Линклар

Қозоғистонда мустақил ОАВга босим ўтказиш давом этмоқда


"Стан" телеканали вакилларига кўра, таҳририятга келган бу икки йигит ўзларини терговчилар эканини айтганлар.

"Стан" телеканали вакилларига кўра, таҳририятга келган бу икки йигит ўзларини терговчилар эканини айтганлар.

18 январ куни қозоқ махфий хизматлари мустақил “Стан” телеканалига ташриф буюриб, телеканал фаолияти бўйича текширув ишлари олиб борганлар.

Телеканал директори Бауржан Мусировнинг айтишича, махфий хизмат вакиллари текширувга ўтган йил декабр ойида вафот этган Стан телеканали журналисти Саят Шулембаев ўлимини баҳона қилиб келганлар.

- Ўзларини Асқар Ахметов ва Арман Байтуреев дея таништирган икки киши ички ишлар ходимлари эканларини айтиб, телеканалимизга вафот этган ҳодимимиз Саят Шулембаев ўлими юзасидан келганларини айтдилар. Бироқ икки соат давомида улар телеканал фаолияти, архивдаги материаллар сақланадиган жой, вилоятлардан қабул қиладиган материалларимиз ва материалларни эфирга узатиш техникасини суриштира бошладилар. Вафот этган журналистга алоқадор саволлар эса мутлақо берилмади, дейди Бауржан Мусиров.

Кейинроқ Олмаота Ички ишлар департаменти вакиллари “Стан” телеканалига борган кишиларнинг департамент ходимлари эмаслигини айтганлар.

- Олмаота шаҳар Ички ишлар департаментининг шахсга қарши жиноятлар бўлимида бизнинг телеканалга ташриф буюрган ходимлар ишламаслигини айтишди, дейди Бауржан Мусиров.

Эслатиб ўтсак, ўтган йилнинг 25 декабр куни “Стан” телеканалининг журналист Саят Шулембаев ўз уйида пичоқлаб кетилганди. Ўлимидан аввал журналист Шулембаев Олмаотадаги уйлардан бирининг 6-қаватидан ташлаб юборилган қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк ўлими юзасидан журналистик текширув ишлари олиб бораётганини маълум қилинганди.

Кўпчилик кузатувчилар қозоғистонлик журналистнинг ўлими унинг профессионал фаолияти билан боғлиқ, деган фикрдалар.

- Аксар Интернет нашрлар Саят Шулембаев ўлимини қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк ўлими билан боғламоқдалар. Балки бу шундайдир. Ҳозир менда буни тасдиқловчи фактлар йўқ, шу боис биз ҳозир фақат тахмин қилмоқдамиз, холос, деди “Стан” телеканали бош муҳаррири Александр Габченко.

Ўтган ҳафтада Қозоғистондаги сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи “Одил сўз” ташкилоти Қозоғистонда кетма-кет икки журналистнинг ўлдириб кетилгани юзасидан хавотир билдириб, Ички ишлар вазирлигига мактуб йўллаганди.

Ўз навбатида, Ички ишлар вазирлиги журналистлар юзасидан очилган тергов ишлари ҳали давом этаётгани ва бу ишлар бўйича ҳеч бир аниқ маълумот ошкор қилолмаслигини хабар қилганди.
XS
SM
MD
LG