Линклар

Икки Корея ўртасидаги кескинлик яна кучайди


Ҳозирда иккала Корея ҳарбий-денгиз кучлари жанговор ҳозирлик ҳолатига келтирилган.

Ҳозирда иккала Корея ҳарбий-денгиз кучлари жанговор ҳозирлик ҳолатига келтирилган.

Шимолий ва Жанубий Корея қўшинлари 27 январ куни икки давлат чегарасидаги баҳсли ҳудудда бир бирига қарата огоҳлантирув ўқи уздилар.

“Ёнхап” агентлиги тарқатган хабарга кўра, Шимолий Корея денгиз кучлари 27 январ куни ҳеч қандай огоҳлантиришсиз замбараклардан жануб томонга қарата бир неча бор ўт очган. Бунга жавобан Жанубий Корея кучлари ҳам шимол томонга қарата ўт очганлар.

Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги матбуот вакили Вон Та-жаи қўшни давлат ҳаракатларини кескин қоралаб, Пхеньянни минтақадаги вазиятни кескинлаштираётганликда айблади.

-Шимолий Кореянинг бу каби ноқонуний ҳаракатлари натижасида минтақадаги вазият кескинлашмоқда ва биз бундан жиддий хавотирдамиз. Биз уларни бу каби ноқонуний ҳаракатларни зудлик билан тхтатишга чақирамиз, деди Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги матбуот вакили.

Жануб расмийларининг ушбу баёнотидан ҳеч қанча вақт ўтмай Шимолий Корея ахборот агентликлари денгизда ҳарбий машғулотлар ўтказила бошлангани ва машғулотлар чоғида замбараклар синовдан ўтказилгани ҳусусида баёнот тарқатдилар.

- Чоршанба куни Корея халқ армияси Кореянинг ғарбий сувларида ҳар йили ўтказиладиган ҳарбий машқлар доирасида замбараклардан ўт очди. Шимолий Корея сувларида олдиндан режалаб ўтказилаётган ушбу машғулотларга ҳеч ким эътироз билдира олмайди, деди Шимолий Корея телевидениеси суҳандони.

Айтилишича, замбараклардан отилган ўқларнинг барчаси денгизга тушган. Ушбу воқеада ҳар иккала тарафдан ҳеч кимга тан жароҳати ва кемаларга шикаст етказилмагани хабар қилинди.

Айни пайтда Жанубий Кореянинг Бирлаштириш масалалари бўйича вазирлиги матбуот вакили Шимолий Корея расмийлари яқинда Сариқ денгизидаги ғарбий ҳудудни ёпиқ зона деб эълон қилганини айтади.

-25 январдан 29 мартга қадар Шимолий Корея томони денгизнинг ғарбий қисмини ёпиқ зона деб эълон қилди. Ҳукуматимиз Шимолий Корея армияси ҳаракатларини синчковлик билан кузатиб бормоқда, деди Жанубий Корея расмийси.

Кузатувчилар фикрича, денгизнинг ёпиқ зона деб эълон қилишини расмий Пхеньяннинг ушбу минтақада ракета синови ёки кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтказиши мумкинлигидан даракдир.

Мазкур ҳудудда икки давлат қўшинлари ўртасида ўтмишда ҳам бундай ҳолатлар кузатилган. Ўтган йилнинг ноябр ойида Шимолий ва Жанубий Корея ҳарбийлари ўртасида рўй берган отишмада шимоллик ҳарбий нобуд бўлган.

Айни пайтда Жанубий Корея президенти ёрдамчиси Чунг Чунг-кил мазкур воқеани муҳокама қилиш мақсадида Сеулда фавқулодда йиғин ўтказди. Мамлакат президенти Ли Мён Бак эса шу кунларда Ҳиндистон сафарини давом эттирмоқда.
XS
SM
MD
LG