Линклар

Обама: АҚШ қўшинлари Ироқни тарк этади


АҚШ президенти Барак Обама Ироқдаги уруш ниҳоясига етаётгани ва АҚШнинг у ердаги барча аскари яқин келажакда ўз ватанига қайта бошлашини маълум қилди.

АҚШ Конгресси олдида “Мамлакатдаги аҳвол тўғрисида" йиллик ҳисобот билан чиқиш қилган Обама мамлакат қўшинлари режага мувофиқ август ойи якунига қадар Ироқдан олиб чиқарилишини билдирди.

Оқ уй раҳбари Ироқ ҳукуматини қўллаб-қувватлашда давом этиши ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорлик равнақ топиши йўлида ироқликлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга ваъда берди.

- Ал-Қоидага қарши кураш олиб бориш баробарида, биз Ироқни маъсулият билан ўз халқига қолдирамиз. Президентликка номзод сифатида Ироқдаги урушни тугатишга ваъда берганман ва президент сифатида бу ишни амалга ошириб келмоқдаман. Август ойи якунига қадар Ироқдаги жанговар қўшинларимизнинг барчасини ортга қайтарамиз. У ерда сайловлар ўтказилар экан, биз Ироқ ҳукуматини қўллаб-қувватлаймиз ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликни тарғиб қилишда биз Ироқ халқи билан ҳамкорликни давом эттирамиз, деди Барак Обама.

Обама ўз нутқининг Афғонистонга оид қисмида олдинда жуда қийин кунлар тургани, лекин АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция муваффақият қозонишига ишончи комил экани таъкидлади. АҚШ президенти, шунингдек, Афғонистонга қўшимча ҳарбий куч юбориш режасига содиқ қолажагини таъкидлади.

Оқ уй раҳбари ўз мурожаати давомида Шимолий Корея ва Эроннинг мунозарали ядровий дастурларига ҳам тўхталди. Обама, Пхеньян ва Теҳрон етакчилари ўз зиммаларидаги халқаро мажбуриятларга нисбатан беписандлик билан муносабатда бўлишда давом этса, бунинг "оқибатлари жиддий” бўлишидан огоҳлантирди.

Президент Обама ўз мурожаатининг асосий қисмини АҚШ иқтисодини жонлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш ҳамда Америкага қарши эҳтимолий террор ҳужумларининг олдини олиш каби масалаларга бағишлади.
XS
SM
MD
LG