Линклар

logo-print

Хайрулла Ҳамидов гаров эвазига озод этилиши мумкин

  • Барно Анвар

Айтишларича¸ шу кунларда аксар ўзбекистонликлар орасида Хайрулла Ҳамидовнинг ҳибсга олингани муҳокама қилинмоқда.

Айтишларича¸ шу кунларда аксар ўзбекистонликлар орасида Хайрулла Ҳамидовнинг ҳибсга олингани муҳокама қилинмоқда.

21 январ куни олиб кетилган журналист Хайрулла Ҳамидов мухлислари орасида юрган бундай овозани унинг адвокати қисман тасдиқлади ва тергов жараёнида журналистни озодликка чиқариш сўрови билан аппеляция тартибида шикоят аризаси киритилганини билдирди.

Адвокат Алишер Зайнутдиновга кўра, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 216-моддаси билан айблов эълон қилинган ва 3 ой муддатга қадар қамоқда сақлаш тўғрисида санкция берилган Хайрулла Ҳамидовни эҳтиëт чораси сифатида озодликка чиқариш тўғрисидаги ариза 25 январ куни Тошкент вилоят судига топширилган.

Аммо тез орада журналист гаров эвазига озодликка чиқарилиши мумкин, дейилган хабарларни адвокат на тасдиқлади ва на инкор қилди.

“Тошкент вилоят судига аппеляция тартибида ариза топширдик. Аммо бу аризанинг қачон кўриб чиқилиши ва унинг қондирилиш ёки қондирилмаслиги ҳозир номаълум. Шу боис, бу ҳақда бир нарса дея олмайман”, деди адвокат Алишер Зайнутдинов Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда адвокатнинг сўзларига кўра, Хайрулла Ҳамидов ҳануз Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасида сақланмоқда ва унинг аҳволи “жуда яхши”. “Яқинлари билан учраштирилаяпти, озиқ-овқатлар келтириб беришаяпти. Унга нисбатан ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар бўлаётгани йўқ” дея журналистнинг яқинларини тинчлантиришга уринди адвокат Алишер Зайнутдинов.

21 январ куни ҳибсга олинган ўзбекистонлик таниқли ёш журналист ва футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов ҳамда у билан бирга ҳибсга олингани айтилаётган яна 6 шахс Ўзбекистон Жиноят кодексининг 216-моддасига биноан “ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш ёки уларнинг фаолиятини тиклаш, шунингдек бундай бирлашмалар ёки ташкилотлар фаолиятида фаол қатнашиш” айби билан айбланмоқда.

Журналистнинг яқинлари берган маълумотларга кўра, Хайрулладан бироз муқаддам қўлга олинган 6 шахс Тошкент вилояти, Чиноз туманида истиқомат қилувчи фуқаролардир. Уларнинг Хайрулла ушбу туманда иштирок этган ақиқа маросими иштирокчилари экани ва улар журналистдан бироз муқаддам ҳибсга олингани айтилмоқда.

Аммо бу хабарлар ҳали расман тасдиқлангани ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳали бу хусусда ҳеч бир изоҳ бергани йўқ.

Эслатамиз, 35 ёшли журналист Хайрулла Ҳамидов илк бор Ўзбекистон телевидениесида футбол шарҳловчиси сифатида қилган чиқишлари, сал сўнгра пойтахтдаги “Наврўз” радиоси орқали эфирга узатилган “Холислик сари” эшиттириши, кейинчалик эса “Одамлар орасида” ва “Чемпион” каби газеталардаги фаолияти билан ўзбекистонликлар орасида шуҳрат қозонган.

Асосан, ёшлар ва диндорлар орасида танилган, обрў қозонган журналистни, яқин дўстлари сўзларига кўра, бундан 2-3 ой муқаддам ҳамда ўтган йили ҳам ҳибсга олишга уринишлар бўлган ва у Ўзбекистондаги таниқли уламолар, хусусан, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф аралашуви билан озодликда олиб қолинган.

Бу қанчалик ҳақ гап, дея қилган мурожаатимизга шайх ҳазратларининг ўзидан жавоб ололмадик. Айни пайтда журналистнинг оила-аъзолари ҳам бу ҳақдаги саволларимизни очиқ қолдирди.

“Бу ҳақда биз ҳеч нарса билмаймиз. Бизга ҳеч нарса айтишмаяпти. Лекин илтимос, бизни бошқа безовта қилмай туринглар. Худо хоҳласа, Хайрулла озодликка чиқиб олсин, кейин гаплашайлик. Унга қадар адвокати Алишержонга мурожаат қилинглар, илтимос”, деди журналистнинг оиласи Озодлик билан суҳбатда.

Хусусан, Хайрулла Ҳамидовнинг адвокати Алишер Зайнутдинов ҳам журналистни озод қилиш учун Ўзбекистондаги дин пешволари бел боғлагани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.

Дарвоқе, Хайрулланинг Озодликка чиқиш эҳтимоли борми, деган саволимизга, унинг оила-аъзолари: “Ҳа, шундай дейишяпти”, деб жавоб берди, аммо, бошқа ҳеч бир тафсилотга тўхталмади.

Бироқ, ҳали айтганимиздек, Тошкентдаги бошқа норасмий манбалардан олинган маълумотларга кўра, журналистнинг мухлислари ва дўстлари орасида ҳозир ҳам ўзбекистонлик таниқли дин пешвоси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф аралашуви билан Хайрулла Ҳамидов тез орада гаров эвазига озодликка чиқарилар экан, деган гаплар юрибди.

Буни тасдиқлаган тошкентлик журналистнинг сўзларига, аслида Хайрулла Ҳамидов Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги ақиқа маросимида айнан шу дин пешволарининг сўрови билан иштирок этган.

Бу журналистнинг маълум қилишича, Чинозда “тараққийлар” оқимига эргашган ва Миллий хавфсизлик ходимлари кузатуви остида бўлган ёшлар гуруҳи шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳузурига келган ва у кишининг суҳбатида бўлган.

Бу гуруҳнинг йўлини нотўғри, деб ҳисоблаган шайх ёшлар орасида амри-маъруфлари билан ҳам танилган Хайрулла Ҳамидовдан буларга тўғри тушунча беришни тавсия қилган. Яна шу манбанинг таъкидича, айни мақсадда Хайрулла Чиноздаги икки тадбирда иштирок этган ва аслида журналистнинг мақсади бу ёшлар гуруҳини улар танлаган ва журналист ҳам хато, деб ҳисоблаган йўлдан қайтаришга уриниш бўлган.

“Ҳозир дин пешволари шу мақсадни тушунтириш йўли билан Хайрулла Ҳамидовга оид вазиятга таъсир қилишга уринмоқда”, дейди тошкентлик журналист.

Аммо, ҳали айтганимиздек, бу борада қилган мурожаатимизга журналистнинг оила-аъзолари ва шайх ҳазратларининг ўзидан ҳам жавоб ололмадик.

Озодлик таҳририяти журналистнинг яқинлари ва Тошкентдаги мустақил манбалардан олинган мана шу хабарларга аниқлик киритишда давом этмоқда ҳамда воқеалар ривожи билан сизни таништириб боради.

Aгар ёш журналист Хайрулла Ҳамидовга қўйилган айблов, яъни, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 216- моддаси асосли, деб топилса ва фақат шу моддага биноан иш кўрилса, журналист энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 6 ойдан 5 йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG