Линклар

Украина парламенти ички ишлар вазирини ишдан бўшатди


Украина парламенти мамлакат ички ишлар вазири Юрий Люценкони истеъфога чиқарди.

Люценкони истеъфога чиқариш тўғрисидаги қарорни нафақат мухолифатдаги партиялар, балки ҳукмрон коалицияга аъзо бўлган Владимир Литвин блоки ҳам қўллаб-қувватлади.

Бош вазир Юлия Тимошенконинг яқин ҳамкорларидан бири ҳисобланган Юрий Люценко милицияни сайловолди кампаниясига жалб қилганликда айбланмоқда.

Бунга ҳуқуқ-тартибот ходимларининг 7 феврал куни бўлиб ўтадиган иккинчи давра президент сайлови учун сайлов варақаларини чоп қиладиган босмахона раҳбариятини ўзгартиришга бўлган уриниши сабаб бўлди.

Президентликка номзод Виктор Янукович тарафдорлари хавфсизлик кучларининг босмахонага киришига йўл қўймади. Мухолифатчилар фикрича, президентликка даъвогарлик қилаётган Юлия Тимошенко овозларни сохталаштириш мақсадида босмахонада қўшимча сайлов варақаларини чоп қилишни режалаган.

Айни пайтда мазкур босмахона Украина ҳарбий бўлинмалари томонидан қўриқланмоқда.

7 феврал куни ўтказиладиган президент сайловининг иккинчи даврасида амалдаги бош вазир Юлия Тимошенко ва мухолифат етакчиси Виктор Янукович ўзаро куч синашади.
XS
SM
MD
LG