Линклар

Тожикистонда айрим диний ташкилотлар фаолияти таъқиқланди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Маданият вазирлигининг диний ташкилотларни қайдга олиш бўлими масъули Саидбек Маҳмадуллоев мамлакатда турли диний оқимларни тамсил этувчи ўнга яқин ташкилот фаолияти ноқонуний деб топилганини айтади.

Тожикистон Маданият вазирлигининг диний ташкилотларни қайдга олиш бўлими масъули Саидбек Маҳмадуллоев мамлакатда турли диний оқимларни тамсил этувчи ўнга яқин ташкилот фаолияти ноқонуний деб топилганини айтади.

Тожикистонда тўққизта диний ташкилот ноқонуний деб топилди ва улар фаолияти мамлакат ҳудудида расман таъқиқланди. Бу борада Тожикистон Маданият вазирлиги вакиллари маълумот тарқатди.

Тожикистон ҳудудида фаолияти расман тўхтатилган диний ташкилотлар орасида яҳудийлар диний жамоаси, насронийлар ”Лиахона” ҳамда” Халқаро ибодатхона” черковлари ва яна иккита диний маркази, баптистларга тегишли тўртта диний муассаса ҳам бор.

Мамлакат Маданият вазирлиги масъулларига кўра, бу диний ташкилотлар 2010 йил давлат қайдидан ўтиш учун сўралган ҳужжатларни вазирликка тақдим этишдан бош тортган.

Вазирликнинг диний ташкилотларни қайдга олиш бўлим масъули Саидбек Маҳмадуллоев бу ташкилотлар қайта давлат қайдидан ўтиш учун зарур бўлган ҳужжатларни нима учун тақдим этмаганларидан хабарсизлигини маълум қилиш баробарида, 2010 йил бу ташкилотлар фаолияти республика ҳудудида ноқонуний, деб топилганини айтди.

- Бу борада аллақачон вазирлигимиз кенгашининг қарори чиқди. Кенгаш қарорига биноан давлат қайдидан ўтмаган мана шу тўққизта диний ташкилотнинг гувоҳномаси бундан сўнг яроқсиз саналади. Улар 2010 йилда республика ҳудудида фаолият қилиш ҳуқуқига эга эмаслар, дер экан Маданият вазирлиги расмийси Маҳмадуллоев кенгаш қарорининг нусхаси мазкур тўққиз диний ташкилотга юборилганини билдирди.

Шу тариқа Тожикистон Маданият вазирлиги қарори ортидан бу мамлакатдаги тўққизта ғайриисломий диний ташкилот эшиклари ибодат қилувчилар учун ёпиб қўйилди.

Тожикистондаги яҳудийлар жамоаси масъули Михаил Абдураҳмонов ўз ташкилотининг қайдга олинишидаги муаммони ўзлари эмас, балки давлат идораларидаги бюрократизм яратаётганини айтади.

У 2009 йил Тожикистон президентининг қайининиси, “Ориёнбанк” раиси Ҳасан Саъдуллоев яҳудийлар жамоасига совға қилган бино ҳозиргача ҳукумат тегишли идоралари томонидан расмийлаштирилмаганини ва ҳамма муаммо шунда эканини айтди.
- Ҳозир яна бир нечта ҳал қилинмаётган масалалар бор. Бу масалалар қандай ҳал қилинишига қараб иш қиламиз. Ҳозир олдиндан бир нарса дея олмайман, деди яҳудийлар жамоаси раҳбари Абдураҳмонов.

Унинг гапига қараганда, яҳудийлар ибодатхонасига тахминан икки юздан ортиқ киши қатнайди. Уларнинг аксариятини Бухоро яҳудийлари, хорижий мамлакатларнинг Тожикистондаги элчихонаси ходимлари ташкил қилар экан.

Шу ўринда эслатиб ўтсак, Тожикистонда диний ташкилотларни қайта рўйхатга олиш тадбири бу мамлакатда янги қабул қилинган “Дин ва эътиқод эркинлиги тўғрисида”ги қонун доирасида 2009 йил июлида бошланиб, декабр ойи охирида ниҳоясига етган эди.

Сўнгги тўрт йил мобайнида катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлган бу қонун айрим халқаро ташкилотлар томонидан “диний эркинликларни чекловчи қонун” дея баҳоланди.

Айни пайтда Тожикистонда 72 та ғайриисломий ташкилот расман қайдга олинган. Ўтган йили улар сони 81 та, бундан икки йил аввал эса 84 та эди.

Аснода мустақил таҳлилчилар расмий қайдда бўлган диний ташкилотларни қайтадан қайдга олиш ва турли баҳоналар билан улар фаолиятини чеклаш халқаро меъёрларга зид эканини уқтиришмоқда.

Айни пайтда, диний масалалар бўйича мустақил таҳлилчи Сайидаҳмади Қаландар фикрича, тожик жамиятида янги пайдо бўлаётган диний оқимлар давлатни барча диний ташкилотлар устидан назоратни кучайтиришга мажбур қилмоқда.

- Сўнгги икки-уч йил ичида бизнинг динимиз, мазҳабимиз, урф-одатларимизга бегона бўлган оқимлар, ақидалар жамиятимизга кириб кела бошлади. Бу ёт ақидалар бир кун келиб мамлакатимиздаги барқарорликни издан чиқариши мумкинлигига оид тахминлар ҳукуматни бефарқ қолдирмади. Менимча, давлат бу “бегона”ларни жамиятимиздан йироқлаштириш мақсадида ҳам шундай йўл тутишга мажбур бўлаяпти, десам хато бўлмас, дейди мустақил таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG