўловлари учун бериладиган компенсация пули эди. Ëлғизларга¸ уруш қатнашчиларига¸ мактаб ўқитувчиларига¸ кичик медицина ходимларига эди. 1 янаврдан бошалб медикларники билан ўқитувчиларники олиб ташланди. Чунки уларнинг ойликлари анча каттаку барибир. Фақат уруш қатнашчилари ва биринчи гуруҳ кўзи ожизларники қолди¸ дейди Тошкент вилояти туманларининг биридаги ижтимоий таъминот бўлимининг ходими.

Фарғоналик ўқитувчи Шукуржон ака собиқ иттифоқ пайтида ўқитувчилар бир қанча имтиёзларга эга бўлганлигини айтар экан, бугунги кунда улар нафақат бу имтиёзлардан маҳрум бўлгани, балки уларнинг бир тутам маошларининг анча қисми ҳам турли хил баҳоналар билан ушлаб қолинаётганини ва бундан ўқитувчилар турмуши кун сайин оғирлашиб бораётганини таъкидлайди.

- СССР пайтида бизга электр бепул эди менимча. Пул ўтказиларди ëки бепул қилинарди. Бир йилда бир марта кўмир беришарди. У пайтда бизда газ йўқ эди. Бу нарсаларнинг йўқолиб кетганига анча бўлди. Ундан кейин оз-моз пул беришадиганм бўлди. Кейин улар ҳам йўқ бўлди. Энди ҳозир фақат пенсионерлар учун компенсация қолди. Ҳаттоки ер ости сувига ҳам пул олади дейди. Ваҳоланки¸ ичимлик сувини биз уйимизга ташиб келтирамиз. Биз қишлоқда яшаймизку. Ҳеч кимдан сўрамасдан босиб қолишаверади¸ дейди Шукуржон ака.

Шукуржон ака ўқитувчилар маошларининг “маданий” тарзда ушлаб қолинишига шундай мисол келтиради. Масалан, Марғилон шаҳрини қайта реконструкция қилиш учун ҳам ўқитувчининг маоши даркор бўлган эди.

- Мана шунда 13 марта шанбалик ўтказишди. Иш ҳақларидан пул олиб қолишдида ўшанга. Ўрис даврида бир йилда бир марта шанбалик бўларди. Ҳозир бемалол бир кунлик иш ҳақингизни босиб олиб қолаверишади. Нимага¸ шанбаликка. Бу шанбалик кимнинг ҳисоб рақамига бориб тушади¸ ким тасарруфига олади¸ ҳеч ким билмайди буни. Бу йил Қўқонни қайтадан реконструкция қилармиш. Ҳозир энди юрагимизни ҳовучлаб ўтирибмиз¸ дейди Шукуржон ака.

Тошкентлик собиқ математика ўқитувчиси, айни пайтда эса ўқитувчиликдан оладиган маоши оиласини боқишга етмаганлиги учун, касбини ўзгартирган Шавкат аканинг айтишича, жамият тараққиётининг асосини белгилаб берадиган бу касб эгалари ҳукуматнинг эътиборидан четда қолганига анча бўлди.

- 50 фоизлик коммунал тўловлар имтиëз бор эди. Баъзи бир санаторийларга бепул путëвкалар бор эди. Ҳозир уларнинг ҳеч қайсиси қолгани йўқ. Ислом Каримовга ўқитувчиларнинг кераги йўқда. Унга одамлар қанча тўнка бўлса¸ қанча гўл бўлса¸ шунча яхшида. Ҳозир сиз билан биз ўқитувчилар деймизку. Ҳозир ҳақиқий ўқитувчилар йўқ. Ҳаммаси малакаси йўқ одамлар. Училишени битирганлар¸ институтга амал-тақал қилиб кириб ўқиб юрганлар бўш вақтида ўқитувчилик қилиб юришибди. Ярмидан кўп шунақа ҳозир. Айниқса мактабларда. Чунки маълумоти тўлиқ бўлган одамлар бу ойликка яшай олмайди. Улар бошқа соҳага¸ бошқа тирикчиликка уриб кетишади. Шулардан биттаси мана мен. Математика ўқитувчиси. Ҳозир энг керакли ўқитувчилардан биттасиман. Мен қанақа қилиб мактабга бориб ишлайман? Ундан кўра мана бу ерда мардикорчилик қилсам¸ ўқитуви топадиган ойликни йўқ деганда уч кунда топаман¸ дейди

Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 37 680 сўм қилиб белгиланган. Бу бозор курсида яқин 15 доллардан кўпроқни ташкил этади. Пенсияга чиққан ўқитувчилар, тиббиёт кичик ходимлари ана шу маошнинг 45 фоизи миқдорида коммунал хизматлар учун компенсация оларди. Бу тахминан 9 доллар, ёки 17 минг сўмни ташкил этарди. Бу маблағ ҳеч бўлмаганда бир ойлик газ ёки чироқ пулини тўлашга етарди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG