Линклар

Қозоқларга ёқмаган "Келин" Ғарбда олқиш олди


Қозоқ зиёлилари фикрича, "Келин" филми аждодлар яшаб ўтган даврни бузиб кўрсатган.

Қозоқ зиёлилари фикрича, "Келин" филми аждодлар яшаб ўтган даврни бузиб кўрсатган.

Қозоқ зиёлилари ва ёшлари томонидан миллат шаъни учун ҳақорат сифатида қабул қилинган “Келин” филми “энг яхши хорижий фильм” номинацияси бўйича "Оскар" мукофотига тавсия этилди.

Қозоқ режисери Ермек Турсунов “Келин” фильмини ўтган йили “Қозоқфилм” буюртмаси асосида суратга олганди. Аммо филмни суратга олиш жараёни ниҳоясига етиб, режиссёр уни томошабин ҳукмига ҳавола этишга тайёргарлик кўраётган пайтда “Қозоқфилм” миллий компанияси ушбу фильмнинг кинотеатрларда намойиш қилинишига қарши чиқиб, режиссёрни судга берганди.

Шундан кейин Ермек Турсунов ҳатто номаълум кишилар томонидан калтаклаб ҳам кетилганди. “Қозоқфилм” миллий компаниясининг “Келин” филмига нисбатан эътирози нимадан иборатлигини билиш мақсадида кинокомпания бадиий кенгашининг аъзоси, ёзувчи Дулат Исабеков билан боғландик.

- Бу филм қозоқ миллатини ҳақоратлайдиган филм, унинг қайси мақсадда суратга олингани ҳам аниқ эмас. Ҳозир бутун Қозоғистон ана шу филмни муҳокама қилаяпти, халқ норози. Бироқ тор доирадаги маълум бир кишиларгина Турсунов филмини олқишлаб чиқаяпти. Бу филм бизнинг ота-болалар яшаб ўтган даврни бузиб кўрсатаяпти, дейди ёзувчи.

“Келин” филмидаги воқеалар эрамиздан аввалги 3-4 аср - Исломгача бўлган вақтда юз беради. Филмда ўша пайтда яшаган бир оила, унинг урф-одатлари, турмуш тарзи, ўз авлодини сақлаб қолишга бўлган бирламчи мақсадлари ҳикоя қилинади. Филм қаҳрамонлари қадимги турк тилида сўзлашиб, унда шомонларнинг баъзи диний урф-одатлари ҳам акс этган.

Актёрлар филмнинг баъзи эпизодларида, очиқ саҳналарда ҳам иштирок этишларига тўғри келган. “Келин” филми режиссёри Ермек Турсунов ўз асари ҳаммага ҳам бирдек ёқавермаслиги мумкинлигини яхши англайди.

- Менинг мақсадим ҳар бир одамнинг кўнглини олиш бўлмаган. Кимгадир бу филм ёқса, кимдир унга қарши чиқиши мумкин. Мен бу филмда ўз дунёимдаги аёл образини яратдим ва филмни бутун дуне аёлларига совға қилдим, дейди Ермек Турсунов.

“Келин” филми суратга олингач, қозоқ парламенти депутатлари унинг намойиш қилинишига қарши чиқиб, режиссёрни жавобгарликка тортиш талабини ҳам илгари сурганди. Сўнгра эса мамлакатдаги бир қанча ёшлар ташкилотлари “Келин” филмига қарши чиқиб, филмни “қозоқ халқи миллий зеҳниятини ерга урган” деган даъволар билан чиқдилар.

- Бу филм маъносини ҳеч ким тушунмайди, у тор доирадаги одамлар учун туширилган. Бу филм аёлларимизни, қозоқ аёли, қозоқ келини тимсолини таҳқирлаган. У ёш авлод тарбиясига ўта салбий таъсир этгани учун филмни мамлакатда намойиш қилинишини буткул маън қилиш зарур, деди “Обрў” ёшлар ташкилоти аъзоси Роҳат Жақсибоев.

Бир гуруҳ қозоқ депутатлари, ёзувчилари, зиёлилари ва ёшлар ташкилотлари ушбу филмнинг мамлакат ичкариси ва хорижда намойиш қилинишига қарши чиқаётган бир пайтда “Келин” фильми хорижда катта шуҳрат қозонишга муваффақ бўлди. Италия, АҚШ, Жанубий Корея ва Россиядаги нуфузли кинофестивалларда намойиш қилинган мазкур фильм эндиликда исландиялик ва исроиллик томошабинлар ҳукмига ҳавола этилиши кутилмоқда.

Хорижлик кинотанқидчилар қозоқ режиссёри суратга олган “Келин” филмни бадиий кино тарихида юз берган “алоҳида ҳодиса” сифатида қабул қилганларини қайд этмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG