Линклар

Хайрулла Ҳамидовнинг ҳибсга олиниши норозилик уйғотмоқда


Тошкентлик футбол шарҳловчиси ва диний-маърифий дастурлар бошловчиси Хайрулла Ҳамидов.

Тошкентлик футбол шарҳловчиси ва диний-маърифий дастурлар бошловчиси Хайрулла Ҳамидов.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилоти тошкентлик таниқли футбол шарҳловчиси¸ диний-маърифий дастурлари билан эл орасида шуҳрат топган Хайрулла Ҳамидовнинг қамоққа олинишига нисбатан норозилик баёноти тарқатди.

Тошкентдан олинган сўнгги хабарларга кўра¸ Хайрулла Ҳамидов ва айни иш юзасидан қўлга олинган уч шахсни ҳибсда сақлаш ҳақида тегишли идоралар томонидан санкция берилган.

21 январ куни эрта саҳарда уйи тинтув қилиниб¸ тўрт соатлик тинтувдан сўнг ўзи ҳам ички ишлар хизмати ва МХХ ходимлари томонидан олиб кетилган Хайрулла Ҳамидов¸ яқинларининг Озодликка билдиришича¸ Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармаси тергов изоляторида сақланмоқда.

Хайрулла Ҳамидов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 216-моддаси¸ яъни ноқонуний диний ташкилот тузганликда айбланмоқда.

Яқинларига кўра¸ Хайрулла Ҳамидовнинг Тошкент вилояти ҳудудидаги диний маъракалардан бирида қилган ваъзи яширин тарзда видеотасвирга туширилиб¸ унинг ҳибсга олинишига баҳона бўлган. Айрим манбаларнинг Озодликка билдиришича¸ бундан уч ойча муқаддам ҳам Хайрулла Ҳамидовни ҳибсга олиш ҳаракатлари бўлган¸ бироқ Ўзбекистондаги айрим нуфузли уламолар аралашуви билан ҳибс вақтинчалик уй қамоғига алмаштирилган.

Ўзбекистонда футбол шарҳловчиси¸ айни пайтда "Холислик сари" каби туркум диний-маърифий радиодастурлари билан шуҳрат қозонган Хайрулла Ҳамидовнинг ҳибсга олиниши унинг ўзбекистонлик мухлислари орасида қизғин муҳокама қилинаëтган бўлса¸ навбатдаги журналистнинг жиноий иш объектига айлантирилишига биринчи бўлиб Чегара билмас мухбирлар ташкилоти баланд овоз билан норозилик билдирди.

Маркази Парижда жойлашган ташкилот баёнотида айтилишича, беш нафар мустақил журналистнинг янги йил арафасида Тошкент шаҳар прокуратурасига чақиртирилиб сўроқ қилинишидан кўп ўтмай, футбол шарҳловчиси¸ диний-маърифий дастурлари билан эл орасида шуҳрат топган Хайрулла Ҳамидовнинг қамоққа олиниши Ўзбекистон ҳукумати халқаро ҳамжамият эътирозларини инобатга олмай, эркин фикрловчи журналистларга босим кўрсатишда давом этаётганидан далолатдир.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг постсовет давлатлари бўлими раҳбари Элза Видал Озодлик радиосига берган суҳбатида, Ўзбекистонда мустақил журналистларни таъқиб қилиш жараёни тобора кучайиб бораётганини айтиб, жумладан:

- Биз тобора кучайиб бораётган бу жараённинг тўхтатилишини хоҳлаймиз. Лекин бу борада мен некбин фикр билдиролмайман, деди.

Айни пайтда Хайрулла Ҳамидовнинг қамоққа олиниши ўзбек жамиятида ҳам катта мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бу борада Озодлик сайтида эълон қилинган хабарнинг ўзига муштарийлар бир неча соат мобайнида 80дан ошиқ шарҳ жўнатгани ва шарҳлар оқимининг тўхтамаётгани ҳам бунга ёрқин мисолдир.

Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромовнинг айтишича, Тошкент кўчаларида ҳам одамлар Хайрулла Ҳамидовнинг қамоққа олиниши тўғрисида гапирмоқдалар. Ҳуқуқ ҳимоячиси бу борада ўз шахсий фикрини ҳам айтиб ўтди.

- У диний масалаларда кўпроқ гапирар эди, балки унинг бу соҳадаги чиқишларидан бирор айб топган бўлишлари мумкин. Ҳайрон қоладиган бир жиҳати бор, Хайрулла мустақил журналист эмас эди, давлат телеканалларида ниманики гапирган бўлса, олдиндан рухсат сўраб, тасдиқлаганларидан сўнггина гапирган. Агар уни мана шу эшиттиришлари ёки кўрсатувлари туфайли қамоққа олган бўлсалар, унда Хайрулланинг раҳбарлари ҳам у билан бирга жавоб беришлари керак. Ҳозирча унга қўйилган айблар ҳақида аниқ бир гап айтиш қийин, чунки унинг нега қамалгани ҳозирча маълум эмас, дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистонлик ҳақиқий журналистлар ташкилотининг раиси, айни пайтда хориж давлатларидан бирида яшаётган журналист Галима Бухарбоева фикрича, Хайрулла Ҳамидовнинг ҳибсга олиниши Ўзбекистонда давлатга қарашли матбот органларида ҳам тозалаш бошланганига ишоратдир.

-Бу воқеа йил бошида Тошкент прокуратурасига чақиртирилган мустақил журналистлар орасидагина эмас, балки давлат журналистлари ўртасида ҳам тозалашнинг бошланганидан даракдир. Хайрулла Ҳамидовнинг ҳибсга олиниши давлатга қарашли журналистларнинг ҳам ҳимояланмаганини, улар бу режимга ўн йил содиқ хизмат қилганидан сўнг ҳам рухсат берилган рамкадан сал четлашсалар янчиб ташланишлари мумкинлигини исботлади, дейди Галима Бухарбоева.

Ўзбекистондаги таъқиблардан қочиб хориж давлатларидан бирида яшашга мажбур бўлаётган мустақил журналист Қудрат Бобожонов ҳам бу фикрга қўшилади.

- Ўзбекистонда матбуот билан боғлиқ бугунги вазият, мустақил журналистларнинг прокуратурага чақиртирилиши, Хайрулланинг қамалиши диктатуранинг янги босқичга кўтарилаётганидан дарак беради. Яъни ҳукумат сиёсатига мойил бўлган журналистларнинг ҳам қамоққа олина бошлагани, сал бўлса-да мустақил фикр билдира олувчи одамларга қарши кураш кучайгани белгисидир, дейди Қудрат Бобожонов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG