Линклар

Онаси қидирувда бўлган гўдак СПИДдан жон берди

  • Барно Анвар

Абдукаримовалар оиласида эркагу аëл ўз диний эътиқоди учун азият чекмоқда экан.

Абдукаримовалар оиласида эркагу аëл ўз диний эътиқоди учун азият чекмоқда экан.

Тошкентнинг Ўрикзор даҳасида яшаган 4 ёшли гўдак – Маҳмуджон куни кеча ОИТВ касалигидан оламдан ўтди. Боланинг яқинлари унга бу касалликнинг икки йил муқаддам Тошкент шаҳридаги 4- болалар юқумли касалликлар шифохонасида юқтирилгани ва бола охир-оқибат шу касалликдан ўлганини давъо қилмоқда.

Тошкент шаҳар Ўрикзор даҳасида яшайдиган Муқаддам Абдукаримованинг Озодлик радиосига айтишича, икки йилдан буён ОИТВ касаллигидан азоб чеккан 4 ёшли набирасининг ўлим қоғозида шифокорлар сепсис — қоннинг заҳарланиши, деган касалликни ўлим сабаби қилиб кўрсатишган.

Бундан ташқари оғир аҳволда касалхонага келтирилган гўдакни то ўлимига қадар ва ўлимидан сўнг ҳам яқинларига кўрсатишмаган.

- Болницага докторга олиб борсак¸ дарров кислородлар берган. Кейин ўша ерда оғирлашиб¸ шомларда жони узилган. Бола реанимацияда деб кўрсатмаган. Ўлим қоғозига сепсис деб ëзиб берибди¸ дейди Муқаддам Абдукаримова.

Муқаддам Абдукаримова ва 4 ёшли Маҳмуджоннинг дадаси Муҳаммад Абдукаримов болага ОИТВ касаллиги шаҳардаги 4- болалар юқумли шифохонасида юққани ва ҳаттоки, бу касаллик болага атайлаб юқтирилган бўлиши мумкинлигини даъво қилмоқда.

- 4-болалар юқумли шифохонасида ëтган. Ичи кетиб¸ шунақа нималар бўлган. Бу махсус юқтирилган. Бизларники намозхон оила. Хўжайиним қамалганлар. Ўшанга атайлаб бизни қўрқитиш учун қилган. Ўғлим дод-вой қилиб сиқувга олгандан кейин докторлар ҳам тан олган. Бизга буйруқ бўлган деб айтган¸ дейди Муқаддам Абдукаримова.

Абдукаримовлар оиласи сўнгги икки йил давомида болага шифо излаб, шаҳардаги касалхоналар орасида сарсон бўлди.

Маҳмуджон ўлимидан сўнг берилган бир парча қоғозда битилгани каби сепсис касаллигига эмас, балки ОИТВ га чалинган ва буни тасдиқлайдиган бир дунё ҳужжат бор, дер экан Муқаддам опа, икки ёшлигида тарвуз еб, ичи кетган болакайни шифохонадан ОИТВ юқтириб чиққанига масъул шифокорларга жазо талаб қилмоқда.

Абдукаримовлар оиласининг Озодликка шу мазмундаги мурожаати ортидан биз 4- болалар юқумли касалликлари шифохонасига мурожаат қилдик.

Шифохона бош врачи Мактуба Иноятова икки йил муқаддам Маҳмуд Абдукаримов исмли бемор бола уларнинг шифохонасида даволанганини тан олди. Аммо ОИТВ касаллиги болага бу шифохонада юқтирилганини қатъиян инкор қилди.

- Шифохонамизга келтирилган беморларнинг ҳар бирини¸ 480 буйруқ асосида¸ ота-онанинг рухсатини олган ҳолда ВИЧ инфекциясини текширишга масъулмиз. Кўзда тутилаëтган бемор ҳам бизнинг шифохонада ВИЧ инфекцияга олинган¸ текширилган ва мусбат натижа аниқланганлиги учун СПИД марказига юборилган¸ дейди Мактуба Иноятова.

Мактуба Иноятовага кўра, шифохона боланинг кейинги тақдиридан бехабар ва боланинг кейинги тақдирига ОИТС маркази масъулдир.

Аммо Рсепублика ОИТС марказидан бу борадаги мурожаатларга жавоб ололмадик. Айни пайтда Абдукаримовлар оиласи ҳам соппа-соғ гўдагига бу касаллик қаердан ва қандай юққани хусусида айни марказ ҳамда бошқа мутасадди идораларга қилган мурожаатлари жавобсиз қолаётганидан норози бўлмоқда.

Аслида 4 ёшли гўдакнинг ОИТВ касаллигидан нобуд бўлгани бу оиланинг ягона қайғуси эмас. Ҳали эътибор қилган бўлсангиз, Муқаддам Абдукаримова бу болага касаллик махсус юқтирилган, деган даъвони тилга олди.

Муқаддам опа бундай даъвони илгари суришига ўзи ва келини Гўзал Тўхтахўжаеванинг оиласи эътиқоди учун мунтазам таъқиб ва тазйиқда қолаётганини асос қилиб келтирмоқда.

Муқаддам опанинг сўзларига кўра, эндиликда марҳум набираси Маҳмуджон ўз онаси Гўзал Тўхтахўжаевани бир йилдан буён кўрмаган. Гўзал икки қариндоши — опаси Дилноза Тўхтахўжаева ва яна бир қариндоши Шаҳло Рустамова Ҳизбут-Таҳрирда айблаб, қамалганидан сўнг унинг ҳам ортидан бошланган таъқиблар боис уйидан қочиб кетган.

- Уч-тўрт кун милициялар бизларникига келди. Кейин “Онасини қамашимиз керак” деб келибди. “Бизларга информация тушди” деб айтишган. Бир йилдан бери менинг келиним уйда йўқ. Қочиб чиқиб кетган. Ўша куни уйларимизни тинтув қилишди. “Агар келинингни топиб бермасанг¸ ундоқ қиламиз¸ бундоқ қиламиз” деб қўрқитиб¸ ўғлимни ҳам ҳар доим чақириб туради¸ дейди Муқаддам Абдукаримова.

Тошкентлик Муқаддам Абдукаримова ва унинг қудаси оиласидан 2 аёл қамоқда, келини Гўзал эса қидирувда. Айни пайтда, бу икки оиладан 3 эркак киши қамоқда, яна бири – Муқаддам Абдукаримованинг аввал диний эътиқоди учун айбланиб, қамалиб чиққан турмуш ўртоғи ҳам қидирувда.

Муқаддам Абдукаримованинг опаси Мушарраф Исомованинг оиласидан ҳам икки киши қамоқда, яна икки кишининг қамоқдан жасади келган.

Бу оила аъзоларининг ҳаммаси Ҳизбут-Таҳрир гуруҳига аъзоликда айбланган, қамалган, оғир қийноқларни бошдан кечирган. Агар оила аъзолари қисматига оид ҳикоялар йиғилса, худди, 4 ёшли гўдак Маҳмуджонники каби жуда аянчли воқеалар тизими шаклланади.

Эътиқоди боис шундай азобларни бошдан кечирган Абдукаримовлар оиласи шу кунларда қочиб юрган икки яқини учун ҳам муттасил тазйиқ остида ва эндиликда Муқаддам Абдукаримова ўзининг 5 фарзанди ва яна бир набираси — Гўзалнинг тўнғич ўғли учун қайғурмоқда. У: “Бу болаларимга ҳам махсус равишда ОИТВ юқтирилса-чи”, деган хавотирда.

- Бу ëқда бешта болам бор. Ўзи болаларим бешта. Олти ëшга кирган неварам бор. Хавотирдаман. Қўрқаман. Эртага у ҳам докторга боради¸ бошқа қилади. Маҳаллага милициялар чиқариб “Биламиз болангнинг касаллигини. Бу сенларга атайлаб қилинаëтган нарса” деб масхара қилиб¸ “Ҳаммангни энди йўқ қиламиз. Оилавий қилиб юқтирамиз” деган¸ дейди Муқаддам Абдукаримова.

Тошкентлик Муқаддам Абдукаримова Ўзбекистонда диндорларга шаклланган бугунги муносабатдан ҳафсаласи пир бўлгани боис энди ҳимояни мамлакат ташқарисидан қидирмоқда.

Озодликка мурожаат қилар экан, “Бизнинг арзимизни бизни ҳимоя қилишга қодир одамларга эшиттиринг”, дея ўтинди ва суҳбат сўнггида бир йил онасига зор бўлиб, тўшакка михланиб ўтган набирасини яна эсга олди.

- Онага зор бўлиб ўтиб кетди. Кўзи очиқ кетди бечора боламнинг. Шундай дунëга тўймаган кўзлари. Дадасининг қўлини ушлаяптида энди. “Ойи¸ ойи” дейди бечора. Бу ерда умуман инсон ҳуқуқларини поймол қилишда тўғрими? Келинимга енгиллик қиладиган нимадир борми ëки бизнинг ëнимизни оладиган кимдир борми¸ дейди Муқаддам Абдукаримова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG