Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:17

Тожикистонда бурқалилар кўпаймоқда


Тожикистонлик аёллар орасида ҳижобни бурқага алмаштираётганлар сонининг тобора ошиб бораётгани жамоатчилик орасида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлаяпти.

Душанбе ва унинг атрофидаги туманларда ҳижобга ўраниб, қора чиммат билан юзини беркитиб олган қиз-жувонларни ҳар қадамда учратиш мумкин.

Аксарият бу кийим араблар маданиятига тегишли экани ва у тожик жамияти учун бегона бўлгани учун ҳам мамлакат бозорларига киритилмаслигини тавсия қилади. Яна бошқа бир гуруҳ эса айнан шу қора бурқа ортидан мамлакатда жиноятчилик ошиши мумкинлигидан ташвиш билдиради.

- Биз ёшлигимизда паранжи деган нарсани кўрганмиз, унинг олдида тўр бўларди. Уни ёпинган аёлнинг юзи ҳам, қомати ҳам кўринмасди. Уни асосан Марказий Осиёдаги аёллар, масалан, кўпроқ Фарғона водийсида ёпинишарди. Ҳозир улар йўқ бўлиб кетган бўлса ҳам бу ўзбеклар, тожиклар маданиятига хос бўлгани учун ҳозиргача Ўзбекистон ва Тожикистоннинг айрим ҳудудларида сандиқларда мерос сифатида сақланиб келинади. Баъзи тўйларда келинни олиб чиқишаётганда ёпинтиришади ҳам. Лекин энди бугунги паранжи ҳақида гапирсак, у биз учун бегона. Бу кийим асосан араблар, эронликлар ва афғонларга хос. Бошдан-оёқ қора чиммат. Менимча, уни қизларимиз, аёлларимиз фақат хориждан олиб келингани учун қизиқишиб киядилар. Яъни ҳозирги паранжи муслималарга ёпинчиқ эмас, балки мода десак бўлади, дейди мавзу юзасидан ўз муносабатини билдирган биринчи суҳбатдошимиз Худойберди ота.

Аммо ҳижобли муслималар бу иддаолар асоссизлигини, зеро, улар тожикистонликларнинг 98 фоизи эргашадиган Ислом дини фарзларидан бирига амал қилишаётганини таъкидлашади.

- Мен тўрт йилдирки ўранаман. Ота-онам изни билан бу йил юзимга чиммат тортдим. Ҳадисларда ҳам, муқаддас Қуръонда ҳам ҳар бир муслима аёл ўзини номаҳрамлар назаридан сақлаб, шундай кийинишлари керак, дейилган. Ислом талабларига кўра, аёлнинг кийими кенг, танасига ёпишмаган бўлиши керак. Мен Худодан қўрқиб, унинг буюрганларини бажараяпман. Ким нима деса, деяверсин - мен бундан хафа бўлмайман, дейди қора чиммат тагида аранг кўринаётган кўзларини ерга қадаб Фотима.

Суҳбатдошимиз Тожикистон Ислом унверситетининг биринчи курсида таҳсил олади. У аввал рўмол билан сатр қилиши, кейинчалик эса қора бурқага ўралишига диний маъракаларда эшитганлари, Қуръон оятларидаги амрлар сабаб бўлганини айтади.

Фотима ҳам бошқа ҳижоблилар сингари исломий либосларни Тожикистон бозорларидан сотиб олишини айтади.

Тожикистонда бундан уч йил аввал, аниқроғи 2007 йилнинг мартида таълим вазири Абдужаббор Раҳмоновнинг ҳижобли талабалар қизларни дарсга йўлатмаслик борасида имзолаган буйруғи ортидан ҳижобга қарши “уруш” бошланди.

Айни пайтда тожик жамиятида европача кийинган аёллар билан ҳижобга ўранганлар орасида “темир парда” пайдо бўлганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Европача турмуш тарзини маъқул кўрадиган айрим аёллар қора матоҳдан тикилган бурқага бурканган аёлларга ҳатто “экстримист”га қарагандек қарашади.

- Кўчаларда уларга дуч келганда қўрқиб кетасан киши. Назаримда, ўзини портлатадиган террорчиларга ўхшаб кетишади. Юришлари ҳам ажабтовур. Менимча, шу кетишда жамиятимизда жиноятчилик ошади. Мана, Афғонистонда паранжига ўранган толиблар у ер-бу ерни портлатаётгани ҳақида кўп гапирилаяпти. Менимча, жамиятимизда турқа ёпинганлар кўпайиши бир кун келиб жиноятчиликнинг ошишига сабаб бўлади, дейди ўзини Гулнора суҳбатдошимиз.

Хўш, чиммату бурқадан чўчишаётган баъзи тожикистонликларнинг хавотири қанчалик асосли? Шу савол билан Тожикистон ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоевга мурожат қилдик.

- Мамлакатимизда мана шу услубда, яъни бурқага ўраниб, жиноят содир қилганлик ҳолати ҳозирча қайдга олингани йўқ. Аммо дунё давлатларида содир этилаётган жиноятлар таҳлилларидан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, жиноятчилар ўз мақсадлари йўлида ҳар қандай усуллардан фойдаланишади. Шуни назарга олган ҳолда, бизда ҳам жиноятчилар паранжидан ҳам фойдаланишлари мумкинлиги эҳтимолдан йироқмас. Менимча, бундай ҳолатларнинг олдини олиш йўлида Таълим вазирлиги ва Ислом маркази ходимлари идорамиз билан яқиндан ҳамкорлик қилсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди, дейди Ички ишлар вазирлиги расмийси.

Аснода Тожикистон давлат божхона қўмитаси расмийлари Эрон ва Арабистонда тикилган бурқа ва турли хилдаги ҳижобларнинг мамлакат бозорларига олиб кирилиши учун ҳеч бир тўсиқ йўқлигини, чунки бу борада ҳозирча ҳукуматдан бирор расмий топшириқ бўлмаганини билдиришди.

Тожикистонда паранжига ўранган аёллар сони ортаётгани юзасидан баҳсларнинг авж олиши Франция парламенти мамлакатда ҳижобни қисман таъқиқлашни тавсия қилган бир вақтга тўғри келди.
XS
SM
MD
LG