Линклар

"Наши" вакили Озодлик муштарийлари саволига жавоб берди

  • Ҳурмат Бобожон

"Наши" ҳаракати Тошкентдаги Совет ҳайкалининг қайтарилиши талаби билан Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси олдида тўрт марта пикет ўтказди.

"Наши" ҳаракати Тошкентдаги Совет ҳайкалининг қайтарилиши талаби билан Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси олдида тўрт марта пикет ўтказди.

Кремл томонидан қўллаб-қувватланилиши айтиладиган Россиядаги "Наши" ҳаракатининг Тошкентдаги Совет ҳайкали олиб ташланишига қарши норозилиги оддий ўзбекистонликлар эътирозига сабаб бўлмоқда. Бу эътирозлар ифодаси Озодликда ҳам бўй кўрсатмоқда.

21 январ куни Кремл тарафидан дастакланувчи “Наши” ҳаракатининг 40 қа яқин аъзоси Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси олдида норозилик намойиши ўтказиб, Тошкентда олиб ташланган Совет аскари ҳайкали жойига қайтарилмагани тақдирда Эстония элчихонаси олдида бўлгани каби элчихонани қамал қилиш билан пўписа қилишган эди.

Намойишдан уч кун ўтиб Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳайкалининг олиб ташланиши юзасидан хавотирларга ўрин йўқлигини айтиб, ёдгорлик маънан эскиргани учун олиб ташланганини билдирди. Ўз навбатида Россиядаги “Наши” ҳаракатининг Тошкентда ҳайкал олиб ташланиши юзасидан билдирган норозилиги юзасидан муштарийлардан ҳам мулоҳазалар келмоқда. Улар билдирган саволларни Россиядаги “Наши” ҳаракати лидерларидан бири Юлия Драковага бердик.

Озодлик: "Бизда ҳайкал олиб ташланса сизга нима, Сиз бирон нарса қурсангиз¸ биз митингга чиқаяпмизми? Нимани олиб¸нимани қуришни сиз бизга ўргатманг", деб фикр билдирган муштарийларимиздан бири. Сиз бу ҳақда нима дея оласиз?

Юлия Дракова: Биринчидан¸ бу Россиядаги фуқаролик жамиятининг фикри. Бизнинг ёшлар ҳаракатимиз турли қатлам вакиллари, турли касб эгаларини ўз ичига олган. Биз демократик давлат фуқаролари сифатида мамлакат ичкариси ва ташқарисида бўлаётган у ёки бу ҳодиса юзасидан фикр билдиришга ҳақлимиз. Масалан¸ биз яқинда Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдида пикет ўтказиб¸ Россияда айрим зарарли чекиш воситаларининг тақиқига эришдик. Биз шунингдек, постсовет маконида бўлаётган ҳодисаларга норозилик билдиришга ҳақлимиз. Агар биз буни ҳозир қилмасак, 65 йил илгари Улуғ ватан уруши даврида ҳалок бўлган бобом хотираси унутилиши мумкин. Бобом хотираси унутилишига йўл қўймаслик, бу менинг бурчим. Менимча, шундай ҳуқуққа ўзбекистонликлар ҳам эга ва уларни Россияда нимадир ташвишга солаётган бўлса¸ улар ҳам норозилигини билдиришсин.

Озодлик: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Тошкентда олиб ташланган ҳайкал 2- жаҳон уруши тимсоли бўлмаган. Қолаверса¸ вазирлик 2-жаҳон уруши даврида ҳалок бўлган совет аскарлари хоклари кўмилган бошқа ёдгорлик борлигини эслатганку.

Юлия Дракова: Гап шундаки, ҳайкал олиб ташланганидан сўнг биз Ўзбекистон элчихонаси олдида норозилик намойишларини бошлаганимизда¸ элчихона расмийлари ҳайкал реставрация қилиниб жойига қўйилишига бизни ишонтиришди. Элчихона бу ваъдани Ўзбекистон номидан берди. Кейин эса ҳайкал ўрнида бошқаси пайдо бўлди. Тўғри, қандай ҳайкални қўйиш бу ўзбекистонликларнинг ҳуқуқи. Лекин, бизнингча¸ мана шу чиройли ўзбек аскари ҳайкалини қўйиш учун Тошкентда бошқа жойлар ҳам бор эди. Биз ўзбек аскарига нисбатан ҳурматсизлик билдираётганимиз йўқ. Бизни ташвишга солаётган нарса олдинги ҳайкал, уни олиб ташлашнинг нима кераги бор эди?

Озодлик: Озодликка ўз фикрларини ёзиб қолдирган яна бир муштарий Совет иттифоқи ғоялари сингдирилган ҳайкал керак эмас, бу масалада Ўзбекистон давлатини қўллаб-қувватлайман¸ деб айтган. Ўзбек расмийлари ҳам Совет иттифоқи жанубий сарҳадлари ҳимоячисига ўрнатилган ҳайкал эски тузум мафкурасини акс эттирувчи ёдгорлик бўлганини билдирган. Яъни, Совет иттифоқи йўқ, унинг жанубий сарҳадлари ҳам йўқ.

Юлия Дракова: Ҳозир Иван Грозний йўқ, Кремлни олиб ташлаймиз, дейиш ҳам мумкин ёки бундан чиқадики Москвадаги Минин ва Пожарскийга ўрнатилган ҳайкални ҳам олиб ташлаш керакми? Орадан 400 йил ўтди, Минин ва Пожарский ҳайкали маънан эскирди, уни энди кераги йўқ дейиш керакми? Бизнингча¸ тарихга бундай ёндашув мутлақо нотўғри.

Озодлик: Шунингдек, сиз аъзо бўлган “Наши” ҳаракати ҳақида ҳам бу фашизмни ёқловчи Кремл тарафидан, Путин тарафидан тузилган ҳаракат¸ деяётганлар ҳам бор.

Юлия Дракова: Мен Путиннинг ҳаракатимиз тузилишига қандай алоқаси борлигини билмайман. Бу ҳаракат россиялик ёшлар, талабалар тарафидан 2005 йилда ташкил этилди. Мақсадимиз, Россиянинг замонавий дунёда қудратли давлатлардан бири бўлиб қолишига эришиш. Масалан Америка каби.

Озодлик: Нимага ҳаракат “Наши” ("Бизники") деб номланди?

Юлия Дракова: Чунки, бизника-да...

Озодлик: Ҳаракатингиз Ўзбекистонни ҳам бизники деб ҳисоблайдими?

Юлия Дракова: Биз Ўзбекистонни Укрина, Грузия ёки бўлмаса Буюк Британия каби суверен давлат деб биламиз. Лекин, тарих билан боғлиқ бизни боғлайдиган айрим муштарак жиҳатлар бор. Бу ҳақда унутмаслик керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG