Линклар

Франция исломий ниқобни қисман тақиқламоқчи


Ҳозирда Франция кўча-кўйларида ниқобда юрган аëлларни кўп учратиш мумкин.

Ҳозирда Франция кўча-кўйларида ниқобда юрган аëлларни кўп учратиш мумкин.

Францияда таъсис этилган махсус комиссия мамлакат парламентига давлатга қарашли жойларда муслималарнинг юзини тўсиб турадиган ниқоб тақиб юришини тақиқлашни тавсия қилди.

Турли сиёсий партияларнинг 32 вакилидан тузилган махсус комиссиянинг парламентга тақдим этган ҳисоботи қарийб 200 саҳифадан иборат бўлиб¸ унда 18та тавсия, хусусан давлатга қарашли ҳамма жойларда, жумладан, мактаблар, касалхонал ва жамоат транспортида мусулмон аёлларнинг юзни тўсиб турадиган ниқобда юришини тақиқлаш кераклиги тавсия қилинган.

Дунёвий принциплар нуқтаи назаридан эркак ва аёл тенг ҳуқуққа эга экани таъкидланган ҳисоботда юзни тўлиқ тўсиб турадиган ниқобнинг “республика қадриятларига зид экани” билдирилган.

- Францияда тўлиқ ниқоб тақиш бизнинг республика принципларимизга зиддир. Бу аёл кишининг тобелиги тимсоли ва экстремизм ва фундаментализм байроғидир. Мақсад республика ҳудудида бундай амалиётни тўхтатишдан иборат, деди ҳисоботни парламентга тақдим қилган спикер Бернард Ахкойе.

Комиссия “радикал диний амалиёт” белгилари бўлган ҳар қандай шахсга Францияда доимий яшаш учун рухсат ва фуқаролик берилмаслигини хоҳламоқда.

Бироқ 26 январ куни эълон қилинган ҳисоботда кўча, хусусий жойлар ва савдо марказларида муслималар ниқоб тақиб юришини тақиқлаш ҳақида қонун қабул қилиш тавсия этилмаган.

Франция Европанинг мусулмонлар энг кўп яшайдиган давлати бўлиб, мамлакатда 5 миллиондан ошиқ мусулмон истиқомат қилади.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Францияда тахминан 1 минг 900 нафар муслима юзига ниқоб тақиб юради.

Июн ойида Франция президенти Николя Саркози ҳар қандай ниқоб тақиб юриш мамлакатда маъқулланмаслигини айтганидан кейин парламент комиссияси бу масалада текширув бошлаган эди.

Ўтказилган сўров натижалари аксар францияликлар муслималар юзни тўлиқ тўсиб турувчи ниқоб тақиб юришга қарши эканини кўрсатган.

Франциядаги айрим исломий гуруҳлар парламент комиссияси таклиф қилган тақиқни қўллаб-қувватламоқда. Уларга кўра, исломий уламолар шариат қонунларида аёллар юзини тўлиқ беркитиб юриши шарт эмас¸ деган фикрда.

Бошқалар эса муслималарга ниқоб тақиб юришни тақиқлаш диний эркинликка зид ва бу исломофобияга туртки бўлади демоқда.

Айни пайтда аксар мусулмон уламолари ниқоб ҳақидаги баҳслар боис айрим мусулмонлар ўзларини ҳукумат нишонига айланиб қолгандек ҳис қилишига сабаб бўлганидан шикоят қилган.

Франция мусулмонлари миллий федерацияси президенти Муҳаммад Беҳари ҳам бу фикрга қўшилади.

- Биз, Францияда бўладиган минтақавий сайловлар олдидан сайловчилар назарида бўлмаган айрим сиёсий гуруҳлар бу масалага сиёсий тус беришга уринаётганини кўраяпмиз, деди Муҳаммад Беҳари.

Махсус комиссия ўз ҳисоботида берган тавсияларни Франция парламенти инобатга оладими ёки йўқ буниси ҳозирча номаълум. Кўпчилик Францияда март ойига белгиланган сайлов ўтгунича бу масала очиқ қолади¸ деган фикрда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG