Линклар

Лондонда Афғонистон масаласи муҳокама қилинаяпти


Лондонда ўтаётган анжуманда 70дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этмоқда.

Лондонда ўтаётган анжуманда 70дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этмоқда.

Лондонда Афғонистонга бағишланган йирик халқаро анжуман иш бошлади. Унда Афғонистон хавфсизлигини назорат қилиш масъулиятини ҳукумат кучлари зиммасига юклаш ва зўравонликлардан воз кечган Толибон жангарилари билан музокаралар бошлаш режаси ишлаб чиқилмоқчи.

Афғонистон келажаги учун янги йўналишларни белгилаб беришни мақсад қилган халқаро анжуман 28 декабр куни Лондонда ўз ишини бошлади.

Буюк Британия, Афғонистон ва БМТ ташаббуси билан ўтказилаётган анжуман ишида 70дан зиёд давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

Анжуманнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган Буюк Британия Бош вазири Гордон Браун хавфсизлик назоратини афғон қўшинлари зиммасига юклаш жараёни яқин келажакда бошланиши мумкинлигини маълум қилди.

- Ушбу анжуман ўтиш даври бошланганини англатади. Зарур шарт-шароитларни мувофиқлаштирган ҳолда туман ва вилоятлардан бошлаб хавфсизлик назоратини халқаро кучлардан Афғонистон хавфсизлик кучлари ва афғон халқи зиммасига юклашни бошлашимиз мумкин,-деди Гордон Браун.

Буюк Британия Бош вазирига кўра, афғон ва халқаро кучлар қудратини ошириш билан бирга 2011 йилнинг октябр ойига бориб Афғонистон армияси сонини 171.600 киши ва полиция ходимлари сонини 134 минг кишига етказиш режаланмоқда.

Браун, шунингдек, зўравонликлардан воз кечган жангариларга молиявий кўмак кўрсатувчи махсус жамғарма ташкил этилишини маълум қилди.

- Жамиятга қайтишни истамаган жангарилар эса ҳарбий томонидан таъқиб қилинади, - дея қўшимча қилди Гордон Браун.

- Бугун Ал-Қоидага йўллаётган муждамиз аниқ бўлиши шарт. Ҳудди шундай муждани асл Ислом динини бузуқ қилиб кўрсатадиган зўравон ва экстремистик руҳдаги ғоя тарафдорларига йўллашимиз шарт. Биз сизларни мағлуб қиламиз. Биз сизларни нафақат жанг майдонида, балки жаҳон аҳли, ҳусусан, Афғонистон халқи шуури ва қалбида ҳам енгамиз,-деди Гордон Браун.

Анжуманда чиқиш қилган Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ўз ҳукумати Миллий ярашув кенгаши тузишини билдириб, "Афғон халқи зўравонликлардан воз кечган ва тинч ҳаёт кечиришни истаган ватандошларимизни қўллаб-қувватлаши лозим", дея таъкидлади.

Ўз маърузасида Ҳамид Карзай Саудия Арабистони қироли Абдуллоҳни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш уринишларда муҳим рол ўйнашга чақирди.

Карзай, шунингдек, қўшни давлатлар, жумладан, Покистонни Афғонистондаги осойишта ҳаёт ўрнатиш уринишларини қўллаб-қувватлашга ундади.

- Биз ўз ватандошларимиз, жумладан, Ал-Қоида ёки бошқа террор тармоғига аъзо бўлмаган ҳамда Афғонистон Конституциясига риоя қиладиган оға-иниларимизни қўллаб-қувватлашимиз зарур, - деди Ҳамид Карзай.

Афғонистон раҳбари, шунингдек, ҳукумат бошқарувини яхшилаш ҳамда ҳукумат даражасидаги коррупцияга қарши курашга оид ўз режасини тақдим қилди.

-Президентлик давримда бор эътиборни коррупцияга қарши кураш масаласига қаратаман. Ҳукуматим барча имкониятларни ишга солган ҳолда коррупцияга қарши кураш, жумладан, коррупцияга аралашган ва уни рағбатлантираётган барча шахсларни жазолаш каби мажбуриятларга содиқ қолади,- деди Афғонистон президенти.
XS
SM
MD
LG