Линклар

Эркин микрофон - "МХХ чи мени кўчада калтаклади"

  • Абдулла Искандар

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Қарши шаҳридан сим қоққан йигит хавфсизлик хизмати ходими зўравонлигидан шикоят қилса¸ бошқалар диний-маърифий дастурлари билан ўзига минглаб ихлосманд орттирган таниқли журналист Хайрулла Ҳамидов ҳақига дуода эканликларини билдиришди.

Машинамнинг ҳужжати қалбаки чиқди

Абдулла Қаҳҳорнинг "Ўғри" ҳикояси қаҳрамони - ҳўкизини ўғри урган Қобил бобо мулозимлардан адолат истаганидан дашном олган эди. Товламачиларга йўлиққан қашқадарëлик йигит МХХга арз қилганида калтак еди.

- Машина олган эдим. Ҳужжатлари қалбаки чиқди. Қашқадарë вилояти¸ Чироқчи туманидан фуқаро Ашуров Шуҳрат бўламан. Биз МХХга бориб мурожаат қилдик. Миллий хавфсизлик бизнинг хавфсизлигимизни тўлиқ бўйнига олган эдида. Кейин машинани олиб бориб топширдим. Ҳозир булар¸ бизга машина сотганлар¸ тазйиқ ўтказаяпти¸ бошқа қилаяпти. Машинага 12 миллионга шартнома бўлган. 9 миллион 200 мингни улар бўйнига олмаяпти.

Озодлик: Ким сизни урди?

- Машинани бизга сотганларда. МХХ га “Агар жавоб бермасангиз¸ мурожаат қилолмайман. Улар менга тазйиқ ўтказаяпти” дедим. МХХ дагилар ҳам “Нима деяпсан” деб ходимлари бизга куч ишлатиб¸ уриб¸ қўрқитди. Шу ерда менинг мазам қочиб қолди. Бахтиëр ака иккалови машинага зўрлаб тиқиб олиб борди бизни. МХХда Жасур деган бола ишлар экан. Костюмнинг тугмаларини узиб ташлади¸ бир-икки тепди. Кўчада урдида. Ҳамма кўрди уни. СНБ да урди¸ кейин 600 минг сўм пулимизни тортиб олди. “Агар жим юрмасанг¸ шу пайтда бир бола наркотик билан тушган экан¸ наркотикни сендан олган қилиб тиқтириб юборамиз” деди. СНБдаги ходим урди.

Озодлик: Сизни урган СНБ ходимининг исм-фамилияси¸ унвонини айтинг.

- Жасур Шомиев. 600 минг сўм пулимни¸ телефонимни олди. Телефонни қайтариб берди¸ пулни қайтариб бермади. Қарши шаҳар МХХда ишлайди¸ дейди илк суҳбатдошимиз.

Мол аччиғи жон аччиғи

Қўқонда бозор бузилди¸ бозор эгаларига товон берилмади. Шу юзадан очлик қилсакмикан, деб Тошкентга ëзишди. Жавоб ҳам келмади. Нима қилсак экан деб Озодликка телефон қилишди.

- Мен Зокиров Носиржон Қодировичман. "Деҳқонлар" савдо уйи жамоа фирмасининг раҳбариман.

Озодлик: Сизлар очлик эълон қилдингизларми?

- Биз қонуний бўлсин, деб шунга рухсат сўрадик. Олдин президент девонидан тортиб МХХгача еттита идорага “Талабимиз бажарилмаса¸ очлик эълон қиламиз” деб ариза бердик. Ҳеч қандай натижа йўқ.

Озодлик: Улар расман жавоб беришмади.

- Ҳа. Кейин “Бизга кунини ва вақтини белгилаб рухсат беринг” деб шошилинч нома жўнатдик. Уни 20 кишидан иборат имзо билан жўнатган эдик. Бундан ҳам ҳеч қандай натижа бўлмаяпти.

Озодлик: Қўқонлик тадбиркорлар нимадан норози?

- Президентимизнинг Фарғона ва Қўқон шаҳарларини ободонлаштириш бўйича 860 қарoрлари чиққан. Шу қарор асосида деҳқон бозорининг ҳам бузилиши кўзда тутилган. У ерда 134 нафар мулкдор бўлган. Кейин бозорнинг ўзининг мулки бўлган. Шуни бузиб ташлашганда.

Озодлик: Бу ëғига нима қилмоқчисизлар?

- Кеча ҳокимиятда бир нима бўлди. “Кадастр пулларингизни берамиз. Ерларингизни берамиз” деган ваъдалар бор. Икки йилдан бери берилаяпти бу ваъда. Ҳеч қандай натижа бўлмаяпти. Мен ўзимни оладиган бўлсам¸ 18 нафар ишчим билан 21 ойдан бери бекорман. Агар натижа бўлмаса¸ очлик эълон қиламиз деган ниятимиз бор. Ҳар куни ҳокимиятга борилади¸ бошқа бўлади. Мақсад президентга эшиттириш. Сиëсатга аралашиш ë бошқа эмас. Ўзимизнинг ҳақимизни талаб қилиб олиш¸ дейди қўқонлик тадбиркор Зокиров Носиржон ака.

Билиб юргандик

Таниқли журналист Хайрулла Ҳамидовнинг қамоққа олиниши у кишининг мухлисларини ранжитди. Уч кундирки қўлим ишга бормаяпти¸ дейди Москвада мардикорлик қилаëтган юртдошимиз

- Яқинда Ўзбекистонга ташриф буюрган машҳур футболчи Роналду томонидан у кишига бир футболка берилганидан “Ҳа¸ у инсоннниг ижодлари давом этаяпти” деган фикр уйғонган эди. Орқаравотдан “Хайрулла акага тазйиқ бўлаяпти” деган гапни эшитган эдим. Бу нарса кўнглимга келган эди. Бу нарса бўлиши аниқ эди. Ўзбекистон ҳукуматининг бир кунмас бир кун бу кишини терговга чақириши ва қамоққа олиши аниқ эди. Бу нарсани қилмаса бу Ўзбекистон ҳукуматига “уят” ҳисобланади¸ дейди Москвада меҳнат қилаëтган юртдошимиз.

Нима ҳам қилардик

Юртдошимизга кўра Ўзбекистон ҳукуматини мушугини биров пишт дея олмайди.

- Андижон воқеаларида 15-20 минглаб одамларнинг ўлганини эшитдик. Ҳукумат бу инсонларни отиб юборди. 15 минглаб одамларни отиб юборгандан кейин битта одам ҳукумат учун нима? Ҳозир Хайрулла акани олиб киришди. Унинг орқасида ким турибди? Давлат. Давлат ким? Халқ. Битта одам ҳеч нарса қилмайди. Мана инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева. У инсонни олиб кириб кетганда ҳеч ким ҳеч нарса қила олмаганку¸ дейди бу суҳбатдошимиз.

Қўлимиз дуода, бошимиз саждада

Нима қилиш керак деган саволга дуо қилиш керак¸ деб жавоб берди Хайрулла Ҳамидовнинг Mосквадаги мухлиси.

- Менимча¸ инсон тақдирини дуо ўзгартиради. Бошқа нарса йўқ. Фақат дуо қилиш керак. Энди бошқа иложимиз йўқда. Сайтларингда битта бола “Зоримиз бор, зўримиз йўқ” дебди. Фақат дуо қилиш керак, деб ўйлайман. Бошқа иложи йўқда. Ҳозир мен элчихона олдига борганим билан бефойдада бу. Ана Англияда Ҳизбут-Таҳрирнинг бошлиқлари қилдию. Ҳеч нарса ўзгармадию. Нечта инсон ҳуқуқлари қанчадан бери қилиб ëтибди¸ ҳеч нарса ўзгармаяптию. Тўғри қўрқиш бор. Ҳаммада бор ҳозир қўрқиш. Давлатимизнинг ўзидаги аҳолида ҳам қўрқиш бор¸ ташқарида юрганларда ҳам қўрқиш бор. Бу қўзғолон билан битмайди. Ташқарида юрган ëш ўзбеклар борку¸ ўқиëтган болалар¸ ўшаларнинг кўзини очиш керак битта мана шу Хайрулла билан. Ҳозир кўпчилик пул топаяпти¸ нон топаяпти¸ қорни тўйгандан кейин қорни оч билан иши бўлмаяпти¸ дейди Хайрулла Ҳамидовнинг Москвадаги мухлиси.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG