Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:21

Акмал Саидов Женевада қовун туширдими?


Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари борасидаги сиëсатини халқаро майдонда ҳимоя қилиш ваколати Акмал Саидов зиммасига юклатилган.
Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари борасидаги сиëсатини халқаро майдонда ҳимоя қилиш ваколати Акмал Саидов зиммасига юклатилган.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов Женевада ўтаётган БМТ сессиясида таниқли фото ва кинотасвирчи Умида Аҳмедовага нисбатан жиноят иши тўхтатилди¸ деб юборган. Умида Аҳмедованинг ўзи эса¸ ишнинг судга оширилиш арафасида эканини айтмоқда.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов 20 январ куни Женевада ўтаётган хотин-қизлар камситилишига қарши кураш қўмитасининг 45-сессияси иштирокчилари олдида ҳисобот маърузаси қилди. Саидов ўз маърузасида¸ Ўзбекистонда кейинги уч йил мобайнида аёллар ва оналик ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган 8 та қонун қабул қилингани, учта қонунга ўзгартишлар киритилган ҳамда аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий ҳимоялаш борасида 8 та йирик нодавлат ташкилоти фаолият кўрсатаëтганини таъкидлади.

Фарғона.ру ахборот агентлигининг ёзишича, ҳисобот тақдимоти пайтида Акмал Саидовга таниқли фотосуратчи ва кинотасвирчи Умида Аҳмедовага оид савол берилган. Аниқроғи¸ залда ўтирган расмий делегация вакилларидан бири Саидовга қарата¸ Ўзбекистонда аëлларнинг аҳволи зўр бўлса¸ нега Умида Аҳмедовага жиноий иш қўзғатилди¸ қабилида луқма ташлаган.

Бу саволдан бироз эсанкираб қолган Саидов¸ айтилишича¸ ëнида ўтирганлар билан шивирлашгач¸ Умида Аҳмедовага нисбатан жиноят иши вақтинча тўхтатилди¸ деб юборган.

Суратлари ва ҳужжатли филми билан ўзбек халқига туҳмат ва ҳақоратда айбланаëтган Умида Аҳмедова Акмал Саидовнинг Женевaдаги бу баëноти ҳақиқатдан йироқ эканини билдирди.

Умида Аҳмедова: 20 январдан 21 январга ўтар кечаси менга журналист дугонам бошқа шаҳардан “Шунақа бўлди. Нима дейсан?” деб хат ëзиб юборди. Мен бундан бехабарман дедим. Мен у ëқда нима бўлаëтганини қаердан биламан. “Приостановлено” деган гап бўлди¸ деб айтди. Ҳали тўхтатилгани йўқ. Менимча¸ дело судга юборилади.

Озодлик: Ҳозир жиноят иши давом эттирилаяпти¸ сизни сўроққа чақиришаяпти¸ шунақами?

Умида Аҳмедова: Йўқ¸ сўроққа чақиришмаяпти. Менимча¸ тергов тамом бўлди. Судга юборишади. Эртага аниқ биламан судга юборилганини ëки юборилмаганини. Тенденция шунга кетаяпти.

Озодлик: Терговчилар Акмал Саидовнинг бу гапидан хабардор эканми? Бу билан қизиқмадингизми?

- Мен сўраганим йўқ. Мен улар билан охирги марта гаплашаëтганим йўқ. Адвокатим гаплашаяпти. Менимча¸ бехабар улар¸ дейди Умида Аҳмедова.

Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий марказига телефон қилдик. Марказ ходимининг айтишича, Акмал Саидов ҳали Женевадан қайтмаган ва марказ ўз раҳбарининг Умида Аҳмедова ҳақида айтган гапларига изоҳ бера олмайди.

Акмал Саидовнинг ўзи билан боғланишга ҳаракат қилиб БМТнинг Женевадаги бўлими Ўзбекистон ваколатхонасига қилган мурожаатларимиз ҳам самара бермади.

- Биласизми ҳозир тушлик вақти эди. Бир соатдан кейин қўнғироқ қиласизми? Ҳеч ким йўқ ҳозир. Икки яримда қўнғироқ қилинг илтимос¸ деди БМТнинг Женевадаги бўлими Ўзбекистон ваколатхонасида телефон гўшагини кўтарган ходим.

Тушдан сўнг бир неча соат давомида Ўзбекистон ваколатхонаси билан боғланишга қилган ҳаракатимиз самарасиз бўлди. Ваколатхона ходимларидан бирортаси ҳам телефон гўшагини кўтармади.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов Акмал Саидов билан бир қатор халқаро йиғинларда қатнашган. Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, бу йиғинларда Акмал Саидов иштирокчиларнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига ва босимга учраётган шахсларга оид саволларига ҳақиқатга тўғри келмайдиган жавобларни берган.

Суръат Икромов: Менинг фикримча¸ у бу саволга тайëр бўлмаган. Бунақа аҳволда чиновниклар ўзича бир нимани топиб бериши керак. Нимагаки¸ унга кўп мулозимлар¸ халқаро ташкилотлардан келганлар қараб туради. Ўшанда бошқа гап топа олмагандан кейин “тўхтатилди” деб айтиб юборган бўлиши мумкин.

Озодлик: Мана шу гапдан кейин Умида Аҳмедованинг иши тўхтатилиши мумкинми? Акмал Саидовнинг халқаро минбардан туриб айтган гапи эътиборга олиниши мумкинми?

- Менимча¸ олинмаса керак. Бу судга оширилади. Бу гапи эътиборга олинмайди деб ўйлайман¸ дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG