Линклар

Каримовни танқид қилган велосипедчи безорига чиқарилди


Исмоил Маллабове¸ ҳуқуқ фаоли сифатидаги фаолиятини тўхтатиш мақсадида маҳаллий ҳуқуқ идоралари ўзига қарши фитна уюштирганини айтмоқда.

Исмоил Маллабове¸ ҳуқуқ фаоли сифатидаги фаолиятини тўхтатиш мақсадида маҳаллий ҳуқуқ идоралари ўзига қарши фитна уюштирганини айтмоқда.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Исмоил Маллабоевга нисбатан жиноят иши якунланди ва судга юборилди. 60 ëшдан ошган Маллабоев велосипедда Фарғонадан Тошкентга бориб пикетлар ўтказган, 2007 йилги президентлик сайловида халқ орасида Ислом Каримовга муқобил бўлган номзодларни тарғиб қилган эди.

Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Исмоил Маллабоев ўтган йилнинг 9 октябрида безорилик қилганликда айбланмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячисининг ўзи бўлиб ўтган воқеани эслар экан, мана буларни айтади.

Исмоил Маллабоев: 9 октябр куни қизим саккиз ëшга тўлди. Ўша куни кечки пайт ўтирган эдим¸ эшик тақиллаб қолди. Хотиним югуриб чиқди. Орқасидан югуриб чиқсам¸ 1988 йилда туғилган ўспирин қиз хотинимнинг сочидан судраяпти. Бу қизни умримда биринчи марта кўришим. Лекин шу ерда пропискада экан. Уни атайлаб етаклаб келишиб уюштиришган. Гўëки мен у қизни урганмишман. Гўëки мен ичиб олиб кўчада¸ тасаввур қилинг тўртинчи этажда турадиган 60 яшар чол¸ безорилик ҳис-туйғулари билан кўчага чиқиб¸ ҳаракатлар қилганман.

Озодлик: Безорилик айби қўйилаяптими?

- Ҳа. 277-моддани қўйишаяпти¸ дейди Исмоил Маллабоев.

Исмоил Маллабоевнинг айтишича, айни пайтда жиноят иши юзасидан тергов якунланган ва судга юборилган.

Исмоил Маллабоев 1995 йилдан бери инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида фаолият юритиб келади. У бир неча маротаба Фарғонадан Тошкентга велосипедда бориб, пойтахтда Каримов истеъфосини ҳамда мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини талаб қилиб пикетлар ўтказган.

Ҳуқуқ фаоли ўзига нисбатан қўйилган айблов сохта эканини айтар экан, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари унинг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолиятини тўхтатиш учун шундай чора қўллаётганликларни таъкидлади.

- Жиноий иш очилишга сабаб фуқароларнинг ҳуқуқини¸ ўзимнинг ҳуқуқимни жуда яхши билганим. Бу ерда бўлаëтган қинғир-қийшиқ ишларни кўрмаслик учун инсон мутлақо кўр бўлиши керак. Ўшанда одамнинг ҳаëти нисбатан текисроқ кетади. 1995 йилдан бери мен Фарғона вилоят прокуратурасини ўзимнинг мурожаатларим билан тўлғазиб ташладим. Шунинг учун улар мендан қутулиш мақсадида мана шу ҳаракатни қилишди ва амалга оширишга ҳаракат қилишаяпти¸ дейди Исмоил Маллабоев.

Маълум бўлишича, Исмоил Маллабоев тергов давомида маблағи йўқлиги туфайли адвокат олмаган.

Фарғоналик ҳуқуқ фаолига нисбатан очилган жиноят ишини олиб борган терговчи Муҳаммадзиё Отажонов Озодлик радиоси саволларига оғзаки тарзда жавоб беришни истамади. Шунинг учун ҳам бу жиноят иши юзасидан расмий маълумотларни ололмадик.

Озодлик: Сиз Исмоил Маллабоевнинг ишини олиб борган экансиз. Шу борада сиздан маълумот олмоқчи эдим.

Муҳаммадзиë Отажонов: Маълумот телефон орқали берилмайди ака.

Озодлик: Терговни сиз олиб боргансизку. Нимада айбланаяпти у киши?

- Расмий хат билан чиқсангиз¸ кейин гаплашамиз. Телефон орқали гаплашмаймиз ака¸ узр¸ деди Фарғона шаҳар прокуратураси терговчиси Муҳаммадзиë Отажонов.

Ҳозир муҳожирликда яшаётган фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, Исмоил Маллабоевга нисбатан жиноят ишининг қўзғатилиши¸ Ўзбекистонда ҳуқуқ фаолларига босим давом этаётгани белгисидир.

- Ўтюраклар клубининг фаоли Исмоилжон Маллабоевга қўзғатилган жиноят ишини мен айнан Ўзбекистон ҳукуматининг ҳуқуқ ҳимоячилари¸ журналистларга ўтказаëтган тазйиқнинг давоми деб биламан. Улар Исмоил Маллабоевни адолатсизликка¸ ҳукумат мансабдорларининг жиноятларига қарши очиқ норозилигини билдириши муносабати билан ҳам мана шу усул билан унинг овозини ўчиришга ҳаракат қилишган¸ дейди Мўътабар Тожибоева.

Мўътабар Тожибоева Фарғона водийсида жуда кўп ҳуқуқ фаоллари тазйиққа олинганини айтади.

- Фарғона водийсида жуда кўпчиликка жиноий иш қўзғатилган. Мана Носир Зокир судланди. Мен ўзим судландим. Бундан ташқари Араббой Қодиров судфланди. Мана Ғанихон Маматхонов жазо муддатини ўташни бошлади. Абдусалом Эргашевга провокациялар уюштирилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин¸ дейди Мўътабар Тожибоева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG