Линклар

Қозоғистон НАТО юкларини транзит қилади


Қозоғистон ҳукумати НАТОга Афғонистондаги халқаро кучларга мўлжалланган юкларни мамлакат ҳудуди орқали транзит қилишга расман рухсат берди.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон орқали ўтувчи янги транзит йўлининг шу пайтгача Покистон орқали амалга оширилаётган транзит йўналишига муқобил эканини таъкидлади. Маълумки, сўнгги пайтда халқаро кучларнинг Покистондан Афғонистонга ташилаётган юклари Покистон ҳудудида бир неча бор жанггарилар ҳужумига учради.

НАТОга аъзо айрим давлатлар шу пайтгача Россия ва Марказий Осиё давлатлари орқали ўз юкларини Афғонистонга транзит қилаётган бўлса-да¸ иттифоқ сифатида НАТОнинг Қозоғистон ҳудудлари орқали ўз юкларини транзит қилиш ҳаққи йўқ эди.

Қозоғистоннинг ҳарбий блокка бундай рухсат берганига оид хабар НАТО юқори даражали қўмондонларининг бугунги Брюссел йиғинида эълон қилинди.
XS
SM
MD
LG