Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:23

Тожикистонда салафийлар қамалди


Тожикистондаги Салафия оқими раҳнамоси сифатида айбланган Сирожиддин Абдураҳимов.
Тожикистондаги Салафия оқими раҳнамоси сифатида айбланган Сирожиддин Абдураҳимов.

Тожикистонда Салафия оқими раҳбари сифатида айбланган Сирожиддин Абдураҳимовга етти йил, олти салафийга эса беш йилдан қамоқ жазоси берилди. Бу Тожикистонда Салафия оқими диний - экстремистик ташкилот сифатида эълон қилинганидан бери салафийларга нисбатан ўқилган биринчи суд ҳукмидир.

Душанбе шаҳридаги Сино туман суди раиси Марҳабо Турдиматова бу гуруҳ Тожикистон жиноят Кодексининг 189 – моддаси асосида, яъни мазҳаблар ўртасида низо тарқатишликда айбдор, деб топилганини билдирди.

-Намоз сўнгида фотиҳа сурасидан сўнг “омин”ни овоз чиқариб айтишади, рукуъдан аввал ва кейин қўлларини юқорига кўтаришади. Имом Абу Ҳанифа ўз таълимотида “омин”ни паст овозда айтишликни таълим берган. Ҳанафийлар имоми таълимотининг салафийлар томонидан нотўғри талқин қилиниши ортидан Тожикистон мусулмонлари орасида тушунмовчиликлар пайдо бўлган,- деди суд раиси Турдиматова.

Салавот айтиш пайтида тиззаси устидаги мушти орасидан кўрсатгич бармоғини очиш, Оллоҳни Арш устидан деб билиш, намоз вақтида оёқларини кенг очишлик ва бош киймисиз намоз ўқиш кабилар салафийлар раҳбари саналмиш Сирожиддин Абдураҳмонов ва унининг шериклари Сирожиддин Абдураҳмоновнинг ўғли Киромиддин Абдураҳмонов, Абдураҳмон Абдураҳимов, Маҳмадражаб Наврузов, Шаҳобиддин Саидов, Музаффар Файзуллоев, Икромиддин Юсуповларга нисбатан қўйилган айблар экан.

Улар бундан олти ой аввал Душанбе шаҳрининг “Зарафшон” маҳалласидаги масжидда Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Ўшанда бу гуруҳ билан бирга яна қирққа яқин киши қўлга олиниб, дастлабки терговдан сўнг уларнинг ҳаммаси қўйиб юборилган эди.
Аммо Сирожиддин эшон лақаби билан танилган Сирожиддин Абдураҳмонов ва унинг билан бирга салафийлар фаоли деб топилган бу гуруҳ эса тахминан олти ой бадалида Миллий хавфсизлик қўмитасининг ватинчалик сақлаш изоляторидан сақлаб турилган эди.

Сирожиддин эшон суддаги сўнгги сўзида ўзи ва шерикларига қўйилган айблардан бирортасига иқрор эмаслигини айтди.

Унинг ўғли Киромиддин Абдураҳмонов эса бир йил Яман мадрасаларининг бирида диний таълим олганини ва нияти фақат араб тили таржимони бўлиш эканини айтди:

-Отам Ҳанафий мазҳаб. У аксарият тожикистонликлар эргашувчи бу мазҳабдан бошқа мазҳаб ёки оқимдан таълим олмаган ва таълим бермаган. Мен ҳам унинг ўғли сифатида унга бўйсунаман. Мени бу ердан озодликка чиқаринг, зеро Худо афв қилувчиларни севади, - деди сўнгги сўзида Киромиддин Абдураҳмонов.

Бироқ Сино туман судида гуруҳ аъзоларига нисбатан оқлов ҳукми чиқарилмади.

Суд ҳукми билан салафийлар пешвоси саналмиш Сирожиддин Абдураҳмонов етти йилга озодликдан маҳрум қилинди. Унинг шерикларига эса беш йилдан қамоқ жазоси белгиланди.

Судланувчиларнинг ҳукмдан норози бўлган 50дан ортиқ яқинлари суд биносида тўполон кўтаришиб, ҳукм адолатсиз эканини иддао қилишди.

-Ҳақиқий салафийлар дунёнинг турли бурчида салафийлик қилиб юришибди. Булар бегуноҳ. Булар салафий эмас. Эрларимиз фақат қуруқ тухмат қурбони бўлишди, - дейди судланганлардан бирининг аёли.

Судланганлар адвокатлари ўз ҳимоясида бўлган кишиларга қўйилган айблар мантиқсизлигини маълум қилишди.

-Тожикистонда намоз ўқиш тартибини белгилаб берувчи фатво ёки маълум бир қоида йўқ. Кейин “омин”ни баланд овозда талаффуз қилиш бу жиноят эмас, аксинча бу илмий таҳлилга молик баҳс. Шунингдек, намоз вақтида оёқларни неча сантиметр ёйиш ёки намозхонлар елкаларини бир-бирига яқинларштириши кабилар ҳам мантиқсиз айблардир, - деди судланганлардан бирининг адвокати Бузургмеҳр Ёров.

Аснода мустақил кузатувчилар Салафия оқимига нисбатан амалдаги ҳукуматнинг бу хил муносабати жамиятда оммавий норозилик келтириб чиқариши мумкинлигидан хавотир билдиришмоқда.

Кузатувчиларга кўра, ҳукуматнинг бу сиёсати ортидан салафийларга эргашувчи ва уларни қувватловчилар орасидан ўзига “янги душман” пайдо қилиши эҳтимоли кучли.

“Зеро - дейди кузатувчилар - Тожикистон жорий қонунларига биноан ҳар бир шахс ўз дини буюрган фарзу суннатни эркин бажариш ҳуқуқига эга, намоз ўқишда ҳам бирор хил чеклов белгиланмаган”.

Салафия Тожикистонда тахминан 2005 йил ўрталарида пайдо бўла бошлаганди. Дастлаб бу гуруҳ вакиллари билан тожик жамиятидаги Ҳанафий мазҳаб вакиллари ўртасида намоз ўқиш тартибига турлича ёндошув ва унинг ортидан тортишувлар бир неча марта кузатилганди.

2009 йил бошида Тожикистон Бош прокуратураси бу оқимни жамият учун хавфли деб топди ва уни мамлакатдаги фаолияти таъқиқланди. Салафия “Ўзбекистон исломий ҳаракати”, “Ҳизбут - Таҳрир”, “Таблиғ жамоати” каби 10 та диний экстримистик ташкилот рўйхатига киритилди.
XS
SM
MD
LG