Линклар

logo-print

Ўзбекистонда яна коммунал хизматлар қимматлайди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда сувнинг бор-йўғидан қатъий назар¸ 1 февралдан бошлаб жон бошига олинадиган сув нархи яна қимматлайди.

Ўзбекистонда сувнинг бор-йўғидан қатъий назар¸ 1 февралдан бошлаб жон бошига олинадиган сув нархи яна қимматлайди.

Ўтган йил охирида Ўзбекистонда ойлик иш ҳақларининг 12 фоизга ошиши кетидан, коммунал хизмат соҳаларида ҳам нарх-наволар қимматлай бошлади. 1 февралдан бошлаб Ўзбекистонда иссиқ ва совуқ сув¸ айни пайтда иссиқлик таъминотига нарх 20 фоизга ошади.

Ўзбекистонда 1 февралдан бошлаб иссиқ сув, уйларни иситишга олинадиган тарифларнинг 20 фоизга ошганини Тошкент шаҳридаги “Бобур биринчи коммуналчилар” уй-жой мулкдорлари ширкати масъул ходими ҳам тасдиқлади.

- Уйларни иситиш учун ҳар квадрат метр ҳисобига олинадиган ҳақ шу пайтгача 300 сўму 20 тийинни ташкил этарди. Биринчи февралдан бошлаб 365 сўм 80 тийин бўлди. Иссиқ сув учун эса киши бошига 3814,78 сўмдан олинади. Бу ҳам яқин 700 сўмга қимматлади. Ҳисоблагичи бор фуқаролар эса иссиқ сувнинг ҳар куб метри учун 1172,21 сўмдан (ҳозир 963,3 сўм) тўлашлари керак бўлади, дейди “Бобур биринчи коммуналчилар” уй-жой мулкдорлари ширкати масъул ходими.

“Сувсоз” Тошкент давлат унитар корхонасининг ўзини таништирмаган ходимасининг айтишича, совуқ сувга ҳам нархлар биринчи февралдан ошади.

- Бир ойга битта одамга 1255 сўм 69 тийин эди. Энди 1505 сўм 63 тийин бўлди.

Озодлик: Бу сув ҳисоблагичи бўлмаганларникими?

- Ҳа. Сув ҳисоблагичи бўлганларга 125 сўм 10 тийин эди. Энди 150 сўм бўлди.

Озодлик: Бир метр кубими?

- Ҳа¸ дейди “Сувсоз” Тошкент давлат унитар корхонасининг ўзини таништирмаган ходимаси.

Тошкент шаҳридаги Аҳмад Югнакий номли уй-жой мулкдорлар ширкати ходимининг айтишича, иссиқ ва совуқ сувларга нархларнинг ошиши, бу нархлар ошишининг биринчи босқичи. Энди, электр энергияга, газга ва бошқа коммунал хизматларга ҳам нарх-наволар ошади.

Бироқ “Шошэнергосавдо” бирлашмасининг ходими ҳозирча электр энергияга нархлар ошиши ҳақида кўрсатма келмагани ҳақида гапирди.

- Ҳозирча тарифларнинг ошиши ҳақида кўрсатма бўлгани йўқ. Ҳозирча аҳолига сотиладиган электр энергияси нархи 64 сўм 80 тийинлигича турибди¸ дейди “Шошэнергосавдо” бирлашмасининг ходими.

Ўзбекистонда аҳолига сотиладиган газ нархи ҳам ҳозирча ўзгаргани йўқ. Ўзбекистонликлар ҳар куб метр газга 45 сўмдан, ёки 3 цент миқдорида ҳақ тўламоқдалар. Айни пайтда тожикистонлик ва қирғизистонликлар ҳар куб метр газ учун ўзбекистонликларга нисбатан 10 баравар кўп, 30-32 центдан ҳақ тўлашмоқда.

Бироқ тожикистонлик ва қирғизистонликлар электр энергияси учун ўзбекистонликларга нисбатан икки баравар кам ҳақ тўлайдилар. Агар Ўзбекистонда бир киловатт электр энергия 65 сўм, яъни 4 центдан сал ошиқроқ турса, Қирғизистонда бу яқин 3 центни, Тожикистонда эса 2,1 центни ташкил этяпти.

Иқтисодчилар нархларнинг бу шаклда тақсимланишини нормал ҳолат¸ деб ҳисоблайдилар. Зеро, Тожикистон ва Қирғизистон электр энергияни ГЭСлар орқали арзон ишлаб чиқаради, табиий газ эса Ўзбекистоннинг ўзида сероб ва кузатувчилар фикрича, газнинг аҳолига арзон нархда сотилиши бу табиий ҳол.

Ўзбекистонликлар ойликлар ошиши ортидан доим коммунал хизматлар учун нарх-наволарнинг кўтарилишини кузатиб келадилар. Тошкентлик Шавкат Бадалов фикрича, бунинг оқибатида аҳолининг тўлов қудрати кундан кунга оғирлашиб бормоқда.

- Ўзи ошмасдан туриб ҳам қанчадан қанча қарздорлар бор. Уларнинг қатори яна кенгаяди. Пенсияга қараб ўтирганлар бўлса¸ ойлиги пластикка ўтказилаëтганлар бўлса¸ бу ëқда нақд пул йўқ бўлса¸ мана биз ҳам ишлаб ишлаган жойимиздан пулимизни тўлиқ ололмаяпмиз¸ дейди Шавкат Бадалов.

Ўзбекистондаги энг кам иш ҳақи 37 минг 680 сўм қилиб белгиланган. Шавкат Бадалов фикрича¸ агар ана шу андазадан келиб чиқиладиган бўлса, ўзбекистонлик энг кам иш ҳақи оладиган одам емасдан-ичмасдан фақат коммунал хизматлар, газ ва электр энергияси тўлови учун ишлаши керак бўлади.

- Мана сиз айтаëтган 38 000. Мана таққослаш учун. Битта бир ойлик проездной 40 минг сўм туради. Бу фақат кўчага чиқиб ишлайдиган манзилга бориб келиш учун. Фақат проездной билан одам яшай олмайдику. Унинг овқат ейиши бор¸ кийим-кечаги бор¸ оиласи бор¸ бола-чақасининг кийими бор. Бу ëқда коммунал хизматлар бор. Қолгани ҳамма ëқ нол¸ дейди Шавкат Бадалов.

Тошкентлик Адҳам Жўраевнинг айтишича, Ўзбекистондаги аҳолининг оладиган иш ҳақи ва истеъмол савати ўртасидаги мутаносиблик ҳеч қачон ҳисобга олинмайди. Булар орасидаги ер билан осмонча бўлган фарқ ошкор айтилмайди ва илмий ҳисоблаб чиқилгани ҳам йўқ.

- Оддий аҳоли ҳисобидан олинса¸ ойлик маошлар на газ¸ на электр энергия¸ на иссиқ сув¸ на совуқ сув¸ на йўл харажатлари – ҳеч биттасини қопламайди. Ўзбекистонда бу ҳеч қачон ҳисобга олинмаган. Энг кам ойлик иш ҳақи дейиладику. Ғарб давлатларида яшашига¸ тўловларига қанча кетиши ҳисобга олинади. Ўзбекистонда эса бу ҳисобга олинмайди¸ дейди тошкентлик Адҳам Жўраев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG