Линклар

Чеҳрагулнинг ошиқлари бисёр экан.

Ҳасан қиморбоз супургифурушлар орасида “банкир” деб ном чиқарган. Ижарага олинган пастқам ҳовлида қирқта супургифуруш яшайди. “Яшайди” деган сўз уларнинг туриш-турмушига асло тўғри келмайди. “Ит ётиш – мирза туриш” дейилса тўғрироқ бўлади.

Тақдир тақозоси билан жаннатмакон ўлкамизнинг турли бурчакларидан келган қирқта йигит шаҳарда ўзини ҳар ёнга уриб кўради-ю, охири супургифурушлик касбини маҳкам ушлайди. Уларни элликбоши бошқаради. Элликбоши Қўйлиқ бозоридан бир “КамАЗ” супургини кўтарасига харид қилиб, ижарахонага келтириб ташлайди. Қирқ йигит худонинг берган куни тонг саҳарда ўттизта супургини ҳовли ўртасида турган катта ваннадаги қип-қизил сувга бўктириб, сувини селгитиб арқон билан тўпча этиб боғлайдию елкасига ортиб тўрт томонга равона бўлади. Йўл юрадилар, йўл юрсалар ҳам мўл юрадилар. Кимдир Назарбек томонга, ундан Қозоғистон ҳудудига ўтиб кетади. Яна кимдир ТТЗ массивидан Қибрайга ўтади, Улуғбек шаҳарчасига ҳам боради. Шаҳар кварталларини оралаб юрган супургифурушлар кутилмаган жойда бир-бирига рўпара келиб қолади. Бундай пайтда сўкинишиб икки томонга жўнайдилар. Охири тун оқшом қўш ҳайдаган ҳўкиздек чарчаб-ҳориб ижарахонага қайтиб келишади. Қасмоқ бўлиб кетган шолча тўшалган долонга кириб ёнбошлаб ётишади; агар кимдир чалқанча ётса, бир кишига жой етмай қолади. Ҳамма ёнбошлаб ётиши шарт. Мабодо ярим кечаси елкалар увишиб қолса: “Ўртоқлар, туринглар, ёппасига тескари томонимизга ағдарилиб оламиз!” дейилади. Ҳамма бирданига тескари томонга ағдарилади. Биров уйғонмаса, уни ухлаб ётган ҳолатида нариги томонга ағдариб қўядилар. На ёстиқ бор, на юмшоқ кўрпача ёки тўшак бор. Қасмоқ шолчада ётиб-турилади. Шу боис бир кеча учун бор-йўғи беш юз сўм ҳақ тўланади, холос. Ҳозирги замонда беш юз сўмга уч қути гугурт бериб, эллик сўм қайтим қайтарилади. Супургифурушлар ётган долон эрта тонггача ўсириқ ҳидига шу қадар тўлиб кетадики, биринчи бўлиб уйғонган йигит бўтқа ҳидига уйқусираб тугма қадаб қўйса, муаллақ осилиб қоларди.

Сотувчилар ҳар бир супургидан уч юз сўмдан фойда кўриши мумкин. Эрталаб олиб чиқиб кетган ўттизта супурги охиригача сотилмайди; ўн-ўн бештаси , албатта, қайтиб келади. Бундан ташқари, участкавой, маҳалла посбони, патрул, чегарачи, божхона хизматчиси деган кўппакларга дуч келинса борми, энг камида иккитадан супургидан жудо бўласан. Иккита супурги бир кунлик фойданинг учдан икки қисмига баробардир.

Еб-ичиш, йўлкира, гигиена деган гаплар супургифурушлар луғатидан ўрин олмаган. Минимал даражага туширилган овқатланиш миқдори қулоғидан тортилса ҳам “еб-ичиш” маъносини англатмайди. Кун бўйи оғир юкни кўтариб яёв юрилади. Тонгда ранг сингдириш учун сувга бўктирилган супурги донаси бир ярим кило бўлса, тушдан кейин деярли қурийди ва бир килога тушиб қолади. Эҳтимол, ўттиз ёки қирқ беш кило юкни уч-тўрт қадам нарига элтиб қўйиш йигит кишига оғирлик қилмас. Лекин маълум миқдордаги юк кун бўйи кўтариб юрилса, елканинг яғири чиқиб кетар экан. Елкаси қадоқ бўлиб кетган одамга умумий ҳаммомдами, чўмилиш жойларидами дуч келиб қолсангиз, билингки, у албатта супургифуруш бўлади. Улар йўлкирани тежаш учунгина яёв юрмайди, балки йўл-йўлакай тасодифан учраб қоладиган харидордан ажралиб қолмaслик илинжида бошларини хам қилиб яёв юришни афзал кўради. Гигиена масаласи – тонг қоронғисида бир кишилик ҳожатхонага навбатда туриб кириб кетни ҳам, бетни ҳам бир обдаста сув билан ювиб чиқишдан иборат. Тозаликка қатъий риоя қиладиган жувонмарг бўлса, тиш пастасидан бир отим носдек сўриб олиб токи биринчи харидорга дуч келгунча оғзида атала қилиб юраверади. Охири ютиб юборади.

Ҳар ой ниҳоясида Элликбоши ҳисоб-китоб қилади. Дарвоқе, ҳар кунлик кирим-чиқим махсус дафтарга ёзиб борилади, дафтар Элликбошининг темир сандиқчасида сақланади. Пуллар ҳам сандиқчага ташланади. Элликбоши чиришни бузмайди; ой бошида айтилган оғзаки шартномага амал қилади. Ҳар ким билан алоҳида ҳисоб-китоб қилгач, даромадни индувидуал тақсимлаб беради.

Янги ойнинг дастлабки уч кунида танаффус эълон қилинади. Танаффус чоғида қайси гўрдандир Ҳасан қиморбоз пайдо бўлади: долон бурчагида бошланган қимор шомдан тонг қадар давом этади. Сўнг тонгдан шомгача чўзилади. Охири Ҳасан барча супургифурушларнинг бир ойлик даромадини ютиб олиб эснаб-эснаб, эски портфелни қўлтиғига қисиб кўчага чиқиб кетади. Тўғри, фақат беш-олти киши қиморга қўшилади, холос. Аммо бошқалар “тенг шерикликка” қарз беради, кўпинча ютқизиб ўтирган йигит қўярда-қўймай шерикларидан қарз олиб бор-будидан айрилади. Ҳозир кимнинг кимдан қанча қарз эканини аниқлаш қийин, ҳисоб-китоблар чувалашиб кетган.

Супургифурушлар орасида “банкир” деб ном чиқарган Ҳасан қиморбоз Чеҳрагулга ошиқ бўлиб қолган. Қандай қилиб, қачон, нима учун деган саволларга ҳозир аниқ жавоб йўқ. Фақат Чеҳрагулнинг ошиқлари сафида Ҳасан “банкир”нинг борлиги аниқ, холос.
XS
SM
MD
LG