Линклар

Ҳаити пойтахтида қурбонлар сони 150 мингдан ошди


Бугун Канадада кучли зилзила оқибатларини бошдан кечираётган Ҳаитига ёрдам кўрсатишга бағишланган халқаро конференция иш бошлайди.

Монреалда ўтказиладиган анжуманда Қўшма Штатлар, Франция ва Лотин Америкаси давлатларидан Ташқи ишлар вазирларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Халқаро ҳамжамият Ҳаитига бир миллиард АҚШ долларига тенг ёрдам кўрсатишни ваъда қилган. Ассошиэйтед Пресс агентлигига кўра, Европа Иттифоқининг ўзи 575 миллион АҚШ доллари миқдорида ёрдам кўрсатиш ниятини билдирган.

Ҳаити Ахборот вазири Мари-Лоренс Жойслин Лассег зилзила оқибатида мамлакат пойтахтининг ўзида камида 150 минг киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Вазирга кўра, мамлакат бўйлаб қуробон бўлганларнинг сони бундан ҳам кўпроқдир.

Вайроналар остида қанча жасадлар қолганини аниқ айтишнинг иложи йўқ, “балким 200 минг, балким 300 мингдир”, деди Лассег.

12 январ куни рўй берган зилзила Рихтер бўйича 7 баллни ташкил қилди.

Шанба куни қутқарувчилар меҳмонхона вайроналари остида 11 кун қолиб кетган 24 яшар йигитни чиқариб олди. Йигитнинг айтишича, у меҳмонхона ичидаги дўкондан топиб олган кока-кола, пиво ва печеньелар ёрдамида омон қолган.
XS
SM
MD
LG