Линклар

Расмуссен: Афғонистондаги НАТО кучлари истилочи кучлар эмас


Озодлик радиоси мухбири Абубакир Сиддиқ билан гаплашган Расмуссен НАТОнинг Афғонистондаги миссияси “истило” эмаслигини урғулади.

Озодлик радиоси мухбири Абубакир Сиддиқ билан гаплашган Расмуссен НАТОнинг Афғонистондаги миссияси “истило” эмаслигини урғулади.

Озодлик радиосига берган эксклюзив интервьюсида НАТО бош котиби Андерс Фог Расмуссен пайшанба куни Лондонда бошланадиган Афғонистонга оид халқаро конференциядан конкрет натижаларни кутаётганини таъкидлади.

Озодлик: Афғонистон ҳукумати Лондон конференцияси давомида Толибон билан муросага эршишга оид батафсил режани тақдим қилиши кутилмоқда. Бундан аввалги режалар халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланмагани учун амалга ошмади. Бугун вазият ўзгарганига асос бўлувчи сабаблар борми?

Андерс Фог Расмуссен: Ҳа, менимча вазият жуда ўзгарганган, биринчидан бу режалар сиёсий жиҳатдан ёқланмоқда. Иккинчидан, халқаро ҳамжамият муроса ва бирдамликка эришиш уринишларига молиявий кўмак тақдим қилишига умид қиляпман. Бунда, муроса ва бирдамликка эришиш жараёнига Афғонистон ҳукумати бош-қош бўлиши муҳимлигини алоҳида таъкидлашим жоиз ва бу жараёнда қатнашадиган гуруҳлар Афғонистон конституцяиси ва демократиясини қабул қилиб, унга амал қилиши лозим, деб ҳисоблайман.

Озодлик: Халқаро коалиция бу жараён учун Афғонистондаги Толибон ҳаракатининг бирорта нуфузли аъзосини мақбул, деб кўряптими? Улар томондан бирор ишорат бўлдими?

Расмуссен: Йўқ, аввал айтганимдек, муроса ва бирдамликка эришиш жараёнига Афғонистон ҳукумати бош-қош бўлиши муҳимдир. Биз, албатта, Афғонистон ҳукумати буни истаса, бу жараёнда кўмаклашишга тайёрмиз. Лекин мен бу жараённи Афғонистон бошқари муҳим, деб ҳисоблайман.

Озодлик: Толибон урушда ғалаба қилаётганини иддао қилиб турган бўлса, уларнинг муросага боришига қанчалик ишониш мумкин?

Расмуссен: Биринчидан улар ғолиб бўлмайди. Биз улардан устун келамиз. Улар Афғонистонда ҳокимиятни қайта қўлга кирита олмайди. Чунки биринчидан, афғон халқи Толибоннинг қайтишини эмас, озодлик ва демократияни истайди. Иккинчидан, биз муваффақиятга эришиш учун жуда муҳим қарорларни қабул қилдик. Биз қўшинлар сонини сезиларли тарзда оширдик. Биз Афғонистон хавфсизлик кучлари имкониятларини ривожлантирамиз. Бундан ташқари, халқаро ҳамжамият Афғонистон тараққиёти учун молиявий ёрдам кўламини кўпайтиради, шунингдек Афғонистон ҳукумати ҳам коррупцияга ва наркотикларга қарши курашни кучайтириш, умуман олганда ҳокимят самарасини ошириш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Ана шу сабабларнинг барчаси 2010 йилда Афғонистонда янги ҳаракатлар ва янги ижобий натижаларни кўрамиз, дейишга асос бўла олади.”

Озодлик: Айни мавзуга оид яна бир савол. Афғонистондаги НАТО кучлари қўмондони генерал Стэнли МакКристал 25 январ куни эълон қилинган интервьюсида, ҳар бир афғонистонлик келгусида мамлакат ҳукуматида фаолият олиб бориши мумкинлиги ҳақида гапирди. Бу фикрга қўшиласизми? Агар Толибон етакчилари ҳукуматга қабул қилинса, Афғонистондаги урушда ғалабанинг бошқа томонга кўчаётганидан дарак бўладими? Умуман, ғалаба, деган тушунчани қандай изоҳлаган бўлардингиз?

Расмуссен: Мен муваффақият ҳақида гапирган бўлардим, муваффақият эса, хавфсизлик масъулиятини афғон халқи, афғон хавфсизлик кучларига тпоширишдан иборат бўлади. Пировард мақсад афғон халқининг ўз уйларининг хўжайинига айланиши ва ўз мамлакатларини бошқариш ва у ерда хавфсизликни таъминлашига эришишдир. Биз ҳозир у ерда афғон халқини ҳимоя қилиш учун қоляпмиз. Биз барқарор жамият ва барқарор демократиянинг ўрнатилишига ёрдам бермоқдамиз. Ва сизни ишонтириб айтишим мумкинки, бу ишни якунламагунимизча у ерда қоламиз. НАТО ва Халқаро хавфсизлик ёрдами кучлари истилочи кучлар эмас. Биз у ерда миссия адо этилгунча қоламиз, лекин пировард мақсадимиз масъулиятни афғон халқига топширишдир.

Озодлик: Афғонистон кучларини тайёргарликдан ўтказиш масаласига келсак, ғарблик иттифоқчилар Афғонистон хавфсизлик кучлари хавфсизлик масъулиятини ўз зиммасига олиши учун уларнинг сони ошиши лозимлигини айтаётган бир пайтда, Афғонистон кучларига замонавий ҳарбий ускунлар ва қуроллар тақдим этилмаяпти, деган фикрлар ҳам бор. НАТО қўшинлари эртами, кечми Афғонистонни тарк этгач, у ерда қандай ҳарбий инфратузилма қолдирилади, деб ўйлайсиз. НАТО яқин келажакда ёрдам беришда давом этадими?

Расмуссен: Буларнинг ҳаммаси Афғонистоннинг қандай ривожланишига боғлиқ бўлади. айтиб ўтганимдек, мақсадимиз хавфсизлик масъулиятини Афғонистон хавфсизлик кучларига топширишдир ва шунинг учун биз ҳозир афғо аскарлари ва полициясини тайёргарликдан ўтказиш ишларини олиб борамиз. Афғонистон ҳукуматининг 2011 йилгача ўз хавфсизлик кучлари сонини 300 мингга етказишга оид қарорини юқори баҳолаймиз. Ва алабатта, Афғонистон хавфсизлик кучларига тегишли тарзда ҳарбий ускуна ва қуроллар етказилишини таъминлаймиз. Бу қандай амалга оширилиши, албатта, келаси йиллар давомида хавфсизлик вазиятининг қандай бўлишига боғлиқ бўлади.

Озодлик: Хавфсизлик масаласини муҳокама қиладиган бўлсак, ҳукумат ичида дала қўмондонлари каби мунозарали шахсларнинг борлигини инобатга олган ҳолда, афғон кучларини қурол билан таъминлаш ва ҳарбий тайёргарликдан ўтказишда қандай муаммолар туғилиши мумкин.

Расмуссен: Тажрибадан шуни яхши биламизки, афғон хавфсизлик кучлари самарали ишлайди. Ҳозирда афғон хавфсизлик кучлари Афғонистонда олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатларнинг учдан икки қисмига масъулиятни ўз зиммасига олган ва ана шу фактнинг ўзигина афғон хавфсизлик кучларининг имкониятлари ва қатъиятлилигидан далолат беради. Афғон аскарлари яхши жангчилардир ва улар Афғонистон ҳукумати ва демократиясини қўллаб-қувватламайди, дейишга ҳеч қандай асос йўқ, чунки пировардида бу афғон халқининг манфаатига хизмат қилади.

Озодлик: Стратегик аҳамиятга эга бўлган саволга ўтсак, Афғонистондаги курашга аралашган барча томонлар президент Барак Обаманинг қўшинларни олиб чиқиш муддатини белгилаганини ўз манфаатларида фойдалнишга ҳаракат қилмоқда. Афғонистондаги Толибон ҳаракати ҳозир пайт пойлаб турибди. Ҳориж қўшинлари чиқиб кетишини пайқаган Афғонистон ҳукумати ўз ҳокимиятини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Покистон ҳарбийлари ҳам буни Афғонистондаги Толибонга қарши курашмаслик учун баҳона қилиб кўрсатмоқда. Ана шуларни инобатга оладиган бўлсак, Обама қўшинларни олиб чиқиш муддати ҳақидаги фикрини қайта кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайсизми?

Расмуссен: Лекин президент Обама Афғонистонни тарк этиш ҳақида гапиргани йўқ. У эълон қилган стратегия Афғонистондаги миссиямиз 2011 йилгача қандай бўлишига оид баҳодир ва менимча бунинг салбий томони йўқ. Айтмоқчиманки, биз қўшинлар сонини сезиларли тарзда оширишга қарор қилдик ва келаси бир-бир ярим йил давомида ижобий натижаларга эришилишига умид қиляпмиз. Шунинг учун менимча, 2011 йилнинг ўрталарига бориб вазият қандай бўлишига оид башоратларни қилиш мумкин. Лекин президент Барак Обама Афғонистонда чиқиб кетиш ҳақида гапиргани йўқ. Аввал айтганимдек, биз Афғонистонда хавфсизлик ўрнатилмагунча у ерни тарк этмаймиз. Сизни ишонтириб айтишим мумкинки, халқаро коалиция Афғонистон ўз оёғига туриб олмагунча у ерни тарк этмайди. Уларни ташлаб кетмаймиз. Шу маънода, 2011 вазиятни баҳолаш учун муҳим йил бўлади, лекин бу масалага мавжуд шароитга қараб ёндашамиз. Вазият хавфсизлик масъулиятини босқичма-босқич Афғонистон хавфсизлик кучларига топширишимизга имкон беришига умид қиламиз. Лекин бу афғон аскарлари ва полициясининг хавфсизликни таъминлай олиш қобилиятларига боғлиқ бўлади.

Озодлик: Сўнгги савол жаноб бош котиб. Лондон конференциясида қандай конкрет режалар ва вазифаларнинг қабул қилинишини кутаяпсиз?

Расмуссен: Лондон конференциясида иккита аниқ натижага эришилишини истар эдим. Биринчидан, Афғонистон кучларига хавфсизлик масъулиятини топширишга оид режа бўйича келишиб олинишига умид қиляпман. Хавфсизлик масъулиятининг афғон хавфсизлик кучларига топширилиши мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилишини таъминлашимиз зарур. Ва Лондон конференциясида бунга оид қарор қабул қилинади, деб ўйлайман. Иккинчидан, халқаро ҳамжамият ҳамда Афғонистон ҳукумати Афғонистонни қайта қуриш ва ривожлантириш уринишларини кучайтиришга оид мажбуриятини олишларига умид қиляпман. Шу сабабдан Лондон конференцияси Афғонистонда 2010 йилда янги ҳаракатлар ва ижобий натижаларга эришилишига ҳисса қўшади, деб ўйлайман.

Озодлик: Жаноб бош котиб, бизга ажратган вақтингиз учун ташаккур.
XS
SM
MD
LG