Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:31

Қозоғистонда азайимхон кўпаймоқда


Сўнгги пайтларда Қозоғистонда ўзларини фолбин, сеҳргар ва табиб дея атагувчилар сони кўпайиб кетди. Улар орасида ўз хизмати учун ҳатто бир неча минг АҚШ долларигача сўровчилар ҳам бор.

Мавзуни ўрганиш чоғида биз уйи Олмаота шаҳрининг марказида жойлашган фолбин аёл Норхон Намоз қизини маҳаллий газеталарнинг бирида берилган эълон орқали топдик. Суҳбатдошимизнинг айтишича, у ҳар куни 20 дан зиёд кишини қабул қилади.

Фолбин аёл одам тақдирини кўра билиш ва уни ўзгартира олиш қобилияти ўзига Оллоҳдан берилган инъом эканига ишонади.

- Одамнинг тақдирини кўра билиш қобилиятини мен 13 ёшимда сездим. Бу осон бўлмаган, мен доим қўрқув ва ҳаяжон ичида бўлардим. Шундан сўнг мен келажакни кўра бошладим. Масалан, қишлоғимизда қўшнилар моли ўғирланган тақдирда бу ким томонидан амалга оширилганини айтиб бера олардим, дейди фолбин аёл.

Вужуди инс-жинслар таъсири остида бўлмиш киши улардан тозаланмагунга қадар ҳаёти яхшиланмаслигини таъкидлаган фолбин аёл қабулига келувчи ҳар бир кишига унинг ёнига камида 7 маротаба келиши шартлигини айтади. Фолбин Норхон Намоз қизининг қабулига бир марта кириб чиқиш ҳақи 2 минг танга ёки 15 АҚШ долларини ташкил қилади.

Аммо мавзуни ёритиш чоғида ҳозирда Олмаотада бир марта фол кўриш ва тақдирини ўзгартириш учун одамлардан бир неча минг АҚШ долларигача пул талаб қиладиган фолбинларнинг ҳам борлиги аниқланди.

Дейлик, исми сир сақланиши шарти билан овозини ёзиб олишга муваффақ бўлганимиз яна бир фолбин аёл 1,5 мингдан то 5 минг АҚШ долларигача пул эвазига оддий одамдан то давлат раҳбари тақдиригача ўзгартириб бера олишини айтади.

Фолбин аёл қабулига келган ҳар бир одамга ҳаттоки Голливуд юлдузларини ҳам мойил қилиб бера олиш қувватига эгалигини таъкидлайди.

Мавзуни ёритиш давомида ҳозирги пайтда Қозоғистон, хусусан, Олмаотада ўзларини фолбин, сеҳргар ёки табиб дея атагувчилар хизматидан фойдаланиш у қадар муаммо туғдирмаслигига гувоҳ бўлдик. Олмаота марказида бундай кишилар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари назоратисиз ўз фаолиятларини бемалол давом эттирмоқдалар.

Аснода мамлакатда азайимхон ва парихонларнинг кўпайиши қозоғистонлик диндорларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

- Шу пайтгача бу муаммо муҳокама қилинмай келинганди. Уларнинг ҳеч бири судга тортилмаган эди. Ўйлашимча, бу коррупция билан боғлиқ. Агар фуқаролар бундай фирибгарлардан шикоят қилиб келсалар, ҳуқуқ-тартибот органлари уларни текшириши керак. Аммо уларни ҳеч ким текширмайди, дейди Қозоғистон мусулмонлари иттифоқи раиси Мурод Телибеков.

Унга кўра, совет ҳукумати қулагач, Қозоғистонда ўзини фолбин, сеҳргар ва табиб дея атагувчилар сони икки баробар кўпайиб кетди. Телибеков фикрича, бу жараён Қозоғистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган сиёсатнинг бир кўринишидир.

- Агар расмийларимиз хоҳлашса, истаган пайтда фолбинлар фаолиятига чек қўя олган бўлардилар. Мен, ҳукумат аксинча Яқин Шарқдан келаётган даъватчиларга доимий равишда қаршилик кўрсатиб туриш ва умуман олганда, Исломнинг қозоғистонча моделини сақлаб қолиш учун уларни қўллаб-қувватлаяпти, дея тахмин қиламан, дейди Мурод Телибеков.
XS
SM
MD
LG