Линклар

Лондонда Афғонистон масаласи муҳокама қилинмоқда


Жаҳоннинг қудратли давлатлари вакиллари Лондонда Афғонистон масаласини муҳокама қилмоқдалар.

Афғонистон масаласига бағишлаб бугун Лондонда иш бошлаган йирик анжуманда чиқиш қилган Ҳамид Карзай “Афғон халқи зўравонликлардан воз кечган ва тинч ҳаёт кечиришни истаган ватандошларимизни қўллаб-қувватлаши лозим”, дея таъкидлади.

- Биз ўз ватандошларимиз, жумладан, Ал-Қоида ёки бошқа террор тармоғига аъзо бўлмаган ҳамда Афғонистон Конституциясига риоя қиладиган оға-иниларимизни қўллаб-қувватлашимиз зарур, - деди Ҳамид Карзай.

Афғонистон президенти Саудия Арабистони қироли Абдуллоҳни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш уринишларида муҳим рол ўйнашга чақирди.

Карзай, шунингдек, қўшни давлатлар, жумладан, Покистонни Афғонистондаги осойишта ҳаёт ўрнатиш уринишларини қўллаб-қувватлашга ундади.

Анжуман очилишида чиқиш қилган Буюк Британия Бош вазири Гордон Браун зўравонликлардан воз кечган Толибон жангариларини иш ва маблағ билан таъминлашга оид Ҳамид Карзай режасини олқишлади.

Гордон Браун, шунингдек, халқаро кучлар жорий йилдан бошлаб Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш вазифасини афғон қўшинлари зиммасига юклаши мумкинлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG