Линклар

Тошкент қийноқлар учун танқид қилинди


БМТ махсус маърузачиси Манфред Новак Ўзбекистондаги қийноқлар масаласини шахсан ўрганмоқчи.

БМТ махсус маърузачиси Манфред Новак Ўзбекистондаги қийноқлар масаласини шахсан ўрганмоқчи.

БМТ Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган маҳбусларга нисбатан мунтазам равишда қийноқлар ва тазийқлар қўлланилиши билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиш чақириғи билан чиқди. Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати БМТ вакилининг Тошкентга бориш мақсадида қилган мурожаатларига жавоб бермаётир.

БиБиСининг хабар қилишича, БМТнинг қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачиси Манфред Новак мазкур муаммони шахсан ўрганиш мақсадида Ўзбекистон ҳукуматидан рухсат олишга уринмоқда.

Новак фикрича, маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўллаш амалиёти Ўзбекистонда оддатий ҳолга айланиб қолган. Халқаро ташкилотларнинг ушбу масалада билдирган хавотирлари ҳам расмий Тошкент томонидан инобатга олингани йўқ.

Яқинда эса Тошкентда аввалига безориликда айбланиб, сўнгра босқинчига чиқарилган сурхондарёлик уч опа-сингил Наргиза, Райҳон ва Хосият Соатовалар Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман Ички ишлар бўлимида тергов пайтида милиция ходимлари томонидан зўрлангани ҳақида хабар тарқатилди. Маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра, ушбу ишга алоқадор бўлган Ички ишлар ходимларидан ҳеч бири ўз қилмиши учун жазоланмаган.

Айни пайтда Манфред Новак Ўзбекистондаги асосий муаммолардан бири - қийноқлар қўллаган ҳуқуқ -тартибот ходимларининг жазога тортилмасдан қолаётгани эканини айтади. Унинг фикрича, куч ишлатар тизими ходимлари жиноий жавобгарликка тортилишдан қўрқмас экан, бу каби ҳолатлар давом эттаверади.

Ҳуқуқ фаоллари эса давлат амалдорларининг маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилишини рағбатлантираётганини айтмоқдалар.

Айтилишича, БМТ маърузасичи Тошкентга бориш учун бир неча бор Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилган. Бироқ Ўзбекистон томони Новак мурожаатига ҳануз жавоб қайтарганича йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG