Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:49

Энг яхши музқаймоқ – 2009


Бугун Ўзбекистонда¸ нима кўп¸ музқаймоқ кўп!
Бугун Ўзбекистонда¸ нима кўп¸ музқаймоқ кўп!

Ўтган йилнинг энг яхши музқаймоғини 2001 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Халқаро "Йил танлови" фестивал-танлови аниқлади.Бу ҳақда маълумот берган CA-NEWS агентлиги айнан қайси ширкатнинг музқаймоғи ғолиб чиққани тўғрисида хабар қилмади.

Танлов ўтказган ташкилот йилнинг энг яхши пахта ёғини, энг яхши мева шарбатини ҳам аниқлаган.

Танлов ўтказган ташкилотнинг ўз критерийлари бор, албатта.

Бироқ оддий ўзбекистонликларнинг критерийлари ташкилотникидан анча фарқ қиладиганга ўхшайди.

“Йил танлови – Ўзбекистон” ташкилоти бу мамлакатдаги бошқа ташкилотлар каби матбуот учун ёпиқ ташкилот бўлиб чиқди.

Унинг сайтида 2009 йил якунлари ҳали эълон қилинмапти ҳам. Ташкилот телефони ҳам сайтда берилмаган.

Бироқ “Йил танлови –Украина”, “Йил танлови – Беларус” ташкилотларининг оммавий ахборот воситалари учун очиқлиги гувоҳи бўлдик.

Беларусдаги танловчилар вакили мана бундай маълумот берди.

- “Йил танлови” ҳар бир конкрет мамлакат бозоридаги мавжуд товарлар ва хизматларни аниқлайди ва уларга баҳо беради, деди беларуслик танловчи.

“Йил танлови – Ўзбекистон” ўтган йилнинг музқаймоғи, ёғи ва шарбатидан ташқари энг яхши қишлоқ хўжалик дистрибьютери билан энг яхши PR-агентлигини ҳам аниқлабди.

Бизни музқаймоқ қизиқтириб қолди.

Шунинг учун вилоятларда яшайдиган оддий ўзбекистонликлар билан боғландик ва улардан энг яхши музқаймоқ қайси, деб сўрадик.

Фарғоналик Маъруфжон ака:

- Музқаймоқ демоқчимисиз?

Озодлик: Ҳа.

-(кулиб) Мен билмайман умуман. Менинг саломатлигим кўтармайди уни.

Озодлик: Невараларингизга олиб бергандирсиз.

- Йўқ¸ олиб берган эмасман. Уларнинг ҳам томоғи оғриб қолади¸ дейди фарғоналик Маъруфжон ака.

Наманганлик ўзини таништиришни истамаган уй бекасининг икки фарзанди бор.

Озодлик: Қанақа музқаймоқ оласиз?

- Пломбир.

Озодлик: Қайси заводники у?

- Тошкентники шекилли. Билмасам.

Озодлик: Яхшими ëки арзонлиги учун оласизми?

- Арзонидан олмаймиз биз. Қимматидан оламиз.

Озодлик: Ўша пломбир неча пул?

- 800-1000 сўм. У томоғини оғритмайдида. Қаймоғи борми шунақа¸ дейди наманганлик уй бекаси.

Андижонлик тингловчимиздан эшитинг, энди.

- Ўриснинг даврида катта бўлган одамлармизда. Сливочное мороженное деган нарса бўларди. Жуда арзон бўларди. Шуни ердикда. Бошқа мороженное еган эмасмиз. Ҳозир баклашкадаги сувни ҳам музлатиб ҳам мороженное қилишаяпти. Булар мороженное эмас энди¸ дейди андижонлик тингловчимиз.

Навбат Қашқадарёга келди. Ҳасан акадан эшитинг.

- Мен мороженное емайман.

Озодлик: Нима учун?

- Тишимни эҳтиëт қиламан.

Озодлик: Болаларга¸ невараларга олиб берарсиз.

- Энди шу қоғозларда қадоқланган чиройли мороженноелар келади. Ўшаларнинг қайси бўлса¸ олаверамиз. Ëжик дегани чиққан. Ўша ҳам арзон¸ ҳам қулай.

Озодлик: Демак¸ болаларингиз Ëжик деган мороженноени яхши кўради.

- Ҳа¸ арзонда¸ дейди Ҳасан ака.

Қашқадарёлик тингловчимизнинг энг сўнгги сўзига эътибор беринг: “Арзонда”, деди у.

“Йил танлови – Ўзбекистон” ташкилотининг критерийлари қандайлигини билмадигу лекин ўзбекистонликлар аксариятининг товарни баҳолашдаги критерийси бугунги кунда битта: арзон-қимматлиги.

Бозорда товар кўп, дейди фарғоналик Маъруфжон ака.

- Ўзимизнинг косиблар ҳам пойафзал фабрикаси билан рақобат қиладиган даражага бориб қолди ҳозир. Булар ҳам анча сифатли ишларни қилишаяпти. Буни ҳам тан олишимиз керак¸ дейди Маъруфжон ака.

Хуллас, бозор тўла мол. Фақат пул етарли эмас.

- Пул дефицити бор. Буни тан олиш керак¸ дейди Маъруфжон ака.

Шунинг учунми, андижонлик тингловчимиз “Йил танлови” музқаймоқнинг яхшиси қайси, деб танлов ўтказганини эшитиб кулди.

- Мороженноенинг биринчи¸ иккинчи ўринни оладиган тақдимоти ўтказилаяпти экан. Бу дегани замон¸ давлат ниҳоят ўзининг чўққисига чиққанда ўтказиладиган нарсалар. Ҳозир мороженное борлигини ëш болалар ҳам билмайди. Сиз тасаввур ҳам қила олмайсиз. Баклашкадаги рангли сувлар музлатилиб¸ ëзи билан сотилади. Бу 100 сўм туради. Болалар олиб ейди. Ширин сувнинг музлатилганида. Яхши мороженное олиб ейдиган одамлар Андижонда бўлса 10 та бордир¸ 20 та бордир. Масалан мен ўзим уни тасаввур ҳам қила олмайман. Ҳозир одамлар учун мороженноедан зарурроқ нарсалар қайнаб ëтибди. Биринчи¸ иккинчи ўрин эмас¸ буларни ҳозирги кунда халққа етказиб бериш муаммо¸ дейди андижонлик тингловчимиз.

“Йил танлови” энг яхши пахта ёғини ҳам аниқлагани ҳақида айтдик.

Андижонликларнинг қалин қатлами эса, мана бундай ёғ еяпти шу кунда:

- Бизда ҳар ойда одамларга 400-500 грамм¸ гоҳида энг кам берилгани 180 грамм¸ оқ ëғ берилди. Бу машинада ишлаб чиқарилган қоп-қора¸ илгари отрабон дейиларди¸ шунга ўхшагани ҳам икки-уч ой сотилди.

Озодлик: У тозаланмаган-а?

- Тозаланмаган. Баклашкага қуйганда. Кўчада кўтариб кетаëтганда одамлар ҳазиллашиб “Офтолни қаердан олдинг?” деса¸ “Офтолмас бу¸ отрабон” дейилаяпти. Шуни ўзимиз едик. Аччиқ. Иложи йўқ бўлгандан кейин бошқа нима еймиз? Бозорга борсангиз¸ шунақаси ҳам 3000 сўм¸ дейди андижонлик тингловчимиз.

“Йил танлови” ўтказган сўровда андижонликлар иштирок этмаганга ўхшайди.

Ташкилот йилнинг энг яхши PR-агентлигини ҳам аниқлабди.

У йилнинг энг яхши журналистини аниқлагани тўғрисида маълумот йўқ.

Агар "Йил танлови" шу номинация бўйича ҳам сўров ўтказганида биринчи ўрин 5 кундан бери ҳибсда сақланаётган тошкентлик журналист Хайрулла Ҳамидовга теккан бўлармиди?

Лекин музқаймоқнинг яхшисини излаган ташкилотнинг журналистнинг яхшисини излаши қийин-ов.

Бундай ташкилот PR-шчикнинг яхшисини аниқлайди.
XS
SM
MD
LG