Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:55

Тожикистонга яна бир "номақбул шахс" олиб келинди


11 январ куни Тожикистонга экстрадиция қилинган Абдурасул Мирзоев Тожикистон президенти гвардияси собиқ бош қўмондони Ғаффор Мирзоевнинг (суратда) укасидир.
11 январ куни Тожикистонга экстрадиция қилинган Абдурасул Мирзоев Тожикистон президенти гвардияси собиқ бош қўмондони Ғаффор Мирзоевнинг (суратда) укасидир.

Тожикистон гвардияси собиқ қўмондони Ғаффор Мирзоевнинг укаси Абдурасул Мирзоев шу йилнинг 11 январида Араб амирликларидан Тожикистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги масъуллари билдирдилар.

Тожикистон ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоровнинг маълум қилишича, 2009 йил давомида бу мамлакатнинг халқаро қидирувда бўлган 98 фуқароси ватанига экстрадиция қилинган. Улар орасида Тожикистон президенти гвардияси собиқ бош қўмондони Ғаффор Мирзоевнинг укаси Абдурасул Мирзоев ҳам бор.

- Тожикистонда қатор оғир жиноятлар содир қилган ва йиллар давомида халқаро қидирувда бўлган Абдурасул Мирзоев Араб амирлигида ҳибсга олиниб, шу йилнинг 11 январида Тожикистон ихтиёрига топширилди, деди ички ишлар вазири Қаҳҳоров.

Вазирга кўра, Абдурасул Ғаффоров экстрадициясида Интерпол Тожикистонга яқиндан ёрдам берган.

Айтилишича, Абдурасул Мирзоев акаси Ғаффор Мирзоев содир этган жиноятларга шерикликда айбланмоқда.

Тожикистон Бош прокуратураси Ғаффор Мирзоевни одам савдоси, ноқонуний қурол-аслаҳа сақлаганлик, босқинчилик ва ўғирликда айблаганди.

Эслатиб ўтамиз, Ғаффор Мирзоев 2004 йил айни шу жиноятларни содир этганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди.

Дастлабки тергов чоғида Ғаффор Мирзоев давлат тўнтариш уюштириш, ўз шахсий вертолётида бир неча марта Тожикистон ва Афғонистон давлат чегараларини бузганлиги ошкор қилингани ҳам айтилган эди.

Сўнгра Тожикистон Олий судининг ёпиқ эшиклари ортида ўтган маҳкамасида ўз айбларига иқрор бўлгани айтилган собиқ қўмондон бир умрлик қамоқ жазоси олганди.

Мустақил кузатувчиларга кўра, Ғаффор Мирзоев Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг энг яқин одамларидан бири бўлган ва унинг ҳукумат тепасига келиши ҳамда 1998 йил Сўғд вилоятига ҳужум уюштирган исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев ва унинг армиясини мамлакатдан қувиб чиқаришда ҳам анчагина ҳисса қўшган.

Абдурасул Мирзоев акаси Ғаффор Мирзоев қўлга олингандан сўнг Тожикистонни тарк этган эди. Шундан сўнг унга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинганди.

2007 йили Араб амирликлари билан Тожикистон ўртасида гумонланувчиларни экстрадиция қилиш борасида икки ёқлама ҳамкорлик шартномаси имзоланиб, 2008 йил парламентлар томонидан ратификация қилинганидан сўнг Тожикистон ҳукумати Абдурасул Мирзоевни ватанига қайтариш имкониятига эга бўлди.

Мавзу юзасидан Абдурасул Мирзоев яқинлари билан суҳбатлашиш учун қилган уринишларимиз ҳеч қандай натижа бермади. Улар ҳукумат ғашига тегишдан тийилиш мақсадида ҳам журналистлар билан гапирмасликларини айтишди.

Ғаффор Мирзоевнинг адвокати Абдуқаюм Юсупов Абдурасул Мирзоев экстрадициясидан хабарсизлигини айтди.

Тожикистон адвокатлар уюшмаси аъзоси Шуҳрат Қудратов Ғаффор Мирзоев иши сиёсий хусусиятга эгалигини ва унинг билан боғлиқ ишлар ҳар доим “топшириқ” доирасида амалга оширилиб келганини айтади.

- Ғаффор Мирзоев сиёсат саҳнасидаги йирик фигуралардан бири эди. Шуни назарга олган ҳолда, ҳукумат одамлари уни ўзларига рақиб деб билишди ва уни сиёсат майдонидан четлатишди. Абдурасул эса катта мулк соҳиби эди. У ўз атрофида одам тўплаб ҳукуматга қарши ҳаракатлар бошлаши тахмин қилиниб келинарди. Ана шундан қўрққан ҳукумат сохта айбловлар билан бўлса ҳам уни ҳибсга олиш ва акаси сингари уни панжара ортига ташлашдан манфаатдор эди, дея мулоҳаза билдиради адвокат Шуҳрат Қудратов.

Айрим норасмий манбаларга кўра, Ғаффор Мирзоев иши юзасидан шу кунгача Тожикистонда 270 кишига нисбатан жиноий иш очилган бўлиб, улардан 23 нафари турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган экан.
XS
SM
MD
LG