Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:04

Бердимуҳамедов 24 миллиардлик қурилиш қилмоқчи


Бугунги Ашхобод маркази улкан ҳайкаллар¸ ялтироқ меҳмонхоналар ва баланд ҳукумат бинолари жамламасидир.
Бугунги Ашхобод маркази улкан ҳайкаллар¸ ялтироқ меҳмонхоналар ва баланд ҳукумат бинолари жамламасидир.

Мамлакат мустақиллигининг 20 йиллигини улкан байрам қилишга ҳозирлик доирасида Туркманистон президенти туркманлар хаëлининг бир чеккасига ҳам келмаган иншоотлар¸ хусусан пингвинлар учун қўриқхона¸ музда учувчилар учун махсус йўлаклар қурдирмоқчи.

Жаҳон мамлакатларининг кўплари глобал иқтисодий бўҳрон домида қолаëтган¸ айримлари эса¸ бу бўҳрондан аста-секин ўзига келаëтган айни кунларда қурилиш¸ хусусан кенг кўламли қурилишлар бошлаш аҳамияти жиҳатдан кейинги ўринларга тушиб қолди. Аммо кўп жиҳатдан жаҳон аҳли учун мустаснолар макони бўлмиш Туркманистон¸ бу борада яна мустасно бўлмоқчи. Президент Бердимуҳамедов¸ келаси икки йил давомида мамлакатда қарийб 24 миллиард долларлик қурилиш жараëнини бошлаш ҳақида фармон берди.

Гап шундаки¸ 2011 йили аксар постсовет ўлкалари каби Туркманистон ҳам ўз мустақиллигининг 20 йиллигини нишонлайди.
Президент Бердимуҳамедов¸ октябр ойида ўтадиган ана шу байрамга Туркманистоннинг ўз сепидаги энг ялтироқ кийимларини кийган келинчак каби¸ ялтиллаб чиқиши ва келган меҳмонлар кўзини қамаштиришини истаб қолди.

- Миллий ва хорижий сармояни жалб этган ҳолда 2010 ва 2011 йилларда Туркманистон бўйлаб юзлаб янги бинолар барпо этилади ва бу қурилишларга 23 миллиард 600 миллион доллар маблағ ажратилади¸ деди Бердимуҳамедов.

Туркман президентига кўра¸ 2010 йили мазкур қурилиш ишларига 12 миллиард доллар сарфланади ва 240 дан ошиқ йирик иншоот қуриб биткизилади. Қиëс учун¸ Туркманистоннинг 2010 йилги давлат бюджети¸ тахминларга кўра¸ 16 миллиард долларни ташкил қилади.

Бунча улкан маблағнинг аксар қисми¸ аввалги турманбоши даврида ҳам ажабтовур қурилишлар майдонига айлантирилган пойтахт Ашхободдаги янги лойиҳаларга сарфланади. Марҳум президент Сапармурод Ниëзов мамлакатдаги барча вазирликларга ўзлари учун янги бино барпо этиш ва пойтахтда ўнлаб ҳашаматли меҳмонхоналар қуриш ҳақида фармон берган эди. Миллиардлаб доллар сарфлаб¸ хориж ширкатлари ва хориж меъморларига қурдирилган бу меҳмонхоналар¸ ўшандан бери меҳмон юзини кўрмай¸ бўшаб ëтибди.

Ўз “устози”дан ўзишга бел боғлаган Қурбонқули Бердимуҳамедов энди Ашхободда мустақиллик байрамидан олдин нафақат ҳашамати от ҳуркитадиган бинолар¸ балки қирғоқларида фавворалар отилиб турадиган сунъий дарë¸ шимолий қутбдан келтириладиган пингвинлар учун махсус зоопарк¸ ëзда ҳаво ҳарорати 50-60 даража иссиққа кўтариладиган туркман иқлимида конкида учиш учун муз йўлаклари ва ҳаво совутгичлар ўрнатиладиган отчопарлар маркази қурдирмоқчи.

Бердимуҳамедовнинг бу улкан меъморлик лойиҳаларини туркманистонликлар¸ хусусан пойтахтликлар учун хушхабар деб бўлмайди. Зотан¸ туркманча қурилиш учун ниҳоятда катта ер майдони ажратилади ва бу эса ўз-ўзидан оддий одамларнинг уй-жойлари бузилишини англатади. Туркманбоши даврида Ашхобод марказида амалга оширилган улкан қурилишлар оқибатида минглаб одам шаҳар ташқарисидаги чўлдек ҳудудларга мажбуран кўчиртирилган эди. Марказдаги уй-жойидан ажраганларга номига товон пули тўланган¸ қурилишлар муаллифи давлат бўлгани боис¸ унга қарши сўз айтишга ҳеч ким ботина олмаган эди.

Айни пайтда¸ Бердимуҳамедов лойиҳалари нафақат оддий туркманлар уй-жойлари¸ балки туркманбоши қурдирган аввалги улкан иншоотлар бузилишини ҳам кўзда тутади.

Бузиладиган туркманбоши лойиҳалари тепасида¸ марказида Сапармурод Ниëзовнинг олти ҳайкали ўрнатилган Бетарафлик биноси турибди. 75 метрлик бу ҳайкалнинг марказдан ғойиб бўлиши¸ оддий одамларни кўп ҳам ранжитаëтгани йўқ¸ аксинча¸ дейди журналист Давлат Язгулиев.

- Одамлар “Уч оëқ” (Бетарафлик биносининг оддий халқ орасидаги номи – таҳр.) ҳайкалининг олиб ташланишидан хурсанд. Улар бунга қўшилиб¸ собиқ диктатордан қолган бошқа ëдгорликлар¸ хусусан унинг Руҳномасига қўйилган ҳайкалнинг ҳам олиб ташланишини исташмоқда¸ дейди туркманистонлик бу журналист.

Аммо ҳозирча диктатура ëдгорликлари Ашхободдан буткул йўқ бўлаëтгани йўқ¸ балки бирининг ўрнини бошқаси эгалламоқда. Хабарларга кўра¸ Ашхободнинг жанубий қисмида баландлиги 95 метр бўлган янги Бетарафлик монументи қурилади ва 1995 йили БМТ нинг Туркманистонни бетараф давлат дея тан олишига бағишланадиган бу обидага 200 миллион доллардан кўпроқ маблағ сарфланади.

Қурилишлар учун қулоғи тишланган 23 миллиард 600 миллион долларнинг қаттагина қисми¸ айтилишича¸ Каспий денгизи бўйида бунëд этилган Аваза сайëҳлик комплексини янада ривожлантириш учун сарфланади. Дубайдаги шу каби иншоотлар нусхаси бўлган бу комплекс¸ оддий туркманлар дам олишга бора олмас даражада¸ ниҳоятда қимматдир.

Туркманистондаги янги қурилиш лойиҳаларидан энг кўп фойда кўрадиганларнинг хориж қурилиш ширкатлари бўлиши кутилмоқда. Улар орасида¸ Франция ва Туркия компанияларининг пешқадам экани айтилади.
XS
SM
MD
LG