Линклар

Давосда анъанавий анжуман ўтказилади


Бу йилги форумга ўтган йили жаҳон молиявий инқирози туфайли йиғинда иштирок этишдан ўзларини тийган йирик банкирларнинг келиши кутилмоқда.

Бу йилги форумга ўтган йили жаҳон молиявий инқирози туфайли йиғинда иштирок этишдан ўзларини тийган йирик банкирларнинг келиши кутилмоқда.

27 январ куни Швейцариянинг Давос курортида нуфузли тадбиркор ва сиёсатчилар иштирокидаги Жаҳон иқтисодий форуми иш бошлайди.

Ҳар йили Швейцариянинг Давос курортида ўтказиладиган Жаҳон иқтисодий форумида бу сафар жаҳон иқтисодий элитасининг икки ярим мингга яқин вакили қатнашиши кутилмоқда. Алп тоғларида беш кун давом этадиган йиғин қатнашчилари экологиядан тортиб, иқтисодгача бўлган энг долзарб масалаларни муҳокама қилади.

Мазкур форумга фақат таклиф этилганлар қатнашади ва иштирокчиларнинг тахминан 75 фоизи нуфузли тадбиркорлар, жумладан, жаҳоннинг энг йирик ширкатларининг мингдан ортиқ раҳбарларидан иборатдир.

Форумга ҳукуматлар, илмий институтлар, таниқли нодавлат ташкилотлари ва ижтимоий фаол бўлган кино-актёрлар ҳам таклиф қилинади.

Жаҳон иқтисодий форумига асос солган немис иқтисодчиси Клаус Швабнинг айтишича, бу йилги йиғин иштирокчилари учун асосий вазифа жаҳондаги аҳволни “қайта кўриб чиқиб, уни қайтадан ташкил қилиш йўлларини” муҳокама қилишдан иборат бўлади.

Кун тартибидан зилзиладан катта зарар кўрган Ҳаитига ёрдам кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Шваб “Давос йиғини воситасида жаҳон форуми ҳамкорлари ва аъзоларининг азият чекаётган Ҳаити халқига ва хусусан, Ҳатини қайта қуриш ишларига ёрдам ваъда қилишларига эришиш ниатида” эканини айтмоқда.

Йиғиндан олдин CNN каналига берган интервьюсида Шваб ҳалокатли глобал рецессия одамларни бу бўҳронага нима сабаб бўлгани ва унинг қайтарилишининг олдини олиш учун нима қилиш кераклиги устида ўйлашга ундаганини таъкидалди. Шваб ҳозирда жаҳон иқтисоди бўҳрондан чиқаётган бўлсада, бўҳроннинг охири ҳали кўринмаётганини қўшимча қилди.

Бироқ Халқаро валюта жамғармасининг сўнгги башоратларига кўра, жаҳон иқтисоди кутилганидан кўра яхшироқ натижаларни кўрсатмоқда. ХВЖга кўра, жорий йилда 3,9 фоизга ошиши кутилмоқда. Бундан олти ой аввал берилган прогнозларда бу кўрсаткич 3,1 фоиз, деб айтилган эди.

ХВЖга кўра, кутилмаган хушхабарга асосан Хитойдаги иқтисодий ўсиш сабаб бўлган. Баъзи таҳлилчилар 2020 йилгача Хитой ялпи ички махсулот бўйича биринчиликни Қўшма Штатлардан тортиб олишини башорат қилиб келади.

Хитойнинг жаҳон майдонида иқтисодий жиҳатдан энг қудратли давлатга айланаётгани Давосда ҳам муҳокама қилиниши аниқ. Хабарларга кўра, Хитойдан Жаҳон иқтисодий форумининг 40 йиллик тарихида биринчи марта 54 нафар расмий ва етакчи тадбиркорлардан иборат делегациянинг келиши кутилмоқда.

Брикуингс Институтининг иқтисод бўйича профессори Барри Босворт Ғарб Хитойнинг иқтисодий ўсишидан ҳайиқишдан кўра, уни бўҳрондан ичиқш воситаси сифатида кўриши керак, деган фикрда.

- Ғарб мамлакатлари Хитойнинг иқтисодий жиҳатдан эски Европа ва Қўшма Штатлардан кўра анча тезроқ ўсаётганига катта эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Бу ўсиш анча фаолроқ ва Ғарбдаги бизнес учун катта имкониятларни яратиши мумкин, чунки Хитой тез суръатларда кенгаяётган бозор ҳамдир. У шунчаки ишлаб чиқарувчи машина бўлмай қолди. Хитой бошқа давлатлар учун бозорга ҳам айланмоқда,- дейди иқтисодчи.

Жаҳон молиявий бўҳронининг келиб чиқишига сабабчилари сифатида кўрилган ва жамоатчиликнинг ғазабига учраган юзлаб банкирлар ўтган йилги Жаҳон иқтисодий форумига келишдан ўзларини тийган эди.

Улардан кўпчилигининг бу йилги йиғинда иштирок этиши кутилмоқда. Лекин жамоатчиликнинг ғазаби натижаси ўлароқ, бир неча давлат ҳукуматлари банк соҳасида жорий қилган чекловлар, хусусан банклар устидан назоратни кучайтириш чоралари улар учун хушхабар бўлмайди албатта.


Deutsche Bank, Bank of America, Citigroup ва HSBC каби молиявий идоралар раҳбарлари бу йилги Давос форумида қатнашади ва Қўшма Штатлар, Франция, Британия ва бошқа давлатлар жорий қилаётган янги қоидалар устида баҳс қилишга ҳаракат қилади.

Банк соҳасининг ашаддий танқидчиларидан бири Франция Президенти Николя Саркозининг ўз нутқида бу масалага тўхталиши кутилмоқда.

Бу йилги форумда экологик жиҳатдан номақбул бўлган лимузин русумидаги ҳашаматли машиналар келишининг тақиқлангани ҳам банкирлар учун қўшимча ноқулайлик яратиши аниқ.

Жаҳон иқтисодий форуми ташкилотчилари иқлим ўзгаришига қарши ташаббуси доирасида ёқилғини кўп ейдиган машиналар, хусусан лимузинлар ишлатилишини тақиқлашга оид қоидани жорий қилди.

Лекин давлат раҳбарлари каби нуфузли иштирокчиларга хавфсизлик сабаблари туфайли бу қоидадан истисно берилаётгани экологлар танқидига сабаб бўлмоқда.

Экологлар шунингдек, Жаҳон иқтисодий форуми иштирокчилари инган самолёт ва вертолётлар ҳавога ташлайдиган чиқиндилар ҳақида янги қоидаларда индалмаганига ҳам эътибор қаратмоқда.
XS
SM
MD
LG