Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:52

29. Тараққийпарвар қишлақилар


Аҳолининг 70 фойизи қишлоқда яшайди. Қишлоқ аҳолисининг 70 фойизи эса деҳқончилик билан шуғулланади.

Чорвадорлар, мардикорлар ҳам асосан қишлоққа боғланган бўлиб, умумий аҳолининг чорак қисмини ташкил этади. Уларнинг битта оёғи тўрда бўлса, битта оёғи гўр ёқасида туради.

Аксарият ҳамқишлоқлар, дордан қочган одамлар шаҳарда яшайди, деб ўйлайди ва ўз ақидасига қатъиян ишонади.

-Шаҳарликлар қўлини совуқ сувга урмайди. Кўтини ҳам иссиқ сувга ювади. Оғзини нонга артиб, ахлатдонга ташлаб юборади. Бола-чақасининг ёнида эр-хотин жимо қилади. Бўйдоқ йигитлар лифтга кирган хотин-қизларнинг орқасига тираб олади. Ҳожатхонада ўтириб ўсириб юборсанг пастдаги қўшнинг ҳам, юқоридаги қўшнинг ҳам, зинапоя майдончасида лифт кутиб турган бегона меҳмон ҳам баралла эшитади. Улар ҳамма нарсани пулга сотиб олади: сут-қатиқ, совуқ ва иссиқ сув, тухум, нон фақат нақд пулга берилади. Бизда мева-чева текин, сут-қатиқ ва тухум ўзимиздан чиқади. Лифт ҳам йўқ. Бола-чақа қоронғи тушган заҳоти ўтирган жойида донг қотиб ухлаб қолади; оёқ-қўлидан судраб ўрнига элтиб қўйилса, субҳидамда хўроз қичқиргунча кетини ўғри кесиб кетса ҳам сезмайди. Эр-хотин айвон-долондами, сандал ёнидами, бирорта бўш хонадами, ишқилиб, дуч келган жойда ку-кулашиб, субҳидамгача ғусл қилишга улгурса – марра уларники. Хўш, фаровон ҳаёт кечириш учун яна нима керак?

Пахтакорга ўтган замонда қийин бўлган, ҳозир ҳам қийин, келаси замонда ҳам қийин бўлади. Пахта очилгунча 40-45 фойиз меҳнат сарфланса, уни териб олиш учун 55-60 фойиз меҳнат сарфланади. Битта чаноқда, тахминан, 5 гр. пахта бўлади. Бир туп ғўзада икки-учта кўсак очилган бўлса, 50 гр. пахта териб олиш учун тўрт-беш туп ғўза пайпаслаб кўрилади, сўнгра олдинга бир қадам ташланади. Икки юз дона чаноқдан бир кило пахта териб олинади. Ўн қадамдан ярим кило, йигирма қадамдан бир кило пахта чиқса, эллик кило пахта териш учун теримчи ўн минг марта олға қадам босади ва ўрта ҳисобда тўрт-беш километр масофани босиб ўтади. Бир кунда юз кило пахта терадиган илғор теримчилар энг камида саккиз-ўн километр масофани босиб ўтмоғи лозим.

“Челси”да тўп сурадиган Баллак, “Реал”га ўтиб кетган Криштиану Роналду ҳам зарбдор учрашув чоғида 8-10 км. масофага югуради. Улар тўқсон дақиқа ичида шунча масофани босиб ўтса, илғор теримчилар тонгдан қора шомгача тиним билмайди. Футболчилар сидқидилдан ҳакиллаб бир ҳафтада бир юзу эллик минг доллар ҳақ олади, теримчилар эса умр бўйи ҳам бир юзу эллик минг доллар ишлаб тополмайди. Жаҳон юлдузи даражасига кўтарилган футболчиларни қўя турайлик, бурунги замонларда “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтган ҳар бир учрашувдан сўнг газли сувдан бўшаган шишаларни йиғиштириб олган фаррошлар ўша вақтларда энг қиммат ҳисобланган “ГАЗ-24” маркали “Волга” енгил машинасига яраша даромад қилар экан деган мишмишлар кенг тарқалган эди. Ҳозирги фаррошлар макулатура тўплаб ҳам илғор теримчилар умрбод ишлаб топадиган маблағдан кўпроқ даромадни бир ҳафтада топади десам, менимча, кўпчилик фикримга қўшилса керак.

Ҳар бир деҳқон-фермер ўзи етиштирган пахта ҳосилини эмин-эркин жаҳон бозорига чиқариб сотсин деган гаплар қулоққа тез-тез чалиниб туради. Маълумки, халқаро пахта бозори Англиянинг Ливерпул шаҳрида жойлашган. Ростини айтсам, “Ливерпул” футбол командасининг жозибали ўйинлари кишини ўзига ром этмаса, Ливерпул шаҳри ҳавас қиладиган жой эмас. Пахта бозорига бутун бошли мамлакат яқин йўлатилмаётган бир замонда кетини кесакка артиб юрган фермерларга йўл бўлсин!

Давлат буюртмасини ортиғи билан бажарган деҳқон-фермерларга йил якунларига кўра пахта мойи, кунжара, солярка, уруғлик бериляпти. Заводларда пахтани чигитдан ажратиб тола тайёрлаш, толани тойлаш, тойларни вагонларга ортиш, заҳирада қолган пахта толасини нес-нобуд қилмасдан омборларда асраб-авайлаш каби серчиқим вазифани давлат ўз зиммасига олган.
Қисқаси, деҳқон-фермерларга ҳозир мавжуд бўлган мустақиллик ҳам етиб ортади. Ортиқчаси ортиқчалик қилади. Биз бу мазуга бошқа қайтмаймиз.

Қишлоқда онгли одамлар яшайди. Онгсиз одамлар шаҳарда яшайди. Ўқишга, ишга, зўр қурилишга шаҳарга борадиган айрим ёшлар онгсиз бўлиб қайтиб келади. Кейин уларни қайта тарбиялашга тўғри келади. Уларни ҳаётнинг ўзи тарбиялаб қўяди. Одамларнинг онг даражаси муҳит чегарасидан ташқарига чиқмайди. Ўша чегарани тобора мустаҳкамлаш лозим: фаровонлик қишлоқда, тараққиёт қишлоқда деб одамларни қатъиян ишонтириш керак. Бир нарсага қаттиқ ишонган одам унча-мунчага мувозанатдан чиқмайди.

Мувозанат – барқарорлик гарови. Барқарорлик эса умрбод Юртменбоши бўлиб туришим учун қўзғалмас пойдевор ҳисобланади.
Яшасин, тараққийпарвар қишлақилар! Фаровон ҳаёт кечираётган қишлақиларга шон-шарафлар бўлсин!
XS
SM
MD
LG