Линклар

"Эзгулик": Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти оғирлашди

  • Садриддин Ашур

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Васила Иноятова.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Васила Иноятова.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мамлакатда 2009 йилдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига доир йиллик ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботга кўра, деярли ҳар бир соҳада одамларнинг фуқаролик ва сиёсий ҳақ-ҳуқуқлари камситиляпти, диний эркинликлар топталяпти, қамоқхоналарда қийноқлар давом этяпти.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятованинг айтишича, гарчи Ўзбекистон ҳукумати халқаро саҳналарда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари масаласи яхшиланаётганини тинмай эътироф этиб келаётган бўлса ҳам, аслида сўнгги бир йилда инсон ҳуқуқлари бўйича вазият анча оғирлашди.

- Оғирлашганлиги, бу айнан фуқароларнинг ҳуқуқлари давлат идоралари томонидан. Мен айтмоқчиманки¸ давлат идораларида ҳамма бир хил эмас¸ инсофли¸ қонунларни тан оладиган¸ бўйсунадиган жуда ажойиб инсонлар бор. Лекин мана шу инсонларнинг орқасида жиноятни содир қилишдан ҳазар қилмайдиган¸ ҳаромдан ҳазар қимайдиган¸ мана шунинг орқасидан кун кўриб¸ ўзининг келажагини кўраëтган мансабдор шахслар борки¸ булар ҳақида гапирмасдан иложимиз йўқ. 2009 йилдаги ҳисоботимизнинг 80 фоизи айнан мана шунақа қонунбузарларнинг қурбонларининг берган шикоятларига асосланган¸ - дейди Васила Иноятова.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган ва расмий рўйхатдан ўтган ташкилотлар 3000 дан ортиқ, бироқ уларнинг бирортаси ҳам чин маънода бундай фаолият билан шуғулланмайди.

- 3000 дан ортиқ ташкилотлардан ҳали мен ўртага чиқиб “Бунақа қонунбузарчилик бўлаяпти. Бизга шундай арзлар тушаяпти. Аëллар ҳуқулари бузилаяпти. Болалар бундай бўлаяпти”, дейдиган бир ҳисоботни¸ чиқишларини кўрмадим. Кўришни¸ мана шундай ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишни истардим. Ҳозир жуда ҳам ëлғизлик қилаяпмиз.

Ўтган йил мана шу ташкилотлар ўртасида бирлашиш¸ баъзи бир йўналишлар бўйича бирга ҳаракат қилишни таклиф қилиб чиққан эдим. Баъзи бир ташкилотлар қўшилгандай бўлган эди. Лекин Ўзбекистондан кетган баъзи бир бизнинг вакилларимиз буни қора рангда қабул қилишди. Ҳозир шундай аҳволки¸ мана бу ҳисоботимизда кўтарилган масалалар бўйича бошимизни силашаëтгани йўқ. Бизга нисбатан судлар уюштирилган¸ - дейди Васила Иноятова.

“Эзгулик” жамияти инсон ҳуқуқлари бўйича ўз ҳисоботида ўтган йили нурчиликда айбланиб қамалганлар хусусида, диний эркинликларнинг поймол қилиниши, болалар меҳнатининг оғир шаклларда давом этаётганлиги, милициянинг зўравонлиги ва бошқа инсон ҳақлари бузилиши ҳақида маълумот беради.

Бироқ Ўзбекистонда расмий рўйхатга олинмаган инсон ҳуқуқи ташкилотларининг вакиллари ва баъзи собиқ эзгуликчилар “Эзгулик” жамиятини ҳукумат билан келишиб ишлайдиган ташкилот сифатида кўришини айтадилар.

Жамият раҳбари Васила Иноятова бундай иддаоларни асоссиз деб ҳисоблаб, “Эзгулик” ҳеч қачон икки томонлама ўйин олиб бормаслигини ва ҳукумат ташкилотлари билан келишиб ишламасликларини таъкидлайди.

- Мен бу нарсанинг бўлишини нормал деб биламан. Ҳар бир одам ўз фикрини беришга¸ танқид қилишга ҳақли. Лекин яна битта ташкилот мана шундай фаолият кўрсатганда¸ бу ростдан ҳам рангли инқилоб бўлган бўлар эди. Мен шунақа деб биламан.

Келишиш масаласида. Биз ҳеч қачон ҳеч ким билан келишмаймиз. Ҳеч қачон. Лекин биз конструктив диалог олиб борамиз. Яъни биз рўйхатдан ўтганмиз¸ биз ҳисоботлар берамиз. Чунки бизнинг фаолиятимиз очиқ. Яширин фаолиятимиз йўқ. Бунинг устига бизга мурожаат қилган фуқароларнинг шикояти билан биз Америка ҳукумати ëки Европа давлатига эмас¸ ана шу Ўзбекистон прокуратурасига¸ МХХ га ва бошқа давлат органларига мурожаат қилишга мажбурмиз.

Бу келишиш эмас. Бу бизнинг фаолиятимиз¸ бизнинг ишимиз. Биз улардан қонунбузарликни четга суришни талаб қиламиз. Ҳеч қачон илтимос қилмаймиз. Чунки бизнинг тили қисиқ жойимиз йўқ¸ қўрқадиган жойимиз йўқ. Ошимиз ҳалол¸ кўчанинг ўртасида ичамиз¸- дейди Васила Иноятова.

Васила Иноятовага кўра, бугунги кунда Ўзбекистон қамоқхоналарида жуда кўплаб эзгуликчилар ва бошқа инсон ҳуқуқи ҳимоячилари қолмоқда. Эзгулик жамияти қамоқдаги инсон ҳуқуқи ҳимоячилари жиноят ишларини муҳокама қилиш учун БМТ қўмиталарига мурожаат қилинганини айтади.

- Биз нафақат ўзимизнинг ташкилотга тегишли бўлганларни, балки бошқа ташкилотга тегишли бўлганларни ҳам ҳимоя қилишга доим чоғланганмиз¸ доим ҳаракат қилганмиз. Айтиб ўтишим керакки¸ мана бу йилдан бошлаб биз еттита инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг таҳлилий¸ юридик асосга эга бўлган ҳужжатларини тайëрладик. Булар Норбой Холжигитов¸ Алишер Кароматов¸ Расул Худойназаров¸ Солижон Абдураҳмонов¸ Аъзам Турғунов ва Юсуф Жума. Мана шуларниг ҳужжатларини олиб, ҳозир биз БМТнинг қийноқлар ва инсон ҳуқуқлари қўмитасига тайëрладик¸ - дейди Васила Иноятова.
XS
SM
MD
LG