Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:15

Швейцария "Гуантанамо ўзбеги"га бошпана берди


Халқаро майдондаги танқидлардан сўнг президент Обама ўзининг илк фармонларидан бири билан Гуантанамо қамоқхонасини ëпишга қарор қилди.
Халқаро майдондаги танқидлардан сўнг президент Обама ўзининг илк фармонларидан бири билан Гуантанамо қамоқхонасини ëпишга қарор қилди.

АҚШ Давлат департаменти 25 январ куни эълон қилган баёнотда АҚШ ва Швейцария ўртасида эришилган келишувга мувофиқ, Швейцария ҳукумати Женева маъмурияти қўллаб-қувватлаши билан Гуантанамо қамоқхонасида сақланган ўзбекистонлик собиқ маҳбусни доимий яшаш учун мамлакатга қабул қилгани билдирилган.

Швейцариянинг турли идоралари вакилларидан тузилган комиссия қатор омиллар, жумладан, хавфсизлик масалаларини чуқур ўрганганидан сўнг ўзбекистонлик собиқ маҳбуснинг мамлакатга келишига рухсат берган.

Швейцария ҳукуматига топширилган ўзбек маҳбусининг шахсий дахлсизлиги ва Швейцария жамиятига интеграциялашувини таъминлаш мақсадида унинг исми ҳозирча ошкор қилинмади.

Шундай бўлса-да¸ ўзбекистонлик тутқуннинг Швейцариядаги янги ҳаëтига тегишли маълумотларни ўрганиш мақсадида мамлакат Адлия ва полиция федерал департаменти матбуот вакили Гидо Балмерга мурожаат қилдик.


Гидо Балмер: Швейцария ҳукумати бу собиқ тутқуннинг мамлакатга келиши ҳақидаги тафсилотларни ошкор қилмайди. Биз бунга қатъий қарор қилганмиз. Боиси¸ биз унинг Швейцарияда танилиб қолинишини хоҳламаймиз. Бирор шахсни таъқиб қилиш учун асос бўладиган маълумотни ҳеч кимга бермаймиз.


Озодлик:
Гуантанамонинг ўзбекистонлик собиқ маҳбуси Швейцарияда нима билан шуғулланади?

Гидо Балмер: У қилиши керак бўлган энг биринчи иш маҳаллий тилни ўрганиш бўлади. Женевада асосан француз тилида гаплашилади. У ҳам француз тилини ўрганади.


Озодлик: Швейцария ҳукуматининг Гуантанамодаги юзлаб маҳбус орасидан айнан Ўзбекистон фуқаросига бошпана беришининг боиси нима?

Гидо Балмер: Швецария ҳукумати топшириғига кўра тузилган ишчи гуруҳи кўплаб тутқунлар ва уларга тегишли ҳужжатларни диққат билан ўрганиб, улар ишини пухта текширди. Ишчи гуруҳи ушбу шахслардан қайси бирининг Швейцария жамиятига интеграциялашиши мумкинлигини аниқлаши керак эди. Ва улар Ўзбекистон фуқаросини танлаш ҳақида қарор қабул қилди. Бу уларнинг қарори.

Озодлик: Ўзбекистон фуқароси Гуантанамо қамоқхонасида террорчиликка алоқадорликда гумонланиб сақланган. Эндиликда бу одам мазкур гумондан халос бўлди¸ дейиш мумкинми?

Гидо Балмер: Бу шахс бу каби гумонлардан мутлақо оқланган. Шуни таъкидлашимиз жоизки, унга қарши ҳеч қачон жиноий иш очилмаган ва у жавобгарликка тортилмаган. Швейцария ташқи ишлар ва хавфсизлик ташкилотлари тўплаган барча маълумотлар бу одамнинг жамоат хавфсизлигига таҳдид солмаслигини кўрсатган.

Озодлик: Гуантанамодан олиб келинган ўзбекистонлик собиқ маҳбус Швейцарияда қандай мақомда яшайди?

Гидо Балмер:
Швейцарияда унга махсус мақом берилган. Бошқа муҳожирлар каби унга гуманитар мақом берилган. У инсонпарварлик нуқтаи назардан мамлакатга олиб келинган шахс сифатида яшайди.

Озодлик: Ўзбекистонлик собиқ маҳбус интергация жараёнидан ўтганидан кейин унга Швейцария фуқаролиги бериладими ёки у гуманитар мақомда яшайверадими?

Гидо Балмер:
Биз бу ҳақда бирор гап айтишга вақт ҳали эрта деб ўйлаймиз.

Озодлик: Интеграция жараёнидан ўтганидан сўнг Гуантанамонинг ўзбекистонлик собиқ маҳбуси Швейцария фуқаролари каби озод ва эркин яшай оладими?

Гидо Балмер:
У ҳозирнинг ўзида эркин одам. У инсонпарварлик нуқтаи назаридан Швейцарияга келаётган барча муҳожирлар каби эркин инсон. У жамиятимизга интеграциялашиши, ўзига иш топиши учун тил ўрганиши керак. У ҳозирнинг ўзида эркин инсон, деди Швейцариянинг Адлия ва полиция федерал департаменти матбуот вакили Гидо Балмер Озодлик билан суҳбатда.

АҚШ президенти Барак Обама ўз президентлигининг илк кунида Гуантанамо қамоқхонасини бир йил ичида ёпиш ҳақидаги фармонга имзо чеккан эди. Бироқ айрим сабабларга кўра бу муҳлат номаълум муддатга кечиктирилди.

Гуантанамо қамоқхонасини танқид қилиб келган аксар Европа давлатлари Обаманинг бу режаси амалга ошишида ёрдам бериш учун собиқ маҳбусларга бошпана бермоқда. Швейцариядан олдин Ирландия ҳукумати Гуантанамо қамоғида сақланган икки нафар ўзбек маҳбусига бошпана берган.

Америкалик адвокат Майкл Монга кўра, Гуантанамода ҳаммаси бўлиб тўрт нафар ўзбекистонлик маҳбус сақланган.

Улар Ойбек Жабборов, Камолиддин Қосимбеков, Алишер Ҳамидуллаев ва Шоҳрух Ҳамидовлардир. Америкалик адвокатга кўра, улардан терроризм билан боғлиқ барча айблар олиб ташланган.
XS
SM
MD
LG