Линклар

"Наши" Тошкентни гапиришга мажбур қилди

  • Ҳурмат Бобожон

Кремл ҳимоясида бўлган "Наши" ҳаракати Совет аскари ҳайкалининг жойига қайтарилишини талаб қилмоқда.

Кремл ҳимоясида бўлган "Наши" ҳаракати Совет аскари ҳайкалининг жойига қайтарилишини талаб қилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги пойтахтда Совет аскарига қўйилган ҳайкалнинг олиб ташланиши юзасидан расмий баёнот чиқарди. Вазирлик қошидаги "Жаҳон" ахборот агентлиги тарқатган баёнотда ҳайкалнинг маънан эскиргани айтилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий баёноти Россиядаги "Наши" ёшлар ҳаракатининг Москвадаги ўзбек элчихонаси олдида ўтказган норозилик чиқишлари ортидан эълон қилинмоқда.

21 январ куни Кремл тарафидан дастакланувчи “Наши” ҳаракатининг қирққа яқин аъзоси Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси олдида тўпланиб, ёдгорлик жойига қайтарилмагани тақдирда Эстония элчихонаси олдида бўлгани каби элчихонани қамал қилиш билан пўписа қилишган эди.

“Наши” ҳаракати вакили Олег Соколов Тошкентдаги Совет аскари ҳайкали олиб ташланиши борасидаги Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий баёноти ҳақида гапирар экан¸ ёдгорликнинг маънан эскиргани унинг олиб ташланишига сабаб бўла олмаслигини таъкидлайди.

- Бундай бузғунчилик постсовет маконида биринчи марта бўлаётгани йўқ. Украина, Эстония, Грузияда бу кузатилди. Менимча¸ бу шу давлатлар олиб бораётган сиёсатнинг акси. Бу ерда сабаб ҳайкалнинг маънан эскиргани ёки унинг ўзбекистонликларга ёқмай қолганида эмас, балки шу давлатлар олиб бораётган сиёсат натижаси бу. Уларнинг мақсади ўтмишни ўчириб, тарихни қайтадан ёзишдир. Ахир Россия қаторида ўзбекларнинг ҳам фашизмни яксон қилишда ҳиссаси катта бўлганку, дейди Олег Соколов.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса ўз баёнотида Совет иттифоқи жанубий сарҳадлари ҳимоячисига ўрнатилган ҳайкал иккинчи жаҳон уруши тимсоли эмас¸ балки эски тузум мафкурасини акс эттирувчи ёдгорлик бўлганини билдирган. Шунингдек, вазирлик иккинчи жаҳон уруши даврида ҳалок бўлган совет аскарларининг хоклари кўмилган бошқа ёдгорлик борлигини эслатган. “1975 йил ўрнатилган бу ёдгорлик олдидаги мангу олов ҳали ҳам ёниб турибди”, дейилади баёнотда.

Россиядаги “Наши” ҳаракати Тошкентда Совет аскари ҳайкали олиб ташланиши юзасидан тўртинчи марта пикет ўтказаяпти.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Илҳом Неъматов, ўтган йил ноябр ойида норозилик пикети пайти унинг қатнашчиларига ёдгорликнинг таъмирланиб, жойига қайтарилишини ваъда берган эди. Аммо эндиликда расмий Тошкент ёдгорликнинг аввалги жойи Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги олдидаги хиёбонга қайтарилиши эҳтимолини қатъиян рад этмоқда. “Наши” ҳаракати энди элчи Илҳом Неъматовни ёлғончиликда айбламоқда ва аввал берган баёноти юзасидан тушунтириш талаб этмоқда.

- Мен жаноб элчи Неъматовга қарата, Сиз бозорда ўтирган пистафуруш эмас, балки бир суверен давлатнинг мен яшайдиган Россиядаги вакилисизку. Сиз ҳайкал қайта жойига қўйилиши ҳақида аниқ ва тиниқ баёнот берган эдингиз, бу ваъдангиз қачон ижобат бўлишини билишни жуда хоҳлар эдик, дейди Олег Соколов.

Ҳайкалнинг эса жойига қайтмаслиги тайин. 13 январ куни осмонга автомат ўқталган Совет аскари ўрнига мустақил Ўзбекистон байроғини ўпаётган ўзбек аскари ҳайкали тикланди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги расмийсига кўра, янги “Ватанга қасамёд” ҳайкал бугунги ўзбек давлат ҳимоячиси рамзидир.

- Ундай ҳайкаллар президентимиз бошчилигида ўтказилаëтган ислоҳотларга тўғри келмайди. Шунинг учун ëдгорлик бошидан маънавий нимасини ўзгартириш нимасидада. Маънавий томонларини ўйлайдиган бўлсак¸ янгилашни замон тақозо этган. Бутунлай бугунги юритаëтган¸ нима дейди¸ сиëсатимизгами¸ армиямизда олиб борилаëтган ислоҳотлар мазмун-моҳиятидан келиб чиқибми¸ олдинги нима ватанни ҳимоя қилаëтган ҳимоячининг маънавий қиëфасини акс эттира олмас эдида. Ҳозирги қилинган ҳайкал¸ она қиëфасини оладиган бўлсангиз¸ биз қадим-қадимдан ҳам она нимасида вафо¸ садоқат мужассамда. Дуо қилиб турган она у ҳарбийларимизни матонатга¸ садоқатга¸ фидойиликка ундайдида. Шу маънода биз ҳам хурсанд бўлдик¸ дейди Мудофаа вазирлиги вакили.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG